Медиа ҳафталик сабоқлари
Яқин йилларгача ижтимоий тармоқлар ўқувчиларни “ўғирлаяпти”, одамларни мутолаадан чалғитяпти, деган фикрда эдим. Аммо ахборот оқими тобора шиддатлашаётган бугунги кунда муаммо анча чуқурроқ эканини англай бошладим. Гап фақат ижтимоий тармоқларда эмас. Инсонлар шунчалик кўп маълумот ичида яшаяптики, ортиқча вақт ва диққат талаб қилувчи ахборотни истеъмол қилишга улгурмай қолмоқда.
Бундан ўттиз-қирқ йил аввал газета жамиятнинг энг таъсирчан минбарларидан бири ҳисобланарди. Эрталабки чой устида газетани варақлаш одат, унда чоп этилган мақола эса жамоатчилик фикрини шакллантирувчи муҳим омил эди. Бугун эса аудиториянинг эҳтиёжи ҳам, ахборот қабул қилиш маданияти ҳам ўзгарди. Энди ҳафтада бир марта ўқувчи қўлига етиб борувчи нашр аввалги таъсир кучини сақлаб қолиши қийинлашмоқда.
Вилоятимизда бўлиб ўтган медиа ҳафталикда айнан шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Замон талабидаги газетчилик қандай бўлиши кераклиги, таҳририятлар бугун қандай муаммоларга дуч келаётгани муҳокама марказида бўлди. Экспертлар кўплаб ҳудудларда таҳририятлар ҳали ҳам ўтган аср анъаналари асосида ишлаётганини танқид қилди.
– Эски услуб газеталарнинг ўз ўқувчисини йўқотишига, ёш аудиториянинг анъанавий матбуотдан узоқлашишига ва таҳририятлар таъсир доирасининг қисқаришига сабаб бўлмоқда, – дейди ЎзА мухбири Икром Аввалбоев. – Бу жараён кўп ҳолларда интернет ёки ижтимоий тармоқлар билан эмас, журналистиканинг ўзидаги муаммолар билан боғлиқ. Ўқувчи йўқолгани йўқ, у бошқа манзилга кўчди.
Ҳақиқатдан ҳам, газеталар инқирози ҳақида сўз кетганда айб асосан интернетга юкланаётгани кузатилади. Гўё рақамли технологиялар пайдо бўлгани учун босма матбуот аҳамиятини йўқотаётгандек. Аслида эса бугунги ўқувчи оддий ахборотдан кўра таҳлил, сабаб ва оқибатларни тушунтирувчи материалларга эҳтиёж сезмоқда. У “Нега?”, “Қандай қилиб?” ва “Бу менинг ҳаётимга қандай таъсир қилади?” деган саволларга жавоб излаяпти.
Бироқ айрим таҳририятларда ҳануз тадбирбозлик, ҳисоботбозлик ва расмий ахборотларни қайта баён қилиш журналистиканинг асосий вазифаси сифатида қабул қилинмоқда. Сарлавҳаларнинг қолиплашгани, материалларнинг ҳаётдан узоқлиги эса ўқувчининг қизиқишини янада сусайтиради. Интернет даврида янгиликнинг ўзи етарли эмас. Уни чуқур таҳлил қилиш, муаммонинг илдизига етиш ва ечимлар таклиф қилиш талаб этилмоқда.
Экспертлар босма нашрлардаги яна бир муаммо — тезкорлик етишмаслигини ҳам таъкидлашди. Газетада эълон қилиниши керак бўлган хабар ўқувчи қўлига етиб боргунча, ижтимоий тармоқлар орқали аллақачон кенг оммага тарқаб бўлади. Энди газеталар бу ҳолатга қарши ўз афзаллиги сифатида таҳлил ва батафсил маълумотни кўрсата олмайди. Бугун рақамли платформалар инфографика, видео ва мультимедиа воситалари орқали катта ҳажмдаги маълумотни қисқа вақт ичида етказиб бериш имконига эга бўлди.
Ўқув жараёнларидаги суҳбатларда яна бир эскича қараш – муаллифнинг қайсидир янгилик ҳақидаги хабарни газетага топшириш билан чекланиши мунозараларга сабаб бўлди.Яна ўша гап – босма нашр ўқувчисига етиб боргунича ўқувчи ижтимоий тармоқлар орқали у янгиликдан хабардор бўлиб улгуради. Нашрдаги мақола қанчалар мукаммал ва қизиқарли бўлмасин ўқувчи учун аҳамиятли бўлмайди. Ҳа, бугунги шароит таҳририятлардан мутлақо янги ёндашувни талаб қилмоқда. Ҳозирда фақат сифатли мақола тайёрлашнинг ўзи кифоя эмас. Тезкорлик, креативлик ва рақамли муҳитга мослашиш зарур.
Бу борада газета ижтимоий тармоқларни рақиб эмас, ҳамкор сифатида қабул қилиши лозим. Замонавий таҳририят аввал хабарни ўзининг Telegram, Facebook, Instagram ёки бошқа платформалардаги саҳифалари орқали тезкор етказиши, кейин эса унинг таҳлили ва кенгроқ талқинини босма нашрда тақдим этиши мақсадга мувофиқ бўлади. Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, рақамли платформалар ва анъанавий матбуот бир-бирини инкор этмайди, аксинча тўлдиради.. Интеграция рақобатлашувдан кўра самаралироқ.
Газетачиликдаги муаммолар бу билан тугамайди. Анча илгари бошланган босма нашрлар инқирози муаммони янада чуқурлаштиради.
– Жиззах журналистикаси олдида долзарб масалалар борки, уни ҳал қилиш учун соҳа вакиллари биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур. Сир эмас, кейинги йилларда бир қатор туман газеталарининг фаолияти тўхтади ёки иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолди. Натижада кўплаб тажрибали журналистлар ўз мутахассислиги бўйича ишлаш имкониятини йўқотмоқда, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Жиззах вилояти бўлими раиси вазифасини бажарувчи Абдужалол Қаюмов. – Шундай экан, вилоятлардаги ишсиз журналистларни қўллаб-қувватлаш ва уларни янги медиа лойиҳаларга жалб этиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиш лозим. Ҳудудий босма нашрларни сақлаб қолиш ва уларнинг рақамли платформаларга ўтишини қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтириш даркор.
Биз муаммоларни бир кунда ҳал қила олмаймиз. Лекин уларни очиқ тан олиб, биргаликда ҳаракат қилсак, Жиззах журналистикасининг нуфузи ва салоҳиятини янада оширишимиз мумкин.
Бугун ўқувчи ахборотни қаердан олишни ўзи танлайди. Агар газета унинг ўзи келиб топишини кутиб ўтирса, аудиторияни бой беради. Агар ўқувчи бор жойга борса, унинг эҳтиёжига мос форматларни таклиф қилса, ўз таъсирини сақлаб қолиши мумкин. Ўзбекистон медиа маконида минглаб сайтлар, Telegram каналлари, YouTube платформалари ва блогерлар фаолият юритмоқда. Ахборот истеъмоли одатлари мислсиз суръатларда ўзгараяпти, сунъий интеллект технологиялари эса медиа соҳасида мутлақо янги имкониятларни яратиб бераётир.
Шундай экан, мақолага сарлавҳа қилиб олинган саволга бошқачароқ ёндашиш керак: ўқувчи газетадан воз кечаяптими ёки газета ўз ўқувчисининг ортидан етиб бора олмаяптими? Назаримда, муаммонинг асосий жавоби айнан шу ерда яширин.
Шаҳноза МАНСУРОВА.