ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ…

Жорий йилнинг 7–9 июль кунлари вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” бош ғояси асосида барча туман ва шаҳарларда “Мустақиллик тўйи” фестивали бошланди. Шунингдек, 6-31 июль кунлари вилоятнинг барча маҳаллаларида маданий-маърифий, тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилади.

Жойларда мустақиллик байрамининг юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги аҳамиятига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, миллий кино кунлари, умумхалқ сайиллари, маданият ва спорт тадбирлари самарали ўтказилмоқда. Шунингдек, жамиятда ўзаро ишонч ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, аҳоли орасида маромийлик, ижтимоий фаоллик кўникмаларини шакллантириш, шахсий ва умумий манфаатларнинг уйғунлигига эришиш, шукроналик, олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғуларини кучайтиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётир. Мазкур тадбирлар доирасида таниқли илм-фан намояндалари, ижодкорлар, маданият ва санъат арбоблари, спортчилар, жамоатчилик вакилларидан иборат тарғибот гуруҳлари ташкил этилди.

Жорий йилнинг 7 июль куни вилоятимизда “Мустақиллик тўйи” фестивалининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Муҳтарама Улуғ, Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси, иқтисодиёт фанлари номзоди Обиддин Маҳмудов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳмонали Салимов, “Шуҳрат” медали соҳиби, эстрада хонандаси Алишер Рўзметов, эстрада хонандалари Азиз Ражабий, Шуҳрат Дарё, Ирода Искандарова, Ўзбекистон давлат филармонияси хонандаси Озода Ёрова, киноактёр Беҳзод Исхаков, “Овоз” лойиҳаси иштирокчиси Сардор Шавкатовлар иштирок этишди. Қатнашчилар бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари ҳамда фаол ёшлар иштирокида адиб ва давлат арбоби Шароф Рашидов хиёбонига тўпланиб, унинг пойига гуллар қўйишди.   

Маънавий-маърифий тадбирни Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари Дилмурод  Худойшукуров кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни улуғ айём — мустақиллигимизнинг 35 йиллиги билан муборакбод этди.

—Президент топшириғига биноан Мустақиллик айёми арафасида халқимизнинг кайфиятига кайфият қўшиш, жойларда ижодий учрашувлар ўтказиш белгиланган. Ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, миллий қадриятларимизни асраб-авайлашда  бу каби учрашувлар муҳим ўрин тутади. Уч кун давомида вилоятимизда катта тадбирлар ўтказиб, байрамни муносиб қарши оламиз, деган умиддаман, – деди у.

Шунингдек, маросимда Республика маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари шоир Ғайрат Мажид, санъаткор Алишер Рўзметовлар сўзга чиқишиб, дориломон кунлар ва мустақиллик тантаналарининг шукуҳи ҳақида сўзлашди.

—Бизнинг халқимиз ҳар бир нарсани ўз номи билан жуда чиройли атайди, — деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид. — Мустақиллик тўйлари ҳам чиройли суҳбат, дилбар қўшиқларга, қадрга, эътиқод ва иймонга тўямиз. Шу билан бугунги кунларнинг қадрини туйган бўламиз. Ҳаммамизга тўй муборак бўлсин!

Сўзга чиққанлар ўз ижодий намуналари бўлган қўшиқ ва шеърлар билан маросимга ўзгача файз улашишди. Тадбир давомида Республика маънавият ва маърифат маркази томонидан унинг Жиззах вилоят  бўлимига “Трекер” хизмат автомобилининг калити тантанали равишда тақдим этилди, уни бўлим раҳбари Иқболой Умарова қабул қилиб олди.   

Шундан сўнг тадбирнинг иккинчи қисми бошланиб, унда қатнашчилар Зулфия ва Ҳамид Олимжон ҳайкали пойига гуллар қўйишди, устозларини хотирлашди. Ушбу маънавий-маърифий тадбир Зулфия ва Ҳамид Олимжон мактабида давом этди. Эслатиб ўтамиз, уч кунлик фестиваль доирасида вилоятимизда таниқли санъаткорлар иштирокида бўлиб ўтаётган гала-концертлар эртага ўз ниҳоясига етади.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *