Юртимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида барча ҳудудларда бўлгани каби Ғаллаорол туманида ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйилди. Ҳар бир соҳада аниқ режалар, тизимли ёндашув ва аҳил меҳнат эвазига жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги юқори натижалар билан якунланди. Бу ютуқлар аввало меҳнаткаш халқимиз, тадбиркорларимиз, фермерларимиз, ишлаб чиқарувчиларимиз ҳамда барча соҳа ходимларининг фидокорона меҳнати самарасидир.
Биринчи ярим йилликда туманимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 7,6 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 110,5 фоизга ўсиш таъминланди. Айниқса, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тўқимачилик ва электротехника соҳаларида юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. Бу эса саноат салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш борасидаги ишлар изчил давом этаётганидан далолат беради. Саноат корхоналари фаолиятини доимий ўрганиш ва мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида туман ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган “Саноат штаби” томонидан қатор корхоналардаги муаммолар бартараф қилиниб, уларнинг барқарор ишлаши таъминланди. Бу эса иқтисодий ўсишга қўшимча туртки берди. Хизматлар соҳаси ҳам туман иқтисодиётининг муҳим драйверига айланиб, биринчи ярим йилликда бозор хизматлари ҳажми 684,3 миллиард сўмга етказилди ва 118,8 фоизлик ўсиш таъминланди. Янги хизмат турлари, хусусий секторнинг фаоллиги ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада оширди.
Қишлоқ хўжалигида ҳам салмоқли натижалар қўлга киритилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 триллион сўмга етказилиб, 103,3 фоизлик ўсиш таъминланди. Деҳқон ва фермерларимиз томонидан ердан унумли фойдаланиш, интенсив технологияларни жорий этиш борасида амалга оширилган ишлар ўзининг муносиб самарасини бермоқда.
Қурилиш соҳаси эса иқтисодиётнинг энг фаол йўналишларидан биридир. Биринчи ярим йилликда қурилиш ишлари ҳажми 249,4 миллиард сўмга етказилиб, 161,1 фоизлик ўсишга эришилди. Бу борада Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Жадал комплекс ривожлантириш” дастури муҳим аҳамият касб этди. Дастур доирасида Ғаллаорол туманига республика бюджетидан 70 миллиард сўм маблағ ажратилди ва ушбу маблағларнинг 100 фоизи тўлиқ ўзлаштирилди. Натижада туман ҳудудида 41 та ижтимоий ва инфратузилма объектида қурилиш ҳамда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу ишлар аҳоли учун янада қулай шароитлар яратиш, таълим, тиббиёт, коммунал хизматлар ва бошқа ижтимоий соҳалар сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, “Янги Ўзбекистон қиёфаси”даги туманлар дастури доирасида 11 та объект учун республика бюджетидан 30 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бугунги кунда мазкур объектларнинг барчасида қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
“Янги Ўзбекистон қиёфаси”даги маҳаллалар дастури доирасида эса Лалмикор ва Маданият маҳаллаларидаги инфратузилма объектларини барпо этиш учун 10 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Ҳозирда барча объектларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда ва айримлари фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Президентнинг тегишли қарори асосида оғир тоифадаги маҳаллалар –Оқтепа, Кенгкўлсув, Нахроч, Гулчамбар ва Саврук маҳаллаларида 10 та объект қурилиши учун республика ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан жами 15 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бугунги кунда барча объектларда қурилиш ишлари ташкил этилган бўлиб, бир қатор объектлар аллақачон фойдаланишга топширилди. Инвестиция соҳасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Инвестиция дастурлари асосида 52,3 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Ҳудудий инвестиция дастури доирасида 13 та янги лойиҳа ишга туширилиб, 57 та янги иш ўрни яратилди. Туманимиз ташқи иқтисодий фаолияти ҳам кенгайиб бормоқда. Биринчи ярим йилликда экспорт ҳажми 9,7 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан икки баробардан зиёд ўсишга эришилди. Айниқса, саноат ва мева-сабзавот маҳсулотларининг ташқи бозорларга чиқарилиши кенгайди.
Эришилган натижалар, аввало, халқимиз билан очиқ мулоқот, ҳар бир маҳалладаги муаммоларни жойида ҳал этиш, инвестицияларни самарали ўзлаштириш ва аҳил меҳнат самарасидир. Олдимизда турган вазифалар ҳам улкан. Биз ҳар бир маҳаллада муносиб турмуш шароитини яратиш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, янги иш ўринларини кўпайтириш, саноат ва тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш йўлида бошланган ишларни янада юқори босқичга олиб чиқамиз.
Ишончим комилки, меҳнаткаш халқимиз, тадбиркорларимиз, фермерларимиз, зиёлиларимиз ва фаол ёшларимиз билан биргаликда йил якунида янада юксак натижаларга эришиб, Ғаллаорол тараққиётини янги босқичга олиб чиқамиз.
Жалолитдин ОҚБОЕВ,
Ғаллаорол тумани ҳокими.

ТАНДИР ТАФТИДА ПИШГАН УМР
Халқимизда “Нон бор уйда барака бор”, деган нақл бежиз айтилмаган. Ҳар куни дастурхонимизга келаётган иссиқ нон ортида қанча меҳнат, қанча машаққат ва қанча фидойилик мужассам эканини кўпчилик ҳис қилавермайди. Хизмат сафаримиз давомида ана шундай ҳалол меҳнати билан халқ дуосини олаётган инсонлардан бири — “Дўстлик” маҳалласи тадбиркори, “Олтин бошоқ” нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Алишер Собиров хонадонида бўлдик.
“Дўстлик” маҳалласи азалдан меҳнаткаш ва тадбиркор инсонлари билан эътироф этилади. Бу ерда меҳнат қадрланади, ризқ ҳалол меҳнат билан топилади. Алишер Собиров ҳам 19 йилдирки ана шу муҳитда ўз меҳнати билан эл ҳурматини қозонган ёшлардан. У раҳбарлик қилаётган нонвойхонада бугунги кунда икки турдаги нон ишлаб чиқарилмоқда. Ҳар куни тандирга меҳр билан ёпилаётган 5 минг донага яқин нон нафақат туман маркази аҳолиси, балки чекка ҳудудлари ҳамда Бахмал туманида яшовчи аҳоли дастурхонига ҳам ўз вақтида етказиб берилади.
Тонг ҳали ёришмасидан бошланадиган меҳнат кечгача давом этади. Эрта тонгда одамлар иссиқ нон харид қилиши учун у тун ярмиданоқ тандирга ўт қалайди, хамир қориб, уни меҳр билан пиширади.Тандир ҳарорати, хамирнинг меъёри ва ноннинг сифатига бўлган талаб бир дақиқа ҳам сусаймайди.
–Нонвойлик катта сабр ва юксак масъулият талаб қилади, –дейди Алишер. – Бу машаққатли меҳнатни фақат касбини чин дилдан севган инсонгина уддалай олади. Ҳар бир ёпган нонимиз кимнингдир дастурхонига барака, кимнингдир фарзандига ризқ бўлиб бораётганини ҳис қилиш бизга куч бағишлайди. Шунинг учун ризқ-рўзимиз бўлган нонни виждон билан, меҳр билан тайёрлаймиз.

Дарҳақиқат, корхонада иш жараёни ҳамжиҳатлик ва интизом асосида ташкил этилган. Бу ерда ҳалол меҳнат қилаётган Ўғлой Қаршибоева, Хуршида Зиётова, Лайло Умирова, Азиз Ҳусанов, Гулмира Юсупова, Мавжуда Назарова, Зилола Зиётова каби ишчи-ходимлар ўз вазифасига масъулият билан ёндашади. Ноннинг сифати, таъми ва халқ ишончини сақлаб қолиш эса жамоанинг энг асосий мақсади ҳисобланади.
ГИЛОСЗОРЛАР –ЭКСПОРГА ЭЛТУВЧИ БОҒЛАР
Қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувларни жорий этиш, интенсив боғдорчиликни ривожлантириш ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш бугунги кунда мамлакатимиздаги устувор йўналишлардан бирига айланди. Бу борада Кўкбулоқ ҚФЙ ҳудудида амалга оширилаётган янги лойиҳа нафақат ҳудуд иқтисодиёти, балки аҳоли бандлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Мазкур ҳудудда “BMB GARDENS” МЧЖ томонидан қиймати 12 миллиард сўмлик лойиҳа асосида 50 гектар майдонда 50 минг туп замонавий гилос боғи барпо этилган. Айни пайтда боғда агротехник ишлари амалга оширилиб, кўчатларни ҳашаротларга қарши зарарсизлантириш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш ҳамда шакл бериш ишлари давом этмоқда. Айниқса кўчатларни узлуксиз суғориш мақсадида 5 та сув ҳавзаси барпо этилиб, томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилди.
Замонавий агротехнологияларнинг жорий этилиши сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, дарахтларнинг барқарор ўсиши ва юқори ҳосилдорликка эришишда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса келгусида сифатли, рақобатбардош ва экспорт талабларига жавоб берадиган гилос етиштириш имкониятини янада кенгайтиради. Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, етиштирилган ҳосилни фақат маҳсулот сифатида сотиш эмас, балки уни бирламчи қайта ишлаш корхонаси ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Бу орқали маҳсулотнинг қўшимча қиймати оширилиб, ички бозор билан бир қаторда ташқи бозорларга ҳам чиқариш имконияти яратилади.
–Асл ватани Польша давлати бўлган “Батермо” навли гилоснинг мевалари йирик бўлади,– дейди “BMB GARDENS” масъулияти чекланган жамияти бош директори Дилшод Санаев. –Майдонларимизга юз фоиз томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилган. Гилослар уч йилда биринчи ҳосилга киради. Шунингдек, ҳар йили 1,1 минг тонна гилос ҳосилини бирламчи қайта ишлаш ҳамда уни экспортга йўналтириш имконияти вужудга келади. Кўчатларни асосан кечки салқин тушгандан сўнг тун давомида ва эрталаб соат 9 га қадар суғораяпмиз. Шу тариқа самарадорлик ошиб, ортиқча сув исрофгарчилигининг олди олинади. Айни пайтда 40 нафар доимий ва 200 нафар мавсумий иш ўрни яратилган..
Бундай лойиҳалар нафақат ҳудудда боғдорчилик маданиятини юксалтиришга, балки янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади. Замонавий технологиялар асосида барпо этилаётган гилосзорлар эса келгусида Кўкбулоқнинг экспортбоп маҳсулотлар етиштирувчи ҳудудлардан бирига айланишига мустаҳкам замин яратмоқда.
ЖИМЖИЛОҚ КЎМИЛГАН ҚАДАМЖО
Саъд ибн Абу Ваққос зиёратгоҳи ҳақида эшитмаган, уни бориб кўрмаган киши йўқ назаримда. Ғаллаорол туманининг Авлиё қишлоғида жойлашган, 14,2 гектарни ташкил этадиган зиёратгоҳнинг юқори қисми – Кўлбўйи ҳудуди шифобахш булоқлари, ноёб қора балиқлари, гўзал ва мафтункор табиати, бетакрор манзаралари билан ҳар қандай кишининг эътиборини тортади. Қадамжонинг пастки қисмидан кўҳна масжид ва хилхона ўрин олган. Масжид ХIХ асрда жиззахлик уста Комил, уста Қобил, уста Зуҳур ва уста Мирзиёлар томонидан бунёд этилган. Бинодаги ганчкорлик ишлари ўта маҳорат билан бажарилган. Унинг шифтидаги ранго-ранг нақшлар бир пайтлар моҳир наққош сифатида донг таратган Мирзо Зоҳид ва уста Бобожон ижодига мансуб бўлиб, бизнинг кунларимизгача ҳам ўз оҳорини йўқотмаган.
Маҳаллий аҳоли ўртасида тарқалган ривоятларга кўра, Саъд ибн Абу Ваққос пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг яқин саҳобаларидан бўлиб, ҳозирги Авлиё қишлоғи яқинида ғайридинлар билан бўлиб ўтган жангда яраланган ва жимжилоғи узилиб тушган. Натижада хонақоҳ ўрнига у кишининг қони тўкилган. Саркарданинг жимжилоғини қишлоқнинг шимол тарафидаги қабристонга дафн этишган (бу ерда чоғроқ хонақоҳ бор). Бу табаррук зотнинг қони томган, кўл бўйига яқин жойда ҳам хонақоҳ барпо қилинган. Шундан сўнг Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.) Арабистонга қайтиб кетиб, узоқ умр кўрган ва кексайиб вафот этган.

Ҳозирги пайтда бу жойларда гўзал, фусункор манзара касб этган. Вилоят ҳокимлигининг доимий ғамхўрлиги ва эътибори ҳамда саховатпеша, қалби тарихий қадриятларга ҳурмат билан лиммо-лим кишиларнинг хайри-эҳсонлари ва саъйи ҳаракатлари эвазига зиёратгоҳда апрель ойида таъмирлаш ишлари бошланган.
–Зиёратгоҳда бир кунда 500 нафар меҳмонларни қабул қилиш имконияти бор,– дейди маскан раҳбари Аброр Қувондиқов. –Бу ерда ёз ва баҳор ойларида зиёратчиларнинг қадами узилмайди. Баҳор ойида бошланган биринчи босқич таъмирлаш ишлари учун 1 миллиард сўм маблағ сарфланди. Кейинги босқич қурилиш-таъмирлаш ишлари учун яна 4 миллиард сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган. Бу жараёнда қадамжо атрофи тартибга келтирилиб, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратилади, янги ўриндиқлар ўрнатилади, болалар ўйингоҳи қурилиб, маскан обод гўшага айлантирилади.
“КЎМАК”–БИР ЛОЙИҲА, МИНГ ИМКОНИЯТ
Ғаллаорол туманида ёшларнинг билим олиши, хорижий тилларни пухта ўзлаштириши ва замонавий касб-ҳунарларга эга бўлиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 июндаги қарори асосида амалга оширилаётган “Кўмак” лойиҳасидир. Лойиҳа доирасида чет тилларини ўрганиш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур лойиҳа асосида туманда халқаро стандартларга жавоб берадиган, хорижий тилларга ихтисослашган ўқув марказлари ташкил этилиб, ёшлар учун замонавий ва қулай таълим муҳити шакллантирилмоқда. Шунингдек, ёш тадбиркорларга 3 йил муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан 130 миллион сўмгача фоизсиз ссуда маблағлари ажратиш тизими ҳам жорий этилган. Бугунги кунга қадар ушбу имкониятдан фойдаланиш истагини билдирган 8 нафар ёш тадбиркорга 130 миллион сўмдан фоизсиз ссуда маблағлари ажратилди. Бунинг натижасида туманга 1 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция жалб қилиниб, ёшлар учун 9 та замонавий ўқув маркази ташкил этиш ишлари бошланди. Айни пайтда шуларнинг 7 таси фаолият юритмоқда, яна 1 та марказда таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Фаолият бошлаган марказлар орасида “Темурий”, “Беруний”, “Ибрат”, “Турон”, “Тўмарис”, “Тараққиёт” ва “Ал-Бухорий” ўқув марказлари бор. Уларда инглиз, рус, математика, биология ва она тили каби йўналишлар бўйича дарслар ташкил этилган. Мазкур марказларда юзлаб ўқувчилар таълим олиб, малакали ўқитувчилар иштирокида ўтилаётган машғулотлар ёшларнинг тил билими ва интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, лойиҳа нафақат ёшларни сифатли таълим билан қамраб олишга, балки янги иш ўринларини яратиш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллаларда таълим инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).