Бугунги кунда ахборот технологиялари жадал суръатлар билан ривожланаётган бир пайтда инсонлар ўртасидаги мулоқот бир неча сония ичида амалга ошмоқда. Интернет, мобил алоқа ва ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бироқ замонавий алоқа воситалари кенг оммалашганига қарамай, почта хизмати ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Аксинча, рақамлаштириш талабларига мослашган ҳолда такомиллашиб, давлат ва жамият ўртасидаги ишончли кўприк бўлиб қолмоқда.
Бир вақтлар яқинлардан келадиган хатни интиқлик билан кутиш ўзига хос ҳис-туйғуларни уйғотарди. Ҳар бир мактуб меҳр, самимият ва эзгу тилакларни ўзида мужассам этар, почта бўлимлари эса масофаларни яқинлаштирувчи муҳим маскан вазифасини бажарарди. Бугун эса анъанавий хатлар ўрнини кўп жиҳатдан электрон хабарлар эгаллаган бўлса-да, почтанинг вазифалари анча кенгайди. У нафақат хат-хабар ва посилкаларни, балки расмий ҳужжатлар, юклар, халқаро жўнатмаларни етказиб бериш, коммунал тўловларни қабул қилиш ҳамда интернет орқали буюртма қилинган маҳсулотларни манзилга етказиш каби муҳим хизматларни ҳам амалга оширмоқда.

Жиззах вилоятида ҳам почта хизмати фаолияти изчил такомиллаштирилмоқда. Электрон хизматлар жорий қилинган, почта жўнатмаларини онлайн кузатиш имконияти яратилган, мижозларга қулайликлар кенгайтирилмоқда. Бу эса соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганидан далолатдир.
Жиззах вилояти Статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2025 йилда вилоятда почта ва курьерлик хизматлари ҳажми 107,4 фоизга ўсган. Мутахассислар бу ўсишни электрон тижоратнинг жадал ривожланиши, интернет орқали харидлар ҳажмининг ортиши ҳамда логистика тизимининг такомиллашуви билан изоҳлайди.
«Ўзбекистон почтаси» АЖ Жиззах филиали директорининг биринчи ўринбосари Евгения Вересочина билан суҳбатда таъкидланганидек, бугунги кунда почта хизмати рақамлаштириш талаблари асосида жадал ривожланмоқда. Ҳар куни Жиззах вилояти бўйича қарийб 5 мингта почта жўнатмаси қайта ишланади. Уларнинг таркибига нафақат посилкалар, балки оддий хатлар, расмий ҳужжатлар, дипломлар, тиббий маълумотномалар ва бошқа турдаги жўнатмалар ҳам киради. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда электрон тижоратни ривожлантириш почта тизимининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. «Ўзбекистон почтаси» уч йилдан буён Uzum маркетплейси билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шунингдек, Ozon, Яндекс Маркет ва Wildberries каби йирик онлайн савдо платформалари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу эса мамлакатнинг турли ҳудудларида яшовчи аҳолига интернет орқали буюртма қилинган маҳсулотларни тезкор етказиб бериш имконини яратмоқда. Айниқса, Wildberries орқали қабул қилинаётган буюртмалар сони кун сайин ошиб бормоқда.
— Бугун ҳар бир почта жўнатмаси ортида инсоннинг ишончи мужассам. Шунинг учун ҳар бир жўнатмани ўз вақтида ва бутун ҳолда манзилига етказиш — бизнинг энг муҳим вазифамиз. Замонавий технологиялар ишимизни анча енгиллаштирди, бироқ масъулиятимиз янада ортди. Биз учун энг муҳими — ҳар бир мижознинг ишончини оқлаш, — дейди Евгения Вересочина.
Ҳақиқатан ҳам, технологиялар қанчалик тез ривожланмасин, почта хизмати муҳим ҳужжатлар, расмий хатлар, посилкалар ва юкларни ишончли ҳамда хавфсиз етказиб беришда ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда. У нафақат хизмат кўрсатиш соҳаси, балки давлат, жамият ва фуқаролар ўртасидаги ишончни мустаҳкамловчи муҳим ижтимоий тизим ҳамдир.
Хулоса қилиб айтганда, рақамлаштириш жараёнлари почта хизматининг аҳамиятини камайтиргани йўқ. Аксинча, анъанавий вазифаларини сақлаб қолган ҳолда, замонавий технологияларни кенг жорий этиб, замон билан ҳамнафас ривожланмоқда. Бугунги почта — бу кечаги хотира эмас, балки рақамли иқтисодиётнинг муҳим бўғини, жамият ва инсонларни боғлаб турувчи ишончли тизимдир.
Шахноза ДЖАЛИЛОВА.
Шерзод ЭГАМКУЛОВ (фото).