Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси атрофида бирлашган. Бу жараёнда ёшлар нафақат ислоҳотларнинг бевосита иштирокчилари, балки жамият тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида намоён бўлмоқда. Зеро, ҳар қандай давлатнинг келажаги унинг ёш авлоди қандай билим, тарбия ва фуқаролик позициясига эга экани билан белгиланади.
Мамлакатимизда аҳолининг қарийб 60 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этгани боис, сўнги йилларда ёшларга оид давлат сиёсати мутлақо янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонуни ёшларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди. Мазкур қонунда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, муносиб таълим олиши ва меҳнат қилиши учун шарт-шароитлар яратиш каби вазифалар белгиланган.
Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар ёшлар ҳаётида муҳим бурилиш ясади. Хусусан, Ёшлар ишлари агентлигининг ташкил этилиши ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги институционал тизимини шакллантирди. Агентлик томонидан ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, кейинги йилларда «Ёшлар дафтари» тизими жорий қилиниб, ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва иқтидорли ёшларга манзилли ёрдам кўрсатиш механизми яратилди. Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунар ўргатиш, имтиёзли кредитлар ажратиш ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш бўйича кенг имкониятлар яратилмоқда.
Хусусан, бугун Жиззах вилояти аҳолисининг 26,9 % ни ёшлар ташкил этишини инобатга олсак, рўйхатга олинган 5 минг 31 нафар ишсиз ёш билан манзилли иш ташкил этилган. Уларнинг 4 минг 947 нафари ёки қарийб 98 фоизининг бандлиги таъминланган. 1 минг 583 нафар ёшлар доимий ишга жойлаштирилган, 387 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 8,4 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 апрелда қабул қилинган “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 7 минг 62 нафар ёшга 5 минг 242 гектар ер майдони ажратилган. Халқаро имтиҳонларда юқори натижа қайд этган 210 нафар ёшнинг имтиҳон харажатлари учун 469,4 миллион сўм маблағ қоплаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги “Ёшлар тадбиркорлигини ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси юзасидан 63 та лойиҳа учун 8,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Таълим соҳасида ҳам ёшлар учун кенг шароитлар яратилмоқда. Олий таълим муассасалари сони бир неча баробар ошди, давлат грантлари кўпайди, хорижий тилларни ўрганиш ва халқаро таълим дастурларида иштирок этиш имкониятлари кенгайди. Хусусан, 2024 йилда ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Бу эса ёшларнинг халқаро майдонда рақобатбардош кадр бўлиб етишишига хизмат қилмоқда.
Биргина мисол, Жиззах вилоятида таълим муассасаларида инфратузилмани ривожлантириш учун 2023–2025 йилларда 420 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига 156 та таълим объектида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Таълим жараёнига инновацион ёндашувлар ҳам изчил жорий этилмоқда. Хорижий мутахассислар жалб қилиниб, халқаро тажрибалар асосида таълим сифати оширилмоқда.
Умуман, ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда. Чунки ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади.
Яратилган имкониятлар ёшлар зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Ижтимоий масъулиятли ёш авлод жамият муаммоларига бефарқ бўлмаслиги, атроф-муҳитни асраш, эҳтиёжмандларга кўмак бериш, қонунларга риоя қилиш ва жамоат ишларида фаол қатнашиши билан ажралиб туради. Фуқаролик масъулияти эса Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси, давлат рамзларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат ва мамлакат тараққиёти учун фидойилик билан намоён бўлади.
Хусусан, биринчидан волонтёрлик ҳаракатлари, хайрия тадбирлари ва турли ижтимоий лойиҳаларда қатнашиш ёшларда инсонпарварлик ва ҳамжиҳатлик туйғуларини янада мустаҳкамлайди. Иккинчидан Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси, миллий қадриятларга ҳурмат ва юрт тинчлигига ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг муҳим вазифаси ҳисобланади.
Айниқса, ахборот технологиялари жадал ривожланаётган бугунги даврда Янги Ўзбекистон тараққиёти билимли, ташаббускор ва ватанпарвар ёшлар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, мамлакатимиз ёшлари илм-фан, технология, тадбиркорлик ва маданият соҳаларида мамлакатимиз нуфузини халқаро майдонда янада юксалтиришлари, балки бутун халқнинг эртанги кунини барпо этишда фаол иштирокчига айланишлари керак.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонни қуриш жараёнида ёшларнинг ижтимоий ва фуқаролик масъулияти беқиёс аҳамиятга эга. Фаол ҳаётий позицияга эга, билимли ва юксак маънавиятли ёшлар мамлакат тараққиётининг энг ишончли таянчидир. Ҳар бир ёш ўзининг билим ва салоҳиятини Ватан равнақи йўлида сафарбар этса, Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этиш мақсадига албатта эришилади.
Нигора Усмонова,
Жиззах вилояти Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси, халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати.