Ёз мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин ошиши муносабати билан ёнғинлар ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар хавфи ортиши инобатга олиниб, жорий йил 1 июлдан 30 августга қадар республика бўйлаб “Долзарб 60 кунлик” профилактик тадбирлари эълон қилинди. Мазкун тадбирлар вилоятимизда ҳам аниқ белгиланган режалар асосида ташкил этилмоқда.

Хусусан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ишчи гуруҳи, вилоят ФВБ ҳамда тегишли соҳа вакиллари томонидан воҳа бўйлаб аҳоли турар жойларида электр ва газ жиҳозларидан хавфсиз фойдаланишни назорат қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида профилактик тадбирларни кучайтириш, энергия таъминоти объектлари, бозорлар ва савдо комплексларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ишлари амалга ошириляпти.
Жумладан, Ғаллаорол туман марказий бозори ҳудудида ташкил этилган машғулотларда тадбиркорлар, савдо нуқталари эгалари ва фуқароларга электр ҳамда газ жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш, ёнувчан материалларни белгиланган тартибда сақлаш, савдо ҳудудларида ёнғин чиқишига сабаб бўлувчи омилларга йўл қўймаслик, шунингдек, ёнғин-қутқарув техникаларининг ҳудудга тўсиқсиз кириб келиши учун йўлакларни доимо очиқ сақлаш зарурлиги юзасидан тушунтиришлар берилди.
—Ёнғинларнинг асосий қисми инсон омили билан боғлиқ, — дейди Ғаллаорол туман ФВБ инспектори Бекзод Каримбердиев. — Айниқса, электр ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя этилмаслиги энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Шу боис профилактика ишлари давомида ёнғин хавфсизлиги маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Маданият маҳалласида жойлашган автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шохобчасида эса ишчи-ходимларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Уларга эвакуация чиқиш йўлларидан тўғри фойдаланиш, бирламчи ёнғин ўчириш воситаларини қўллаш, тезкор алоқа хизматларига зудлик билан хабар бериш тартиби бўйича амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, транспорт воситаларида ўрнатилган газ баллонларининг техник созлиги устидан доимий назорат ўрнатиш, йўловчиларнинг хавфсиз кутиш ҳудудида бўлишини таъминлаш ҳамда ёнғин хавфи келиб чиқишига сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш юзасидан зарур кўрсатмалар етказилди.
Вилоят бўйлаб профилактик тадбирлар давом этмоқда.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.