Бугун ёшларни рақобатбардош касб эгалари этиб тарбиялаш мамлакат тараққиётининг энг муҳим шартларидан бирига айланмоқда.
Бу борада Президентнинг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида 2026 йилда мамлакатнинг етти вилоятида Илғор касбий маҳорат техникумлари ва «Касблар шаҳарчаси» фаолиятини йўлга қўйиш, 2027 йилдан эса мазкур тажрибани республиканинг барча ҳудудларида жорий этиш вазифаси белгиланди.

Мазкур топшириқ ижроси доирасида вилоятимизда Илғор касбий маҳорат техникуми ташкил этилди. Жиззах шаҳрининг Сайилжойи маҳалласида жойлашган ушбу таълим муассасасида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари қизғин давом этаётир.
Аввал Жиззах шаҳар 2-сон техникуми фаолият юритган бинода кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа Жиззах вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси давлат муассасаси буюртмачилигида бажарилаётган бўлиб, унинг умумий қиймати 19 миллиард 674 миллион 800 минг сўмни ташкил этади.
Айни пайтда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ётоқхона биносидаги реконструкция ишлари тўлиқ якунланиб, сўнгги пардозлаш ишлари бажарилмоқда. Ўқув биносида ҳам асосий қурилиш ишлари якунига етказиляпти.
— Илғор касбий маҳорат техникуми вилоятимиздаги барча техникумлар учун методик ва амалий марказ вазифасини бажаради, — дейди техникум директори Фаҳриддин Азимов. — Келгусида ҳудудимиздаги техникумлар талабалари бу ерда амалиёт ўташади. Замонавий касбларни пухта ўргатиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бунинг учун Германиядан энг сўнгги русумдаги ўқув жиҳозлари келтирилмоқда.
Жорий ўқув йили учун қабул жараёнлари тўлиқ якунланди. Дастлабки босқичда 100 нафар ўқувчи таълим олишни бошлайди.
Таълим жараёни тўртта йўналиш бўйича халқаро дастурлар асосида ташкил этилади. Булар ахборот технологиялари (Pearson, Буюк Британия), машина ва қурилмалар оператори (Avestos, Германия), автомобиллар мехатроникаси техниги (Avestos, Германия) ҳамда қишлоқ хўжалиги ва қурилиш машиналари мехатроникаси (Avestos, Германия) йўналишларидир.

Ушбу йўналишларда таҳсил олган битирувчиларга Буюк Британия ва Германияда ҳам тан олинадиган халқаро намунадаги диплом топширилади. Бу эса уларга нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам меҳнат фаолиятини олиб бориш имкониятини яратади.
Ҳудудда келгусида «Касблар шаҳарчаси»ни барпо этиш ҳам режалаштирилган. Ушбу мажмуа ахборот-маслаҳат, технологик, саноат ва муҳандислик, сервис ва хизмат кўрсатиш ҳамда маҳорат майдончаси каби бир нечта интерактив зоналардан иборат бўлади.
Бу ерда мактаб ўқувчилари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар билан яқиндан танишади, замонавий IT-платформалар орқали ўзининг касбий мойиллигини аниқлайди. Шунингдек, техникум устахоналарида реал ускуналар билан ишлаш, мастер-классларда иштирок этиш, амалий лойиҳаларни бажариш имкониятига эга бўлади. 9-синфни тамомлаган ўқувчиларга қайси техникумда, қайси касб ёки мутахассислик бўйича таҳсил олиш юзасидан индивидуал маслаҳатлар ҳам берилади.
Жиззахда Илғор касбий маҳорат техникумининг ташкил этилиши меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга малакали кадрларнинг етишиб чиқишига хизмат қилади.
Шаҳноза МАНСУРОВА.