“ЭРТАНГИ КУНГА ИШОНЧ БИЛАН БОРАЁТГАН МИЛЛАТМИЗ”

Дунёдаги кўпчилик тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд бўлиб, давлат бошқарувининг бундай демократик усули Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг ҳисобланади.
Бугунги кунгача  Ўзбекистон Республикаси Президентининг миллий парламентга Мурожаатномаси бешта бўлиб, улардан   илк Мурожаатнома 2017 йил 22 декабрда тақдим этилган. Давлат раҳбари 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида 2019 йил Ўзбекистонда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинди.

Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича  сўз юритди ҳамда  мамлакатни келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб олинди.

 Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига  кейинги Мурожаатномаси 2022 йил 20 декабрда тақдим этилди.

 Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат  Мирзиёевнинг  Навбатдаги Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига  Мурожаатномаси 2025 йил 26 декабрда тақдим этилди.

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган ушбу  Мурожаатномасида мамлакатимизнинг сўнгги йилларда босиб ўтган тараққиёт йўлини чуқур таҳлил қилиш, эришилган натижаларни баҳолаш ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб бериши билан алоҳида аҳамият касб этди.

Юртбошимиз  Мурожаатномасининг   аввалида сўнгги тўққиз йил ичида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб, иқтисодиётни тубдан янгилаш, бозор муносабатларини жорий этиш, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида катта ютуқларга эришилганини алоҳида таъкидлади. 

 Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътиборни қаратдилар: “Биз – бугун 38 миллиондан зиёд катта халқмиз. Машаққатли ва шарафли меҳнатимиз билан дунёда ҳурмат топаётган, эртанги кунга ишонч билан дадил бораётган, матонатли ва ғурури баланд миллатмиз.

..Албатта, бугунги мураккаб замонда ёшларимизни турли синовларга чидамли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш, халқимизни янада бирлаштириш ва жипслаштиришда, ҳеч шубҳасиз, ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган маҳалланинг ўрни ва аҳамияти катта.

Маҳалла ва яхши қўшничилик ўзаро уйғун қадриятлардир. Улар жамиятда инсоний ва ижтимоий капитални янада бойитишга беқиёс ҳисса қўшади. Мамлакатимизда ўтказилган ижтимоий сўровларда иштирок этганларнинг 90 фоиздан кўпроғи ўзини маҳалла жамоасининг бир қисми деб ҳисоблаши ҳам шундан далолат беради.

Барчамиз учун ҳам ота, ҳам она бўлган маҳаллага, шу асосда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусининг юқорилиги ушбу институт аввало ижтимоий бирдамлик манбаи эканини кўрсатади.

Албатта, биз учун ҳозирги глобал тараққиёт даврида, дунёда ўта кескин ва таҳликали жараёнлар юз бераётган бугунги кунда миллий бирлик ниҳоятда муҳим ва зарур.

Донишманд боболаримизнинг “Бирлашган – ўзар, бирлашмаган – тўзар”, деган ҳикматли мақоли бор.

Чиндан ҳам, қаранг, кимки бирлашди – ҳаётда ўзди, ғалабага эришди. Кимки бирлашмади – тўзиб, йўқ бўлиб кетди.

Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак.

Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби. Аммо, миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир.

Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади.

Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, 2026 йилни юртимизда “МАҲАЛЛАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ЖАМИЯТНИ ЮКСАЛТИРИШ ЙИЛИ”, деб эълон қилишни таклиф этаман”.

Олдимизга қўйган мақсадларни фақат ўзимиз – катта ҳаётий тажрибага эга маҳалла раислари ва фаоллари, ҳурматли нуронийларимиз, опа-сингилларимиз, серғайрат ёшларимиз, зиёлиларимиз, ишбилармон тадбиркорларимиз, Ватан посбонлари, бир сўз билан айтганда, бутун халқимиз билан биргаликда амалга оширамиз.          

Бугунги кунда жаҳонда кечаётган глобаллашув шароитидаги   мураккаб геосиёсий ва иқтисодий вазият ҳамда хавф-хатарлар ортиб бораётган бир  пайтда Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш йўлини сақлаб қолгани алоҳида қайд этилди. Халқимизнинг бирдамлиги ва жипслиги, ёшларнинг ғайрат-шижоати, маҳалланинг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланиши ва тадбиркорларнинг фаоллиги натижасида 2025 йил мамлакатимиз учун улкан ютуқлар йили бўлди. Айниқса, иқтисодий ўсиш суръатлари барқарорлиги, экспорт ҳажми ошиши, олтин-валюта захиралари рекорд бир даражага етиши Ўзбекистон иқтисодиётининг ишончли асосга эга эканини кўрсатди.

Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимиз тарихида илк бор ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошгани халқимизнинг улкан салоҳияти ва меҳнатсеварлигининг яққол намунасидир. Шу билан бирга, халқаро рейтинг агентликлари томонидан Ўзбекистоннинг суверен рейтинги кўтарилгани мамлакатимизга бўлган ишонч янада мустаҳкамланаётганини англатади ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш, ташқи молиявий ресурсларни арзонроқ жалб қилиш учун кенг имкониятлар яратади.

Давлатимиз раҳбари ўз  Мурожаатномасида аҳоли фаровонлигини  оширишга      қаратилган ижтимоий ислоҳотларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. Камбағаллик даражасининг сезиларли даражада қисқариши, миллионлаб инсонларнинг даромадли бўлиши, “камбағалликдан холи маҳаллалар” сонининг ортиб бориши давлат сиёсатининг тўғри эканини кўрсатди. Айниқса, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш, инклюзив таълимни жорий этиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш каби чора-тадбирлар жамиятда ижтимоий адолат ва тенг имкониятлар тамойилини мустаҳкамлашга йўл очганлигини кўрсатмоқда.

Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўяр эканмиз, бунда ҳар бир соҳа ва тармоқда чуқур трансформацияни амалга оширишни талаб қилади. Бу йўлдаги мақсадимиз  яқин йилларда даромади жон бошига ўртадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига киришдир.

 Фарғона водийсидан Орол бўйигача, Зарафшон воҳасидан Қашқадарё ва Сурхондарёгача, Тошкентдан тортиб, Жиззах ва Сирдарёгача – юртимизнинг қайси ҳудудида яшамасин, ҳар бир фуқаромиз ислоҳотлар натижасини кундалик ҳаётида янада кўпроқ ҳис қилиши керак. Шунинг учун, кириб келаётган 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади.

    Мурожаатноманинг асосий қисми – 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишни ўз ичига олган дастурдан иборат бўлиб, улар қуйидагилардир:

1-йўналиш – Маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш;

2-йўналиш – Иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш;

3-йўналиш – Ички бозорда талабни рағбатлантириш;

4-йўналиш – Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш;

5-йўналиш -Экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш;

6-йўналиш – Замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттириш.              

Иқтисодиётни технологик ва инновацион ривожланиш моделига ўтказиш, “яшил” энергетика, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, стартаплар ва венчур молиялаштиришни ривожлантириш бўйича билдирилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг келгуси ўн йилликларда рақобатбардош давлатга айланишига хизмат қилади.

Президент Мурожаатномасида ёшлар ва касбий таълим давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида таъкидланди. Илғор касбий техникумлар ва “Касблар шаҳарчаси” орқали мактаб ва техникум ўқувчилари қурилиш, сервис, саноат, “яшил” энергетика ва IT каби замонавий касбларга тайёрланмоқда.

Бу каби  чора-тадбирлар ёшларнинг билим олиши, меҳнат бозорига тайёрлиги ва иқтисодиётнинг ривожланиши учун муҳим замин яратади.

 Бугунги кунда иқтисодиётнинг устувор йўналишлари учун юқори интеллектуал салоҳиятга эга бўлган кадрларни тайёрлашга эътиборни кучайтириш зарур.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев доимий равишда таълимни, хусусан, Олий таълимни ривожлантиришга  алоҳида эътибор қаратиб, Мурожаатномада шундай таъкидлайдилар: “Жиззах политехника институтини Венгриянинг нуфузли “Обуда” университети бошқарувига бериш бўйича қарор қабул қилдик. Яқинда Японияга ташрифимиз давомида Ўзбекистонда “Сукуба” миллий университети билан ҳамкорликда аниқ фанлар бўйича янги олийгоҳ ташкил қилиш ҳақида келишиб олдик. Биз бу тажрибани давом эттириб, аниқ фанлар ва техника йўналишидаги олийгоҳларимизга дунёнинг энг нуфузли университетларини жалб қиламиз. Яна бир масала – меҳнат бозорига йилига 300 минг олий маълумотли кадрлар кириб келмоқда. Энди олийгоҳ битирувчилари ва иш берувчилар ўртасида кўприк бўлиб хизмат қиладиган рақамли экотизим яратамиз. Унда талабаларнинг академик кўрсаткичлари ва корхоналардаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар онлайн тарзда кўриниб туради. Ушбу экотизим битирувчи курс талабалари учун ўзига мос иш топиш, корхоналарга эса малакали кадрларни жалб қилиш имконини беради”.

Шунингдек, Мурожаатномада суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, давлат бошқарувини рақамлаштириш, коррупцияга қарши курашни кескин кучайтириш масалалари ҳам қатъий ва аниқ позиция билан баён этилди. 

Мухтасар қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси – бу   йиллик ҳисобот эмас, балки Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги аниқ режа, халқ билан очиқ мулоқот ва келажакка ишонч билан қараш ифодасидир.

Ушбу Мурожаатнома ҳар бир фуқарони Ватан тараққиётига дахлдорлик руҳида яшаш, масъулият билан меҳнат қилиш ва бирдамликда ҳаракат қилишга чорлайди. Ҳеч шубҳасиз, Мурожаатномада белгилаб берилган олтита энг устувор вазифалар амалга оширилса, жонажон Ўзбекистонимиз  яқин йилларда даромади ўртадан юқори бўлган, замонавий ва фаровон давлатлар қаторига қўшилади.

Ботир Узоков,

Зоиржон Ёдгоров,

Фирдавс Мажидов,

ЖизПИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчилари.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *