ЗУМРАД МАВЖЛАР АРО ЯСТАНГАН ШАҲАР

Қачонлардир энг чекка ҳудуд сифатида қаралган Арнасой мустақиллик шарофати билан бугун сайёҳлик соҳасида етакчи туманга айланиб бормоқда, саноат ва қурилиш соҳасида ҳам тобора жадаллаб бораётир. Нафақат Айдаркўл ҳудудида олиб борилаётган бунёдкорликлар, балки инфратузилма ва ободонлаштириш борасида ҳам бошқа туманлардан қолишаётгани йўқ.

АSSET — ҚАЙТА ТИКЛАНИШ

Арнасой туманида фаолияти тўхтаб қолган ва қайта ишга туширилиб, ҳозирда экспортни кенг йўлга қўяётган  йирик  корхоналардан бири “Arnasoy asset tex” МЧЖдир.

2025 йил 4 апрель куни туманда иқтисодий соҳанинг муҳим тармоқларидан бири бўлган 700 ўринли “Arnasoy asset tex” МЧЖ трикотаж маҳсулотларни ишлаб чиқариш корхонаси очилди. Эндиликда мазкур корхона томонидан 5 млн АҚШ долларига эга трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши натижасида туманнинг экспорт кўрсаткичи янада ортиб, иқтисодий барқарорликни таъминлашга эришилмоқда.

— “Arnasoy asset tex” ўтган йилнинг май ойидан бошлаб тўлиқ қувват билан ишлай бошлади,— дейди корхона директори Жамшид Мелибоев. — Бугунги кунда 315 нафар тикувчи ва ишчи-хизматчилар доимий иш билан таъминланган. Улар учун керакли шароитлар яратилиб, ишга келиб-кетишлари учун транспорт воситалари ажратилган. Шунинг билан бирга, дуал таълимга асосланган ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда малакавий ўқишлар, устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилган. Ишчи ходимларимизнинг 50 фоизини ёшлар, мактаб битирувчилари ташкил қилади. Маҳсулот сифатини кўтариш мақсадида хомашё асосан Туркия давлатидан олиб келинмоқда. Ҳафтасига экспорт учун 50-60 мингта трикотаж маҳсулотлари — жемпер, эркаклар учун футболкалар чиқарилади. Булар тўлиқ пахтадан тайёрланади, мижозларнинг талабига кўра таркибига ўзгартириш киритилади. Маҳсулотларимизни Туркия ва Россия Федерациясига экспорт қиляпмиз, улар сонини яна 700-800 нафарга етказиш имконияти мавжуд. Корхонамиздаги мутахассислар ҳам Туркиядан таклиф этилган.

—Тикув цехларимизда 500 тадан ортиқ тикув машинамиз бор, — дейди корхонанинг режалаштириш бўлими бошлиғи Дилдора Қаюмова. — Бу ерда сочиқ, кенг танлов асосида ётоқхона анжомлари, халатлар, футболка, униформа, юмшоқ матоли халатлар тикамиз. Очилганидан буён 700 минг дона маҳсулот чиқарилган, бу йил эса январь ойидан июнгача 775 минг дона маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилди.  Яқинда жинси шим тикиш бўлими очилди, матоси асосан Хитой давлатидан келтирилади. Яна 1-2 ойда экспортга чиқариш ниятимиз бор. Янги ишга келган тикувчига албатта тажрибали чевар бириктирилади. Уларни ўзимиз курсларда ўқитиб, маош бериб, ишга қабул қиламиз.

— Уй бекаси эдим, бир йилдан бери шу фабрикада ишлаб келаман, — дейди Гулноза Калназарова. —   Ишим ўзимга ёқади, маошимиз ҳам яхшигина. Бу ерга ишга келмасимдан аввал фақат “Зингер” машинасида тикишни билардим. Ҳозирда 3-4 та тикув машиналаридан фойдаланишни, турли чокларни тикишни ўргандим, ҳам ҳунарли бўлдим, ҳам рўзғоримни бутлаб келяпман.

Корхонани кўздан кечираётганимизда бевосита Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект масалалари бўйича вилоят ҳокими маслаҳатчиси Озод Бобомуродовнинг Арнасой туманидаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Жиззах вилояти ҳокими томонидан соҳалар ва тармоқлар кесимида белгилаб берилган топшириқлар ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар ижросини ўрганиш давомида бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди. Корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда мавжуд муаммолари ўрганилди. Шунингдек, фаолиятни янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда рақамлаштиришни жорий қилиш масаласида тавсиялар берилди.

ҚИРҒОВУЛ ВА ТУСТОВУҚНИНГ “КОНИ”

Айдаркўлга кетаверишда йўл ёқалаб Real hunter деб ёзилган бинога кўзингиз тушгандир. Ҳар сафар кўрганимда бу ер овчилик ҳудуди бормикан, дея қизиқардим. Бу гал ўша ерга бориб, корхона фаолияти билан танишдик.

—Фирмамиз 2024 йил март ойида ташкил топган, — дейди Professional Assets management  МЧЖ бош директори Шуҳрат Мавланов. — Бу ерлар 5-6 йиллар аввал қаровсиз жойлар бўлиб, обод қилиш учун маҳаллий инвесторлар кўмагида 1 млн АҚШ долларига яқин инвестиция киритилди. Real hunter МЧЖда балиқ урчитилишини йўлга қўйганмиз, она балиқ етиштирилиб, икрасини 2-2,5 килолик балиқ бўлгунча парваришлаб боқилади. Айдаркўл тизимини балиқлантирамиз, керакли қисми сотувга чиқарилади. Бу экологик муҳитни яхшилайди,  биохилма-хилликни сақлаб қолади. Бундан ташқари, туризм ривожига ҳам  ҳисса қўшиляпти. МЧЖ томонидан бир йилда икки марта кўлга балиқ урчитиб ташланади. 100 гектар еримиз, 40 та сунъий кўл ҳавзаларимиз мавжуд. Жорий йилнинг баҳорида кўлга 80 тонна толстолоб, сазан ва оқ амур каби балиқлардан ташладик. Лабораториямиз ҳам мажуд бўлиб, унда балиқлар касалликларига қарши курашилади, илмий тадқиқотлар олиб борилади, турли чора-тадбирлар кўрилади.

Бундан ташқари, паррандачилик бўйича ҳам янги йўналишлар очдик. Бедана фабрикамизда 25-30 мингтага яқин бедана парваришланяпти. Кунига 10 мингта тухум, ойига 2 тоннага яқин гўшт маҳсулотларини бозорга етказиб берилмоқда.   Шунингдек, ёввойи қушларни парваришлаш учун махсус жой ҳам ташкил қилинган. У ерда қирғовул, тустовуқ, каклик каби ёввойи қушларни парвариш қиламиз. Айдаркўл ҳудудида 6 минг гектарга яқин овчилик хўжалиги мавжуд бўлиб, ов мавсуми бошланганда ёввойи қушларни табиатга қўйиб юборамиз.

Ҳозир учинчи йўналиш бўйича иш олиб боряпмиз: Хитой, Корея ва Эрон — шу учта давлатдан мутасаддилар келиб креветка ва денгиз балиқларини етиштиришни таклиф қилишяпти Денгиз балиқлари ва креветкаларни етиштиришда кўл сувини ўрганиш мақсадида намуна олиб кетишди. Ҳозир бу борада ишлар жадал олиб бориляпти. Корхонамиз энг охирги жиҳозлар билан жиҳозланган. Унда 50 нафар ходим ишлайди. Улар асосан шу ҳудуддаги қишлоқлардан жалб қилинган.  Бугунги кунда балиқчилик бўйича икки турдаги 15 та урчитиш (инкубацион) жиҳозимиз  мавжуд. Келгуси йилга уларни икки баравар кўпайтириб, балиқ сониниям кўпайтиришни режа қиляпмиз. Бу йилнинг ўзида 100 миллионта личинка очирилди.  

ЭНДИ  ЕРЛАР  ҚАҚРАМАЙДИ

“Бахтли” маҳалласи ҳудудида чиқиндихонага айланган катта жой бор эди. Кун келиб, бу ер туман ҳокими топшириғи билан  2-3 кун давомида чиқиндидан халос этилгани кўпчиликни қувонтирди!

Ўрнида 2025 йил март ойида Хитой Халқ Республикасининг “Boshiran” Co.Ltd компанияси томонидан ташкил этилган “Great Agrotex” МЧЖнинг “Томчилатиб суғориш технологияларини ишлаб чиқариш ва ўрнатиш” лойиҳасининг амалга оширилиши эса яна бир янгилик бўлди. Лойиҳа натижасида кўплаб янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Ҳозирги кунда мазкур МЧЖ томонидан  3107 гектар  ер майдони “Е-Аукцион” онлайн савдо орқали ижарага олиниб, 1000 гектардан ортиқ ерда томчилатиб суғориш технологиялари заводини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

—  Ушбу ойиҳа қиймати 30 млн долларни ташкил қилади, — дейди “Туризм бизнес” корхонаси иш бошқарувчиси  Шерзод Турғунов. — Завод қурилиши 2 йил муддатга белгиланган, битгач, бу ерда 200-300 нафар ишчи ходим  учун янги иш ўрни яратилади. Ҳозирда қурилиш ишлари кетяпти, заводнинг асосий биноси ангар қисмида металл конструкция ишлари бормоқда. Тез кунларда 4 қаватли ётоқхона қурилишини ҳам бошлаш арафасидамиз. Заводда бир йилда 10 -20 минг метрли пластик қувурлар ва бошқа деталлар ишлаб чиқарилади. Айни пайтда 40 нафар ишчи ишлаяпти. Заводнинг ишлаб чиқариш биноси 2,5 гектарни ташкил этади.

КАМАЛАКНИНГ ЕТТИ ЖИЛОСИ — АРНАСОЙДА

Ғолиблар шаҳарчасида “Powder Coatings Jizzax” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси томонидан замонавий бўёқ заводи ишга туширилди.

Корхона асосан юқори сифатли бўёқлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Лойиҳанинг йиллик қуввати 500 тоннани ташкил этади. Умумий қиймати 20  млн долларни ташкил этиб, келгусида 70 та янги иш ўрни яратилади. Е-аукцион орқали 0.9 гектар ер олиниб, бугунги кунда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланган. Технологиялар ва ускуналар ўрнатилиб, жорий йилнинг февраль ойида завод ишга туширилди. Бу билан келгусида 4.5 млрд сўмдан ортиқ бюджетга тушум яратилади.

ЯНГИБЎСТОН  БОҒЛАРИ
Янгибўстон маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнаткаш нуроний Рўзимурод бобо томонидан йўл бўйида намунали боғ ташкил этилди.

Бугун боғ ҳудуд ободончилиги ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга хизмат қилаяпти. Турли мевали ва манзарали дарахтлар экилган боғ нафақат маҳалла кўркига кўрк қўшяпти, балки йўловчилар учун ҳам файзли ва яшил масканга айланмоқда.

—Бу ер бўш турган, ташландиқ жойлар эди, невараларим билан биргаликда уни яшил майдонга айлантирдик, — дейди Рўзимурод бобо. — Чеккаларига сим тортдим, ободонлаштирдим. Бошланишига 5 мингта қаламча тайёрладик. Шундан 1,5 мингта тут, жийда каби ҳар хил мевали дарахтлардан экдик. Туман ҳокими боғимизни кўриб, рағбатлантириб турибди. Бу мевалар ҳосилга киргач, биз емасак, невараларимиз, кўча-кўйдан ўтган йўловчилар баҳраманд бўлишар, ортимиздан дуо қилишар, деган ниятда боғ яратдик. Соясини кўряпсизлар, қандай қуюқ! Президентимиз ҳар соҳада бир қулайлик яратаяпти, шуларни ҳар бир одам ўз ҳаётида қўлласа бўлади. Қани эди, 5-10 метр жойни ҳар ким қараб, обод қилса, савоб олса!

ЗАМОНАВИЙ  ИСТИРОҲАТ  МАСКАНИ
Бугун туманнинг Ғафур Ғулом маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган замонавий истироҳат боғида қурилиши ишлари давом этаётир.

Ҳадемай бу ерда битта катта амфитеатр, 2 та фаввора, сузиш ҳавзаси, аттракционлар, болалар майдончаси, савдо шахобчалари қурилиб, суғориш тизими ўрнатилади. Келгусида ушбу истироҳат боғининг аҳоли, айниқса, ёшлар ва оилалар учун замонавий ҳамда қулай дам олиш масканига айланиши кутилмоқда.

ЁШЛАР  УЧУН  ЯНГИ  БИНО
Июль ойининг бошида туман ёшлари учун замонавий Ёшлар маркази қайта жиҳозланган ва таъмирланган ҳолда фойдаланишга топширилди.

Бобур маҳалласида жойлашган, бир вақтнинг ўзида 500 нафаргача ёшни ўз бағрига сиғдира оладиган ушбу  замонавий масканда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши, замонавий ахборот технологияларини эгаллаши,  ижодий тўгаракларда қатнашиши, шунингдек, бўш вақтини мазмунли ташкил этиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Эндиликда бу ер ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлайдиган, истеъдодларини юзага чиқарадиган ҳамда турли лойиҳалар, семинар-тренинглар ва учрашувлар ўтказиладиган замонавий марказга айланади.

МУСТАҚИЛЛИК ИНШООТЛАРИ ҚАД КЎТАРМОҚДА

Юртдошларимизнинг мустақиллик айёмини нишонлаши арафасида туманда ҳам қатор иншоотлар фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Дўстлик МФЙ 2-сонли оилавий поликлиникасини, Бахтли МФЙ ҳудудидаги 3-сонли ДММТни таъмирлаш ҳамда бошқа қатор иншоотлар шулар жумласидан.

Хусусан, Бахтли маҳалласида жойлашган 11-сонли умумтаълим мактаби ҳудудида 250 ўринли замонавий фаоллар зали қуриб битказилди. Ҳозирда бинода ички ва ташқи пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Мустақиллик айёми  фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган ушбу замонавий иншоот ўқувчиларнинг маънавий-маърифий тадбирлари, учрашувлар, байрам тантаналари ҳамда бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш учун қулай шароит яратади. Мазкур объект мактаб инфратузилмасини янада яхшилаш ҳамда ўқувчилар учун замонавий ва қулай шароитларни кенгайтиришга қаратилган.

НАВРЎЗ ҚЎРҒОНИГА КЕЛАВЕРАСИЗ!
Бугун Наврўз қўрғонида барпо этилаётган туризм қишлоғида кенг бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Наврўз қўрғонида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа ҳудудда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги хизмат турларини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.   Июнь ойида бу ерда 6 та 53 ўринли оилавий меҳмонхона уйлари ташкил этилди. Туризм қишлоғи тобора қад кўтариб, тобора ороланиб бораётир.

Ҳадемай, маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг кўплигидан туманга йўл тополмай қолишингиз аниқ. Ҳадемай, мовийранг мавжлар аро ястанган Арнасойнинг кўл қўйнидаги дурга айланиб бораётганлигини ҳам ҳис этмай, иложингиз қолмас…

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *