Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Уни комиссия раиси Акрам Раҳмонқулов бошқариб борди. Тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқ 31-сессиясига киритиладиган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Кун тартиби бўйича дастлаб “Жиззах шаҳрининг 4К-253а “Ислом Каримов кўчаси автомобиль йўлида М-39 “Тошкент-Термиз” автомагистрал йўлига” чиқиш учун янги йўналишдаги 4 км автомобиль йўли ва 700 пм йўл ўтказгич барпо этилиши муносабати билан, ҳудуддаги ер участкаларининг жамоат эҳтиёжлари учун олиниши муносабати билан ҳуқуқ эгаларидан ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида” ҳамда “Жиззах шаҳрида замонавий IT парк мажмуасининг барпо этилиши муносабати билан, ҳудуддаги ер участкаларининг жамоат эҳтиёжлари учун олиниши муносабати билан ҳуқуқ эгаларидан ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида”ги масалалар юзасидан вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг бўлим бошлиғи Мансур Маматовнинг ҳисоботи эшитилди.
Шундан сўнг вилоят ҳокимининг матбуот котиби Акмал Биноқулов сўзга чиқиб, “Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбарининг амалга ошираётган иш фаолияти ва белгиланган мақсадларнинг ижроси тўғрисида”ги масала бўйича маъруза қилди. Унда соҳа томонидан давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ОАВ ва жамоатчилик билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, рақамли платформалар орқали тезкор ахборот тарқатиш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар хусусида ахборот берилди.
Шунингдек, “Вилоят маҳаллий бюджет даромадлари бажарилиш ҳолати, қўшимча резервларни аниқлаш бўйича қилинган ишлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар кесимида бюджетга ҳисобланган ва амалда тўланганлиги, улар бўйича солиқ қарздорлиги тўғриси” масала юзасидан Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Камол Иргашев берган маъруза ҳам депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди. Хусусан, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ тушумларини кўпайтириш йўлидаги ишлар ҳамда тадбиркорларнинг шаффоф фаолиятини рағбатлантирувчи солиқ имтиёзлари самарадорлиги юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шунингдек, йиғилишда доимий комиссия аъзолари томонидан вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллий бюджет ижроси, мурожаатлар билан ишлаш ҳолати, давлат мулкини хусусийлаштириш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.