Вилоят олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими томонидан 60 ва ундан юқори ёшдаги фахрийлар ўртасида “Ғайратли кексалар” шиори остида спортнинг мини-футбол тури бўйича анъанавий мусобақанинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, кексаларни жисмоний фаолликка жалб этиш ва уларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштирокини янада кучайтириш мақсадида ташкил этилган мусобақада ҳудудий босқичлардан сараланган 13 та жамоа вакиллари ғолиблик учун майдонга чиқдилар.

Қизғин кечган турнирнинг финал ўйинида Ғаллаорол туманининг Ғафур Ғулом маҳалласи жамоаси Янгиобод туманининг “Янгиобод” ШФЙ жамоасини мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритди. Фахрли учинчи ўрин Пахтакор туманининг Боғишамол маҳалласи жамоасига насиб этди.

Мусобақа якунида ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Чемпион жамоа мусобақанинг республика босқичига йўл олди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.
Шерзод Эгамқулов (фото).