Тадбиркор ҳуқуқи—бизнес барқарорлигининг муҳим шарти. Ўз фаолиятини эркин давом эттириши учун тадбиркорнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши муҳим. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 20 август —Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакиллари билан VI очиқ мулоқотига тайёргарлик жараёнида ушбу йўналишдаги мурожаатлар алоҳида ўрганилмоқда.
Жорий йилнинг 11 август ҳолатига @ochiq muloqot 2026_bot ҳамда 1100, 1094 қисқа рақамлари орқали тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича 1132 мурожаат келиб тушди. Уларнинг 649 таси ҳал этилди, 483 та мурожаат бўйича ўрганишлар давом этмоқда. Натижадорлик 57 фоизни ташкил этди.
Мурожаатларда тадбтркорларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда ҳуқуқий масалаларга амалий ечим топиш билан боғлиқ масалалар кўтарилган. Ҳар бир ҳал этилган мурожаат аслида тадбиркорнинг ўз фаолиятини қонуний асосда ва ортиқча тўсиқларсиз давом эттириш учун яратилган имкониятдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 декабрдаги “Тадбиркорлар билан тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан мутасадди идоралар томонидан тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ташкил қилиш, уларнинг фаолиятида юзага келадиган масалаларни аниқлаш ва муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш вазифаси юкланган.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Жиззах вилоятидаги шуъбаси мудири Дилмурод Саъдуллаевнинг Шароф Рашидов тумани тадбиркорлари билан учрашуви туман ҳокимлигининг кичик мажлислар залида бўлиб ўтди.
Сайёр қабулда ўттизга яқин назоратчи қилувчи органлар ва ташкилотлар раҳбарлари, туманда фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирок этди. Бизнес омбудсман билан бўлган юзма-юз мулоқотда тадбиркорлар солиқ, кадастр, кредит, жарима ва қарздорлик масалалари бўйича мурожаатлари тингланди. Очиқ мулоқот—тадбиркор ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатини таъминлаш майдони. Шароф тумани тадбиркорлари билан ўтказилган мулоқотда ҳудуд тадбиркорларининг таклифлари эшитилди. Тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда қонунчиликдаги янгиликлар, ўзгаришлар, имтиёз ва енгилликлар ҳақидаги мутахассисларнинг берган маълумоти ва ахбороти тадбиркорлар учун фойдали бўлди.
Сайёр қабулда қўшимча ўрганишлар талаб қиладиган мурожаатлар алоҳида назоратга олинди.
Зоир КАЛОНОВ.