ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ҚИЁФАСИГА ХОС МАҲАЛЛА

Давлатимиз раҳбарининг “Алоҳида туман ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизнинг бир нечта маҳаллаларига “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақоми берилган. Ушбу лойиҳанинг амалдаги ижроси учун ушбу маҳаллаларга 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши белгиланди.

Жумладан, Дўстлик туманининг “Боғзор” МФЙга ажратилган маблағлар ҳисобидан ҳудуд инфратузилмасини тубдан яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилаш, аҳолига замонавий ва қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Маҳаллада бугунги кунда қарийб 5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. 678 та якка тартибдаги ҳамда 132 та кўп қаватли уйда жами 800 дан зиёд хонадон мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири учун муносиб турмуш шароитини яратиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.

Эътиборлиси, Боғзор маҳалласида аҳоли билан ишлашнинг мутлақо янги механизми йўлга қўйилган. Анъанавий “еттилик” таркиби туманнинг кадастр, давлат реестри, бандлик, тиббиёт, газ таъминоти каби соҳалар мутахассислари билан тўлдирилиб, 20 нафардан иборат ислоҳотлар штаби аъзолари шакллантирилди.

Маҳалланинг қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари дилларни қувонтиради. Хусусан, ҳудудда 2 километр ички йўлларни асфальтлаш, 1,5 километр пиёдалар йўлагини барпо этиш, воркаут ва болалар майдончаларини қуриш, замонавий ташқи ёритиш тизимини ўрнатиш ишлари давом этяпти. Шунингдек, 11 та кўп қаватли уйларнинг ташқи фасадлари замонавий талаблар асосида реконструкция қилиниб, бу ерга яқин нуқтада аҳоли учун янги савдо майдончаси барпо этилмоқда.

Ислоҳотлар аҳоли бандлигини таъминлаш масаласида ҳам муҳим натижаларни беряпти. Йил бошида маҳаллада рўйхатда турган 162 нафар ишсиз фуқаронинг 85 нафари доимий иш билан таъминланди. Масъул идоралар томонидан қолган фуқароларнинг ҳам бандлик масаласига ечим топиш бўйича манзилли ишлар давом эттирилмоқда.

“Боғзор” МФЙдаги ислоҳотлар “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” концепциясининг асосий мақсади – инсон қадрини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва маҳаллаларни иқтисодий ҳамда ижтимоий жиҳатдан барқарор ҳудудларга айлантиришдан иборат эканлигини исботлайди.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *