Фавқулодда вазиятлар тизимида навбатчи диспетчернинг хизмати кўпинча кўзга ташланмайди. Аммо ҳар бир чақирувни қабул қилиш, вазиятни тўғри баҳолаш ва қутқарувчиларни ўз вақтида йўналтириш айнан шу мутахассиснинг тезкорлиги ва маҳоратига боғлиқ. Бу эса юксак масъулият, ҳушёрлик ва матонатни талаб этади.
Дўстлик тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимининг 8-сон касбийлаштирилган ёнғин-қутқарув қисми навбатчи диспетчери Жўраева Зебо Хазратовна ана шундай фидойи ходимлардан бири. У 1988 йилда Дўстлик туманида туғилган. 2014 йилдан буён мазкур бўлинмада навбатчи диспетчер сифатида меҳнат қилиб келмоқда. Ортда қолган 12 йиллик хизмат фаолияти давомида у минглаб чақирувларни қабул қилиб, ёнғин-қутқарув экипажларининг тезкор ҳаракатланиши ва фавқулодда вазиятларга ўз вақтида етиб боришини мувофиқлаштиришда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Диспетчерлик хизмати фақат телефон қўнғироқларига жавоб беришдан иборат эмас. Ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаш, ҳодиса ҳақидаги муҳим маълумотларни қисқа вақт ичида аниқлаштириш, вазиятни тўғри баҳолаш ва тегишли куч ҳамда воситаларни зудлик билан йўналтириш катта тажриба ва руҳий барқарорликни талаб қилади. Ана шу фазилатлар Зебо Жўраеванинг кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида шаклланган касбий маҳоратининг ажралмас қисмига айланган.
У хизмат интизоми ва масъулияти билан бир қаторда, спортга бўлган қизиқиши билан ҳам жамоада намуна ҳисобланади. Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси шахсий таркиби ўртасида ўтказилган спорт мусобақаларида мунтазам иштирок этиб, бир неча бор фахрли ўринларни эгаллагани унинг иродаси, жисмоний тайёргарлиги ва олдига қўйган мақсадларига қатъият билан интилишини кўрсатади.
— «Мен учун бу касб оддий иш жойи эмас, балки одамларга керакли паллада елкадош бўлиш имкониятидир. Ҳар бир чақирув ортида инсон тақдири, бир оиланинг ташвиши турганини ҳис қилган ҳолда ишлайман. Шундай экан, ҳар бир қарор аниқ ва ҳар бир ҳаракат ўз вақтида бўлиши шарт. Энг катта бахтим — қутқарувчиларнинг ўз вазифасини муваффақиятли бажаргани, инсонлар эса соғ-омон экани ҳақидаги хабарни эшитишдир. Бу менга касбимни янада севиб, янада катта масъулият билан ишлашга куч бағишлайди», — дейди Зебо Жўраева.
Юксак масъулият, касбига садоқат ва инсонпарварлик каби фазилатларни ўзида мужассам этган Зебо Жўраева каби ходимлар фаолияти туфайли фавқулодда вазиятлар хизмати тизими ишончли ва самарали фаолият юритмоқда. Улар тинчлигимиз ва хавфсизлигимиз йўлида сидқидилдан хизмат қилиб, ўз меҳнати билан жамият эҳтиромига муносиб бўлиб келмоқда.
Шахноза ДЖАЛИЛОВА.