Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Жиззах вилоят кенгаши ҳамда Фориш тумни ҳокимлиги ташаббуси билан Фориш туманида авторалли бўйича Жиззах вилоят кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб янги ҳаёт ва келажак яратамиз” шиори остида ташкил этилган турнир автопойгачиларни яна бир бор тезлик, жасорат ва маҳорат майдонига чорлади. Унда Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидан ташриф буюрган 40 нафар сара спортчи “А-8” ва “А-9” синфлари бўйича кескин баҳсларга киришдилар.
Боғдон маҳалласидаги белгиланган старт чизиғидан йўлга чиққан экипажлар мураккаб трассадаги ҳар бир бурилиш, баландлик ва нотекисликни маҳорат билан енгиб, белгиланган масофани имкон қадар қисқа вақтда босиб ўтиш учун курашдилар. Банд ва Қизилқум қишлоқларидаги чангли йўллараро мураккаб бурилишлар, юқори тезлик ва хавф омиллари ҳар бир иштирокчидан нафақат техник маҳорат, балки мустаҳкам ирода талаб қилди. Зеро, автораллида ғалаба фақат тезлик билан эмас, балки ҳайдовчининг маҳорати, реакцияси, тактик ёндашуви ва мураккаб йўл шароитига мослаша олиши билан белгиланади.
—Бундан мусобақаларни ўтказишдан асосий мақсад вилоятимизда спортнинг техник турларини оммалаштириш ва бу йўналишга қизиқувчи ёшларга ўз қобилиятини намоён этиш учун муносиб майдон яратишдир, — дейди Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг вилоят кенгаши раиси ўринбосари Шерзод Назаров. — Ушбу баҳслар тажрибали спортчилар билан бир қаторда янги иштирокчиларнинг истеъдодини аниқлашга хизмат қилади. Жорий йил Мўйноқда ўтказилган йирик автоспорт тадбиридан сўнг энди Жиззахни ҳам халқаро миқёсдаги мусобақа марказига айлантириш режамиз бор.
Фориш раллисининг якуний натижаларига кўра, “А-8” синфида жиззахлик Санжар Набиев ва Жавоҳир Тошпўлатовдан иборат экипаж ғолибликни қўлга киритди. “А-9” синфида эса сирдарёлик Одилжон Норқўзиев ва Ойбек Султоновлар энг юқори натижани қайд этиб, шоҳсупанинг биринчи поғонасидан жой олдилар.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.