Юртимизда тадбиркорлик ривожини янги босқичга кўтариш, мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш борасидаги хизматлари, иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини оширишга қўшган ҳиссаси, бизнесда эришаётган салмоқли натижалари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги муносиб иштироки учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойишига кўра вилоятимизнинг саккиз нафар тадбиркори соҳа ходимлари куни олдидан “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Улар орасида Шароф Рашидов тумани “Самарқандқудуқ” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасидаги “Пахтакорлик Диёржон даласи” фермер хўжалиги раҳбари Нуриддин Абжалов (суратда) ҳам бор. Мана ўн йилдирки Н. Абжалов бошлиқ фермер хўжалиги азаматлари ҳар йили пахта ва ғалладан давлат шартномавий режасини ортиғи билан адо этиб келишаётир. Жорий йилда 700 гектар майдонда Хитой-57 ғўза нави экилди. Айни пайтда қўшқатор усулда экилган ғўзанинг ривожи баравж. 200 гектар майдондаги экин томчилатиб суғориш усулида парвариш қилинмоқда.
Фермер хўжалиги раҳбари элликта доимий иш ўрни яратган. Мулкдорнинг 50 дан зиёд қишлоқ хўжалиги техникалари мавжуд. Бундан ташқари, қишлоқ мулкдорига тегишли “Янги Арнасой Азиз техникаси” МЧЖга қарашли техника сақлаш марказидаги қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари бошқа фермерларга ҳам шартномага асосан хизмат кўрсатади.
Кўп тармоқли фермер хўжалигида айни пайтда 60 бош наслли сигир, уч юз бош парранда, икки гектарда балиқ парвариш қилинаяпти.
—Президентимиз тадбиркорларга жуда катта эътибор қаратаяпти,—дейди Нуриддин Абжалов. —Фермернинг, деҳқоннинг меҳнати қадрланаётганидан хурсандмиз. Халқимизнинг дастурхонини тўкин бўлиши, янги лойиҳаларни амалга ошириб, иш ўринларини яратиш учун энди бунданда катта куч ва қувват билан меҳнат қилишга ҳаракат қиламиз.
Зоир ЭРГАШЕВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).