КЕЛАЖАК САРИ РАҚАМЛИ ҚАДАМЛАР

ХХI аср ахборот технологиялари асри ҳисобланади. Бугунги кунда компьютер, интернет ва турли рақамли қурилмалар инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Айниқса, таълим тизими ушбу ўзгаришлар энг кўп қўлланиладиган соҳалардан биридир. Ахборот технологиялари таълимни нафақат тезкор ва қулай, балки янада самарали қилиш имконини бермоқда.

Шу сабабли замонавий ўқувчи ва ўқитувчилардан рақамли саводхонлик талаб этилмоқда. Чунки ҳозирда таълим жараёнига ахборот технологияларининг кириб келиши ўқитиш усулларини тубдан ўзгартирди. Электрон дарсликлар, мультимедиа тақдимотлари, анимациялар ва видеодарслар мураккаб мавзуларни содда ва тушунарли қилиб етказишга ёрдам бермоқда. Масалан, биология ёки физика фанларида виртуал тажрибалар орқали ўқувчилар мураккаб жараёнларни кўз билан кўриш имконига эга бўлмоқда. Бу эса назарий билимни амалий тушунишни осонлаштиради.

Замонавий технологияларнинг амалий натижаларини Зафаробод туманидаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактаби фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Мактаб ўқитувчиси Машҳура Ҳасанова сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиб, дарслар учун кўргазмали материаллар, видеороликлар ва турли дидактик воситалар тайёрлашни йўлга қўйган. Бу эса ўқувчиларнинг керакли билимларни тезроқ англаши ва хотирада мустаҳкам сақлашига хизмат қилмоқда. Айниқса, визуал материаллардан фойдаланиш дарсларни жонли ва таъсирчан ўтиш имконини бермоқда.

Ахборот технологиялари ёрдамида интерактив таълим методлари кенг қўлланиляпти. Интерактив доскалар, онлайн тестлар, ўйин асосидаги таълим ўқувчиларнинг дарсга бўлган қизиқишини оширади. Бундай ёндашув ўқувчини пассив тингловчидан фаол иштирокчига айлантиради. Натижада ўқувчилар мустақил фикрлаш, муаммо ечиш ва таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантиради. Шу ўринда савол туғилади. Хўш, сунъий интеллектнинг таълимдаги ўрни қандай?

Сунъий интеллект технологиялари таълимни индивидуаллаштириш имконини бермоқда. Махсус дастурлар ўқувчининг билим даражасини таҳлил қилиб, унга мос топшириқларни тақдим этади. Масалан, суст ўзлаштираётган ўқувчига қўшимча машқлар берилади, кучли ўқувчилар учун мураккаб вазифалар таклиф этилади. Бу эса ҳар бир ўқувчининг имкониятидан келиб чиқиб ривожланишига ёрдам беради. Бундан ташқари, смартфон ва планшетлар ҳам таълим воситасининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Турли мобиль иловалар орқали дарсларни кўриш, тест ишлаш, янги билимларни ўрганиш мумкин.

Шунингдек, ахборот технологияларининг қатор афзалликлари мавжуд. Хусусан, билим олиш имкониятининг кенгайиши, вақт ва жойга боғлиқликнинг камайиши, индивидуал ёндашувнинг кучайиши, ўқув материалларининг хилма-хиллиги, ўқувчилар мотивациясининг ошиши кабилар фикримизга мисол бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, келажакда таълим тизими янада рақамлаштирилади. Виртуал реаллик (ВР), қўшимча реаллик (АР) ва сунъий интеллект асосида виртуал синфлар, робот-ўқитувчилар, тўлиқ индивидуал таълим тизимлари пайдо бўлиши кутилмоқда. Бу эса таълимни янада самарали ва қизиқарли қилади.

Мактабимизда сунъий идрок имкониятларидан фақат дарс жараёнидагина эмас, балки ўқувчиларнинг касб танловида ҳам самарали фойдаланилмоқда. Мактаб психологи Нигора Эламонова 11-синф ўқувчиларини олий таълим муассасаларига йўналтириш мақсадида сунъий интеллект воситалари ёрдамида абитуриентлар учун махсус маълумотлар тайёрлайди. Ушбу материалларда мамлакатдаги олий таълим муассасалари, уларнинг таълим йўналишлари, қабул тартиби ва талабалар учун яратилган имкониятлар ҳақидаги маълумотлар жамланган. Натижада битирувчи ёшлар келажак режаларини аниқ белгилаш ва ўз қизиқишларига мос таълим йўналишини танлашда муҳим кўмак олмоқда.

Бугунги интернет тармоғида билим ва кўникмаларни оширишга қаратилган юзлаб платформалар фаолият юритади. Ана шундай манбалардан бири – aistudi.uz сайтидир. Ушбу платформа орқали мактабимизнинг қатор ўқитувчи ва ўқувчилари сунъий интеллект соҳаси бўйича махсус курсларда таҳсил олиб, якуний синовлардан муваффақиятли ўтган ҳолда сертификатларга эга бўлишди.

Жумладан, информатика фани ўқитувчиси Ҳасан Акобиров, 5-синф ўқувчиси Нозима Ҳасанова, 3-синф ўқувчиси Моҳинур Алихонова ва бошқа бир қатор фаол ёшлар сунъий интеллект бўйича дастлабки билим ва кўникмаларни эгаллаб, замонавий технологияларга қизиқишларини янада оширишяпти. Эътиборлиси, бугун сунъий интеллект фақат катталар эмас, балки бошланғич синф ўқувчилари томонидан ҳам ўзлаштирила бошлангани таълим тизимидаги ижобий ўзгаришларнинг яққол намунасидир.

Хулоса қилиб айтганда, ахборот технологиялари таълим тизимини тубдан ўзгартириб, уни янги босқичга олиб чиқди. Замонавий технологиялар ёрдамида таълим жараёни янада қулай, тезкор ва самарали бўлиб бормоқда. Бу имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

 Ҳасан АКОБИРОВ,

Зафаробод туманидаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *