ЎЙИНҚАРОҚ БОЛАЛИКНИ ҚЎМСАБ

Болалигимда қўшни болалар билан шомгача илиққина тупроқлари билқиллаб турган кўчада “қулоқ чўзди”, “ошиқ”, “эшак минди”, “пиёда пойга”, “қувлашмачоқ”, “футбол (қишда хоккей)”, “чиллак”, “ланка тепди”, “уруш-тинчлик” каби турли ҳаракатли, асосийси қизиқарли ва турли туман ўйинлар ўйнар эдик. Ўша пайти ҳам ҳозиргидек қор кам ёғар эди, шундай бўлсада ҳамманинг ўз клюшкаси (хоккей таёғи) бўлар эди.

Лимонад ва минерал сув шишасининг тунука қопқоғини тош ёрдамида буклаб “танга” ясар ва танга ўйнар эдик. “Уруш-тинчлик” ўйнаганимизда ҳамманинг ўз қўли билан ясалган қуроли (қиличи, пистолети, автомати) бўлар эди. Ланка тайёрлаш учун бутун қўй терисини ўртасидан (жундор жойидан) кесиб олиб, катталардан гап ҳам эшитиб олар эдик.

Футбол ўйнаганда ички қисми 80 тийинлик қора резинадан бўлган ва қийин шишадиган тўпимиз бўлар эди. Тўп жонивор ҳам бир неча марта косиб томонидан, бир неча марта ўзимиз томонимиздан бир неча жойидан тикилган бўлар эди. Унниқиб кетганидан дастлабки ранги қанақа бўлганини ҳеч ким эслолмас эди.

Қишлоғимизнинг қўшни қишлоқ билан чегарасидан ўтадиган Бегариқ сувида сувга калла ташлаш, оқимга қарши сузишдан мусобақа уюштирар эдик. Куз ойларига келиб тут дарахти хазонини қўйларимизга сидириб келгани борганда, ариқнинг суви камайиб, тиниқлашиб қолган бўлар эди. Қўлбола тўрлар ёррдамида сувга тушиб балиқ овлар эдик. Тўримизга тушган балиқчаларни консерва банкаларига тўплаб, катта бўлишига ишониб, боқиш учун уйга олиб келар эдик. Балиқчаларимизни эрталабгача дайди мушуклар еб кетган бўлар эди. 

 

Қизлар бўлса, “катаклардан сакраш”, “кўз бойлағич”, “бекинмачоқ”, “қувлашмачоқ”, “лаппак”, “тапур тупур ғоз-ғоз”, “ҳаппой”, “арқончада сакраш”, “ким ўзар”, “оқ теракми, кўк терак?” каби турли туман ўйинлар ўйнашар эди. Ҳар бир қизалоқнинг узунлиги ва йўғонлиги турлича бўлган ўз арқончаси, турли катталикдаги тошлар жамланмаси бўлар эди. Ўғил болалар ўйнашга ўйин топмасак ёки шеригимиз тезда уйидан чиқа қолмаса, қизларни ўйинига аралашар эдик. Кун ботаверса, катталар уйларимизга киритолмай ҳалак бўлишар эди.

Баъзи ўйин қоидаларига шароитга қараб янгиликлар ва ўзгартишлар ҳам киритар эдик. Топқирликлар натижасида, ўйинлар тури ва бажарилиш шарти ва савияси сайқалланиб, қизиқарли бўлиб бораверар эди.

Баҳорни интиқлик билан кутар эдик. Кимнинг уйида қанақа мевали дарахт борлигини ва у қачон пишиб етилишини биз болалар ҳаммадан олдин билар эдик. Кўчадаги ариқ четига экилган мевали дарахтлар кўча болалариники бўлиши ёзилмаган қонун эди.

Хўш, ҳозирги болалар қандай ўйинлар ўйнаб катта бўлишаяпти? Умуман ҳаракатли ўйинлар ўйнашаяптими? Бирон марта мева узиб ейман деб дарахтга тирмашганмикан? Микроблардан қўрқмасдан тезоқар ариқ ёки каналга калла ташлаганмикан? Ариқда иссиққина нонини оқизиб еганмикан?  Уларнинг беғубор болалиги нимқоронғу хоналарда бесамар ўтиб кетмаяптими? Ёшлари улғайганида болаликлари ҳақида нималарни хотирлашади?

Эътибор қилган бўлсангиз, ҳозирги ёшлар, (нафақат ёшлар ҳаттоки, катта ёшдагилар ҳам!) қўлидаги телефонига тикилганича турли ўйинлар ўйнаб ўтиришади. Интернет кафеларга борсангиз, ўқувчи болаларни компьютер ўйинлари ўйнаш билан бандлигига кўзингиз тушади. Ўйинга шу даражада берилиб кетишадики, дунёни унутишади.

Асосан бир жойда муқим ўтириб ўйналадиган электрон ўйинлар гормонлар алмашинуви “қайнаган” ёшлар организмига ҳеч қандай ижобий таъсир кўрсатмайди. Ҳаракатли ўйинларнинг эса, ёш организмга ижобий таъсирини санаб тугатиб бўлмаса керак.

Кузатишлар натижасида одамларнинг умри ўйин ўйнаш билан ўтаяпти эканда деган хулосага келасиз. Азиз ёшлар, пассив ҳаракат ва касалликлар букети ёки фаол ҳаракатлар ва ақлий ҳамда жисмоний камолот уйғунлиги, ўзингиз танланг!

 

Али АҲМЕДОВ,

Жиззах шаҳри.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *