ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРГА ТАЙЁРГАРЛИК СИНОВДАН ЎТДИ

Арнасой туманида “Бошқарув органлари, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими ҳудудий ҳамда функционал қуйи тизимларининг аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлари” мавзусида қўмондонлик-штаб ўқув машқи ўтказилди.

Туман ҳокимлигида ФВДТ таркибига кирувчи хизматлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда машқларнинг мақсад ва вазифалари, асосий ғояси ҳамда амалга ошириладиган тадбирлар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ўқув машқининг биринчи кунида асосан ташкилий ишлар, куч ва воситаларни шай ҳолатга келтириш, бошқарув органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиришга қаратилган тадбирлар амалга оширилди.

Иккинчи кун доирасида ўқув машқлари янада кенг қамровда ташкил этилиб, бир нечта йўналишларда амалий тадбирлар ўтказилди. Хусусан, мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактаби ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилотида “Фуқаро муҳофазаси куни” тадбирлари юқори савияда ташкил этилди.

Мазкур тадбирлар доирасида ўқувчи ва тарбияланувчиларга фавқулодда вазиятларда ўзини тутиш қоидалари, эвакуация тартиби, ёнғин хавфсизлиги, зилзила вақтида тўғри ҳаракат қилиш бўйича тушунчалар берилди. Болалар иштирокида амалий эвакуация машқлари ўтказилиб, хавфсиз ҳудудга чиқиш йўлаклари ва йиғилиш жойлари кўрсатиб берилди. Шунингдек, “Фавқулодда вазиятлар болалар нигоҳида” мавзусида викторина, савол-жавоблар ва кўргазмали саҳна кўринишлари ташкил этилди. Ўқувчилар томонидан тайёрланган расмлар, ижодий ишлар ва саҳна чиқишларида фавқулодда ҳолатларда бир-бирига ёрдам бериш, ваҳимага берилмаслик ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ғоялари тарғиб этилди.

Туман сув таъминоти бўлими томонидан зилзила натижасида сув таъминотида содир бўлган аварияларни бартараф этиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, кучли таъсир этувчи заҳарли моддалар тўкилиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатлар намойиш этилди. Шунингдек, ўқув машқлари доирасида тумандаги ўндан зиёд корхона, муассаса ва ташкилотларда аҳоли ҳамда ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга қаратилган амалий тадбирлар ташкил этилди. Уларда зилзила, ёнғин, авария ва бошқа техноген тусдаги фавқулодда ҳолатлар юзага келганда ҳаракат қилиш тартиби, эвакуация чоралари ҳамда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича амалий кўникмалар мустаҳкамланди.

Қўмондонлик-штаб ўқув машғулотининг якунида туман ҳокимлигида йиғилиш ўтказилиб, эришилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар айтиб ўтилди. Ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашган хизматлар раҳбарларига туман ҳокими ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *