Юртимизда олтин куз ўз ҳукмини ўтказишга уринаётган айни кунларда ҳамон салқин жойлар, сув ҳавзалари ва чўмилиш масканларига бўлган эҳтиёж пасайгани йўқ. Мутахассисларнинг қайд этишича, чўмилиш кишига ғайрат ва шижоат бахш этади. Мунтазам сузиш машғулотлари юракни бақувват қилиб, юрак-қон томир касалликлари хавфини 41 фоизга камайтириши мумкин. Шу ўринда чўмилиш вақтларида доимо хавфсизлик талабларига риоя этиш муҳимлигини унутмаслик керак. Бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар, амал қилиниши зарур бўлган қоидалар ва эҳтиёт чоралари хусусида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси фавқулодда вазиятлар профилактикаси бўлими катта инспектори, майор Фахриддин Қодиров билан суҳбатлашдик.
— Очиқ сув ҳавзаларида чўмилишда қайси ҳолатлар энг хавфли ҳисобланади ва фуқаролар нималарга алоҳида эътибор қаратишлари керак?
— Белгиланмаган жойларда чўмилиш яхши оқибатлар билан тугамаслиги мумкин. Жумладан, тўсиш белгиларидан ўтиш, кемаларга яқин сузиб бориш, маст ҳолатда чўмилиш, сувда ўйинлар ўйнаш ҳамда оммавий дам олиш жойлари сифатида фойдаланиш учун рухсатномага эга бўлмаган каналлар, кўллар, ёнғинни ўчириш сув ҳавзалари, сув тўлдирилган конлар ва бошқа сув ҳавзаларида чўмилиш тақиқланади. Шунингдек, чуқурлигини чамаламай туриб сувга “калла” ташлаш мумкин эмас.
— Чўмилиш учун жой танлашда қандай хавфсизлик талабларига амал қилиш лозим? Айниқса, сувнинг чуқурлиги ва оқим тезлиги борасида нималарни билиш керак?
— Очиқ сув ҳавзаларида сузишни ўрганишда, албатта, сувнинг чуқурлиги билан бирга, оқим тезлигини ҳам эътиборга олиш лозим. Иложи борича, фақат қутқарув хизмати бўлган жойлардагина чўмилишга рухсат этилади. Шунда бахтсиз ҳодиса юз берса, яъни бирор бир одам чўкса, қутқарув хизмати тезда ёрдамга келади. Чўмилиш жойини чеклайдиган, кўпириб оқаётган сувга шўнғиш мумкин эмас.
— Болалар ва сузишни энди ўрганаётганлар хавфсизлигини таъминлаш учун қандай қоидаларга риоя қилиш зарур?
— Болалар ёки биринчи маротаба сувга тушган катта ёшдагиларни сузишга ўргатиш жойи 60-90 сантиметргача чуқурликда бўлиши керак. Бундай чуқурликда одам сувдан чўчимайди, чунки оёғи таянч нуқтага эга бўлади.
— Агар сувда одам чўкаётганини кўриб қолсак, уни қутқаришда қандай ҳаракат қилиш керак? Чўкишнинг олдини олиш учун аҳолига яна қандай тавсиялар берган бўлардингиз?
— Чўкаётган одамни сувдан олиб чиқиш ҳам катта маҳорат талаб этади. Бунда бир неча қутқариш усуллари мавжуд. Улардан бири – чўкаётган кишига орқа томонидан сузиб яқинлашиш, сочи ва қўлтиғидан ушлаб, юзини тепага қаратиб, қутқарувчини ушлаб олишга йўл қўймаган ҳолда қирғоққа қараб сузиш керак.
“Хавфли!”, “Чўмилиш тақиқланади!”, “Тубининг ҳолати ва чуқурлиги номаълум бўлган жойларда сувга сакраманг!” каби белгиларни кўрганда бунга амал қилган маъқул ҳамда болаларни бу каби жойларга юбормаслик, уларни назоратсиз қолдирмаслик лозим.
Дарҳақиқат, эҳтиётсизлик фожиа билан якунланмаслиги учун ушбу оддий қоидаларга амал қилсак, ўзимиз ва яқинларимизнинг ҳаётини асраб қолган бўламиз.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.