ХОЛМУҲАММАДНИНГ ШАШТИ БАЛАНД

Тадбиркорлик — бу шунчаки даромад топиш эмас, аввало, имкониятни кўра билиш, таваккал қилиш, меҳнатдан чўчимаслик ва ўз ортидан бошқаларни ҳам эргаштира олишдир. Бугун юртимизда минглаб ёшлар ана шундай қатъият билан ўз бизнесини йўлга қўйиб, нафақат оиласи фаровонлигини таъминламоқда, балки янги иш ўринлари яратиб, ҳудудлар иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Пахтакор туманида фаолият юритаётган 35 ёшли  Холмуҳаммад Мирзаев ҳам ана шундай ёш тадбиркорлардан бири. Унинг тадбиркорликдаги бугунги муваффақияти ортида эса бир неча йиллик меҳнат, изланиш ва энг муҳими, отадан фарзандга ўтган тажриба мактаби турибди.

Холмуҳаммад  ёшлигидан отасининг ёнида юриб, савдо-сотиқнинг нозик жиҳатларини, харидор билан ишлашни, маҳсулот танлашни, ҳисоб-китобни, энг муҳими, тадбиркорликдаги масъулият ва сабрни ўрганди. Йиллар давомида орттирилган тажриба унга 2024 йилда мустақил фаолият бошлаш учун мустаҳкам замин бўлди.

Бугун унинг фаолияти ишлаб чиқариш ва савдо йўналишларини қамраб олган. “Чинор савдо” маиший техника дўкони ҳамда унинг ёнида фаолият юритаётган “Чинор мебель” корхонаси шулар жумласидандир. Мебель ишлаб чиқариш корхонасида меҳмонхона, ошхона, ётоқхона  учун замонавий, харидор диди ва талабига мос турли хил мебеллар тайёрланади. Маҳсулотларнинг барчаси маҳаллий хомашё ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилиб, ички бозор эҳтиёжини қондиришга хизмат қилмоқда.

—   Маҳсулотларнинг бир қисмини Тошкент орқали, жумладан, Хитойдаги ҳамкорларимиздан олиб келамиз. Биз аввало, халқ билан ишлаймиз. Одамларга фойдамиз тегишини истаймиз. Мебель маҳсулотларимизга ҳам талаб юқори. Шунинг учун энг катта эътиборни сифатга қаратамиз, — дейди Холмуҳаммад Мирзаев.

Бугунги кунда унинг корхоналарида 16 нафар ёшлар доимий иш билан таъминланган.  

Холмуҳаммад Тошкент маҳалласида 1 гектар 15 сотих майдонда “Мўъжиза” истироҳат боғи барпо этмоқда. Мазкур мажмуада иккита овқатланиш маскани ҳамда еттита аттракцион ташкил этилиши режалаштирилган.

Лойиҳани амалга оширишда замонавий молиявий имкониятлардан унумли фойдаланилган. Холмуҳаммад Мирзаев Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан Ҳамкорбанк орқали асосий воситаларни харид қилиш учун 130 минг АҚШ доллари миқдорида, 5 йил муддатга йиллик 8,5 фоиз ставкада мақсадли кредит жалб қилган.  

— Янги лойиҳани бошлаш арафасида, албатта, кўп ўйладим. Чунки бу аввалги фаолиятимиздан анча катта лойиҳа эди. Муайян қийинчиликларга ҳам дуч келдик. Аммо тадбиркорлар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар, берилаётган кўмак бизга катта далда бўлди. Шу ишонч билан ишни бошладик. Ҳозирда аттракционларнинг фақат биттаси қолди. Уни ҳам яқин кунларда ўрнатиб, мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Мўъжиза” истироҳат боғини фойдаланишга топширишни режалаштиряпмиз. Ўйлайманки, бу маскан туманимиз аҳолиси учун яхши янгилик бўлади, — дейди ёш тадбиркор.

Холмуҳаммад Мирзаев эришган натижалари билан кифояланмоқчи эмас. Унинг  мақсадлари бир талай.  Келгусида фаолиятини янада кенгайтириш, янги ишлаб чиқариш йўналишларини йўлга қўйиш ва қўшимча иш ўринларини яратиш ниятида.

Худойберди ЗИЁТОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *