ЖИЗЗАХДА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБЛАР СОНИ ОШДИ

Таълимга сарфланаётган маблағ харажат эмас, балки келажакка киритилаётган энг муҳим инвестициядир. Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тармоғининг кенгайиб бораётгани Ўзбекистонда сифатли таълимнинг янги моделини шакллантиришга хизмат қилаётир. Бунинг ёрқин тасдиғини жорий йилги қабул натижаларида ҳам кўриш мумкин.

Ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қабул жараёнларида республика бўйича 446 минг 530 нафар талабгор ҳужжат топширди. Бу ўтган йилга нисбатан 165 минг нафарга ёки қарийб 60 фоизга кўп демакдир. Талабнинг ортиши натижасида жорий ўқув йилидан республика бўйича ихтисослаштирилган мактаблар сони яна 21 тага кўпайтирилиб, 249 тага етказилди. Бу эса қўшимча 5 мингдан ортиқ иқтидорли ўқувчи учун сифатли таълим олиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, мамлакатда илк бор 11 та муҳандислик мактаби фаолияти йўлга қўйиладиган бўлди.

Бу эзгу ўзгаришлар Жиззах вилоятида ҳам бўй кўрсатмоқда. Жорий ўқув йилидан вилоятда ихтисослаштирилган таълим муассасалари сони иккитага кўпайди.

– Мирзачўл туманида 356 ўринга мўлжалланган замонавий ихтисослаштирилган мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилди, – дейди вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Диёр Ҳамроқулов. – Мазкур таълим муассасасида аниқ ва табиий фанларга қизиқувчи иқтидорли ўқувчилар учун қабул жараёнлари ўтказилмоқда.

Янгиобод туманида эса 13 миллиард 95 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига янги ихтисослаштирилган мактаб барпо этилмоқда. Айни пайтда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб бориляпти. Бундан ташқари, Жиззах политехника институти қошида муҳандислик мактаби фаолияти йўлга қўйилди.

Жорий йилги қабул жараёнлари ҳам жиззахлик ўқувчиларнинг аниқ фанларга бўлган қизиқиши йил сайин ошиб бораётганини кўрсатди. Вилоят бўйича 31 минг 124 нафар талабгор ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ҳужжат топширди. Бу рақам нафақат таълим муассасаларига бўлган ишончнинг, балки ота-оналарнинг фарзандлар келажагига бўлган масъулиятли муносабатининг ҳам амалий ифодасидир.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *