“ЯШАМОҚ ” – ОИЛА ДАВРАСИДА ЎҚИЛАДИГАН КИТОБ

Инсон ҳаёти қувонч ва ташвишлар, йўқотиш ва сабр, умид ва матонат билан уйғун кечади. Хитой адабиётининг машҳур адиби Юй Хуанинг “Яшамоқ” романи айнан шу ҳақиқатни юракни ларзага соларли тарзда тасвирлайди. Асарни ўқиш мобайнида инсон тақдири, ҳаётнинг шафқатсиз синовлари ва барча оғирликларга қарамай яшаш учун курашиш қанчалик буюк фазилат эканини яна бир бор англайди киши.

Роман бош қаҳрамони Фугуйнинг ҳаёти орқали инсоннинг бойлик ва мансаб эмас, балки сабр, оила, меҳр ва ирода билан яшаши ҳақиқий қадрият экани кўрсатилади. Бир вақтлар бепарво ва енгилтак ҳаёт кечирган Фугуй тақдир зарбалари туфайли бор-йўғини йўқотади. У яқинларидан айрилади, очлик ва муҳтожликни бошидан кечиради. Аммо шунча мусибатларга қарамай, яшашдан, курашишдан тўхтамайди. Асарнинг энг таъсирли жиҳати ҳам инсоннинг синмас иродаси ва ҳаётга бўлган муҳаббатидадир. “Яшамоқ” романи менда чуқур таассурот қолдирди. Асарни ўқиб, инсон баъзан ўз муаммоларини жуда катта деб ўйлаши, аслида эса ҳаётда бундан ҳам оғир синовлар борлигини ҳис қилади. Роман инсонни шукроналикка, сабрли бўлишга ва ҳар қандай вазиятда ҳам умидни йўқотмасликка ундайди. Чунки инсонни инсон қилиб турадиган куч — бу унинг бардоши ва матонатидир. Айниқса, ички ишлар органлари ходимлари учун бундай асарларнинг тарбиявий аҳамияти катта. Чунки ҳуқуқ-тартибот тизимида хизмат қилиш катта сабр, вазминлик ва ирода талаб этади. Ҳар куни турли инсонлар тақдири, мураккаб вазиятлар ва масъулият билан юзма-юз келадиган ходим ўз бурчини адолат ва матонат билан бажариши лозим. Юй Хуанинг ушбу романи инсонни руҳан тоблайди, қийинчиликлар олдида синмасликка ўргатади.  

“Яшамоқ” нафақат якка тартибда, балки оила даврасида мутолаа қилиниши зарур бўлган асарлардан биридир.  Чунки роман инсон қадри, оила меҳри, сабр ва ҳаётнинг ҳақиқий мазмуни ҳақида чуқур ўйлашга ундайди. Асарни ота-она ва фарзандлар биргаликда ўқиши орқали ҳаётнинг қийин синовларига бардош бериш, бир-бирини қадрлаш ва меҳр-оқибатли бўлиш каби муҳим инсоний фазилатлар ҳақида самимий суҳбатлар юзага келади. Айниқса, бугунги тезкор ва шошқалоқ замонда айрим ёшлар ҳаётнинг ҳақиқий қадрини, сабр ва матонатнинг аҳамиятини чуқур ҳис эта олмаслиги мумкин. “Яшамоқ” романи эса инсонга ҳар қандай оғир вазиятда ҳам яшашдан умид узмасликни, оила ва яқинларнинг қадрини билишни ўргатади. Шу боис ушбу асарни оилавий мутолаа қилиш маънавий тарбия, китобхонлик муҳитини шакллантириш ва авлодлар ўртасидаги маънавий яқинликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

“Яшамоқ”  бу оддий бир инсон ҳаёти ҳақидаги эмас, балки бутун инсониятнинг сабр ва яшаш учун кураш ҳақидаги асаридир. Роман ҳар бир ўқувчини ҳаётнинг қадрини англашга, инсонларга меҳр билан қарашга ва ҳар қандай оғирликка қарамай яшашда давом этишга чорлайди.

Ойбек ЯКУБОВ,

Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХБ командири ўринбосари, капитан.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *