УЙ ОШХОНАСИДАН БОШЛАНГАН ОРЗУ — «GULNAR» БРЕНДИГА АЙЛАНМОҚДА

Меҳнат, изланиш ва оилавий қўллаб-қувватлов самараси

Бугунги кунда юртимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай интилиш ва меҳнат орқали ўз орзусини рўёбга чиқараётган тадбиркор аёллардан бири — Жиззах шаҳрида яшовчи Гулмира Нарматова. У уй шароитида бошлаган оддий машғулотини бугунги кунда юзлаб харидорлар ишончини қозонган «GulNar» ярим тайёр маҳсулотлари брендига айлантириш йўлида изчил меҳнат қилиб келмоқда.
Гулмира Нарматова 2001 йил 8 январь куни Жиззах шаҳрининг Улуғбек маҳалласида туғилган. Отаси Норбоев Суннатулла 40 йилдан ортиқ вақт давомида «Uztelecom» тизимида меҳнат қилиб, ҳозирги кунда нафақада. Онаси Норбоева Гулнора уй бекаси. Оилада тўрт нафар фарзанд — уч ўғил ва бир қиз вояга етган бўлиб, Гулмира хонадоннинг ягона қиз фарзанди ҳисобланади.
У Жиззах шаҳридаги 3-сонли умумтаълим мактабини тамомлаган. Кейин Иқтисодиёт коллежида менежмент йўналишида, сўнг Политехника институтининг енгил саноат йўналишида таҳсил олган.Бироқ ҳаёт уни ўз мутахассислиги бўйича эмас, бошқа йўлга бошлади. Турмуш қуриб, катта оилага келин бўлган Гулмира бугун турмуш ўртоғи билан икки нафар фарзанд — бир ўғил ва бир қизни тарбиялаб келмоқда.Унинг тадбиркорлик фаолияти ҳам айнан оиладан бошланган.
— Биринчи фарзандим кичик, иккинчисига ҳомиладор бўлган пайтимда хамирли таомларни жуда яхши кўрардим. Шунинг учун оиламиз учун турли хил ярим тайёр хамирли маҳсулотлар тайёрлаб, музлатиб қўярдим. Кейинчалик қўшним хам шундай маҳсулотлардан сўради. Кейин бошқа қўшнилар ҳам қизиқиш билдира бошлади. Шундан кейин онам ва турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, бу ишни кенгайтиришга қарор қилдик, — дейди Гулмира.
Фаолиятини ривожлантириш учун Гулмира ўз устида ҳам тинмай ишлади. У турли таомлар, салатлар ва пишириқлар тайёрлаш бўйича махсус курсларда ўқиб, малакасини оширди. Бу эса маҳсулот турларини кўпайтириш ва сифатини янада яхшилаш имконини берди.
Маҳсулотларга бўлган талаб ошиб боргач, аввал биринчи музлатгични сотиб олди.
Шу вақтларда Зилол маҳалласи ёшлар етакчиси Шоҳруҳ Ҳамроев ҳам унинг ташаббусини қўллаб-қувватлади. У кичик ишлаб чиқариш цехини ташкил этиш учун зарур тартиб-қоидаларни тушунтирди, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш ва солиқ ҳисобида туриш тартибларини ўргатди. Шунингдек, маҳалла орқали ажратиладиган имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ҳақида маълумот бериб, бу борада кўмаклашишини билдирди.
Бироқ Гулмира давлат кредитлари ва субсидияларидан фойдаланмасликка қарор қилди.
Унинг асосий хомийси фаолиятини ривожлантиришда энг катта ҳиссани акаси Пардабоев Авазжон қўшди. У молиявий жиҳатдан сармоя киритиш орқали синглисини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, «GulNar» бренди учун логотип, фирма ёрлиқлари (наклейкалар) ишлаб чиқишда ҳам бош-қош бўлди. Бу эса маҳсулотларнинг бозорда танилиши ва харидорлар ишончини қозонишида муҳим аҳамият касб этди.   

Бугунги кунда Гулмира Жиззах шаҳрининг Зилол маҳалласида кичик ишлаб чиқариш цехини ижарага олиб фаолият юритмоқда. Унинг қўл остида бир нафар шогирд ҳам меҳнат қилиб, касб сирларини ўрганмоқда.
Олинган даромадлар ҳисобидан ишлаб чиқариш босқичма-босқич кенгайди. Ҳозирда у профессионал хамир қориш ускунаси, 25 килограммлик хамир қориш аппарати ва иккита музлатгичдан фойдаланмоқда. Агар фаолият дастлаб 200 минг сўм билан бошланган бўлса, бугунги кунда Гулмира ишлаб чиқаришга ҳафтасига ўртача 3 миллион сўм сармоя киритмоқда. Унинг ҳисоб-китобига кўра, киритилган маблағнинг 40 фоизи соф фойда сифатида қайтмоқда. Бу даромад эса яна ишлаб чиқаришни кенгайтиришга йўналтирилмоқда.
Ҳозирги кунда «GulNar» маҳсулотлари 70 дан ортиқ савдо дўкони орқали сотилмоқда. Илгари асосан дўконлардан буюртмалар тушган бўлса, эндиликда ресторанлар, тўйхоналар ва умумий овқатланиш корхоналари ҳам ҳамкорлик қилиш истагини билдирмоқда.
Бугун Гулмиранинг асосий мақсади — «GulNar» брендини Ўзбекистон бўйлаб ишончли, сифатли ва ҳалол маҳсулот ишлаб чиқарувчи миллий брендга айлантиришдир. Гулмира Нарматованинг ҳаёт йўли шуни кўрсатадики, катта муваффақиятлар ҳар доим кичик ғоядан бошланади. Меҳнатсеварлик, изланиш ва оиланинг мустаҳкам қўллаб-қувватлови эса ҳар қандай орзуни амалга оширишга хизмат қилади.

Шахноза ДЖАЛИЛОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *