ЙЎЛ ҚОПЛАМАСИДАГИ НУҚСОНЛАРНИНГ АСОСИЙ САБАБЛАРИ

Автомобиль йўллари мамлакат иқтисодиёти ва транспорт тизимининг муҳим бўғини ҳисобланади. Йўлларнинг техник ҳолати нафақат ҳаракат хавфсизлиги, балки юк ва йўловчи ташиш самарадорлигига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Бироқ вақт ўтиши билан йўл қопламаларида турли нуқсонлар пайдо бўлиши табиий жараён бўлиб, бу ҳолат йўлларнинг хизмат муддатини қисқартиради ва таъмирлаш харажатларини оширади.
Олиб борилган илмий тадқиқот натижаларига кўра, йўл қопламасида учрайдиган асосий нуқсонлар сифатида ёриқлар, из деформацияси (колея), чўкишлар ва қатлам ажралиши қайд этилган. Мутахассислар мазкур нуқсонларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этишнинг самарали усулларини таклиф этмоқда.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, йўл қопламаси деградациясига таъсир этувчи омиллар бир нечта йўналишда намоён бўлади. Жумладан, лойиҳалашдаги хатоликлар, сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиш, сув чиқариб юбориш (дренаж) тизимининг ноқобил ишлаши ҳамда ортиқча транспорт юкламалари асосий сабаблар қаторига киради. Кескин иқлим ўзгаришлари ҳам йўл қопламалари ҳолатига жиддий таъсир кўрсатади. Юқори ҳарорат асфальтбетоннинг механик хусусиятларини ўзгартириб, унинг пластик деформацияга мойиллигини кучайтиради.

​Тадқиқот доирасида маҳаллий ва халқаро илмий манбалар, меъёрий-техник ҳужжатлар ҳамда стандартлар таҳлил қилинди. Шунингдек, лаборатория шароитида асфальтбетон намуналари турли ҳарорат, намлик ва юклама таъсирида синовдан ўтказилди. Олинган натижаларга кўра, асфальтбетоннинг деформацияланиш даражаси қўлланилган боғловчи материал таркибига бевосита боғлиқ экани аниқланди. Хусусан, полимер-модификацияланган битум (ПМБ) қўлланилган намуналар анъанавий битум асосидаги қопламаларга нисбатан юқори мустаҳкамлик ва деформацияга чидамлилик намоён этди. Бу материаллар қопламанинг эксплуатацион барқарорлигини ошириши илмий жиҳатдан тасдиқланди.

Тажрибалар давомида ҳарорат 60°C дан юқори бўлган шароитда оддий асфальтбетон намуналарида из деформацияси тезлиги кескин ошиши кузатилди.​   Дала кузатувлари эса яна бир муҳим ҳолатни кўрсатди. Оғир ва катта ҳажмли транспорт ҳаракати юқори бўлган йўл участкаларида нуқсонлар энг кўп учраши қайд этилди. Шунингдек, дренаж тизими яхши ишламайдиган ҳудудларда қоплама бузилишлари сони сезиларли даражада кўпайиши аниқланди.

Мутахассислар фикрига кўра, йўл қопламасининг узоқ хизмат қилишида сувни ўз вақтида чиқариб юборувчи дренаж тизимлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Дренаж тизими етарли бўлмаган ҳудудларда сув қоплама қатламларига кириб бориб, битум ва минерал материаллар ўртасидаги адгезияни (боғланишни) заифлаштиради. Натижада қоплама емирилиши тезлашади ва таъмирлаш ишларига эҳтиёж ортади.

Статистик таҳлиллар ҳам шуни кўрсатдики, транспорт юкламаси, иқлимий ўзгаришлар ва қурилиш материаллари сифати нуқсонлар пайдо бўлишига таъсир этувчи асосий омиллар ҳисобланади. Тадқиқот муаллифлари йўл қопламалари сифатини ошириш учун полимер-модификацияланган боғловчилардан кенг фойдаланишни таклиф қилмоқда. Бу технология юқори ҳароратларда қопламанинг барқарорлигини таъминлаб, деформацияларга қарши чидамлилигини оширади. Шу билан бирга, самарали дренаж тизимларини жорий этиш ва профилактик таъмирлаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш йўлларнинг хизмат муддатини сезиларли даражада узайтириши мумкин.

​Тадқиқотчилар келажакда нуқсонларни рақамли моделлаштириш, сунъий интеллект асосида прогнозлаш тизимларини ишлаб чиқиш ҳамда маҳаллий иқлим шароитларига мос янги композит материаллар яратиш истиқболли йўналишлардан бири эканини таъкидламоқда. Илмий тадқиқот натижалари йўл қопламасида учрайдиган асосий нуқсонлар – ёриқлар, из деформацияси, чўкиш ва қатлам ажралиши транспорт юкламаси, ҳарорат ўзгаришлари, намлик таъсири ҳамда материал сифати билан бевосита боғлиқ эканини тасдиқлади. Муаммони ҳал этишнинг энг самарали йўли – сифатли материаллардан фойдаланиш, оптимал конструктив ечимларни қўллаш ва замонавий эксплуатацион бошқарув тизимларини жорий этишдан иборат.

Бу нафақат йўлларнинг хизмат муддатини узайтиради, балки транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, таъмирлаш харажатларини қисқартириш ва йўл инфратузилмасининг барқарорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Абдумумин Мардиев,

Жиззах политехника институти асистенти.

Ҳаким Юсуфов,

Жиззах политехника институти талабаси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *