БУНЁДКОРЛИК, ЎЗГАРИШЛАР ВА ЯНГИЛАНИШЛАР МАНЗИЛИ

Ғаллаорол тумани ташкил топганига 2026 йилда роппа-роса 100 йил тўлади. Ҳудуд тарихи неча юз йилларни ўз ичига олиши табиий, бироқ муайян давлат ҳужжатига мувофиқ маъмурий бирлик сифатида барпо этилган кун — бу қутлуғ тарихий санадир. Туманнинг бир асрлик солномасига назар ташлаганда, айниқса, сўнгги ўн йилда юз берган ўзгаришларнинг маҳобати яққол намоён бўлади. Жиззах вилоятининг ҳудуди ва аҳолиси сони бўйича энг йирик бўлган ушбу тумани бир асрлик тўйини «Янги Ўзбекистон» қиёфасида кутиб олмоқда.

Ғаллаорол тумани республикамизнинг барча ҳудудларини ўзаро ва қўшни давлатлар билан боғлайдиган Ўзбекистон темирйўли ҳамда М-39 автойўли бўйида жойлашган. Шу боис бу ердаги янгиланишлар йўловчилар назарига тез тушади. Сайёрамизнинг меридиан чизиқлари кесишган Нурота ва Молгузар тоғ тизмалари оралиғидаги қир-адирларда ўзига хос табиат ва иқлимга эга бу қадим масканнинг узоқ йиллар ўзгармай келган қиёфаси бугун ҳайратланарли даражада тез суръатлар билан янгиланмоқда.

Айниқса, кейинги беш-олти йилдаги ўзгаришлар кўламини олдинги даврлар билан асло қиёслаб бўлмайди. Эндиликда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари йиллар давомида эмас, қисқа фурсатларда рўй бермоқдаки, янгиланишлар шиддати вақтни ортда қолдираётгандек гўё.

Яқин ўтмишда туманга эскирган иншоотлар, тор кўчалар ва ночор инфратузилма хос эди. Ҳатто туман марказини қайта қуриш масаласи бир неча бор кўтарилган бўлса-да, турли сабаблар билан амалга ошмай қолаверган, қишлоқларнинг аҳволи эса танқиддан ҳам тубан эди. Одамлар бу ноқулайликларга сабр қилиб, бошқа ҳудудлардаги ўзгаришларга ҳавас билан яшаб келишарди.

Ниҳоят, узоқ кутилган орзулар ушалди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 3 январдаги «Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармони билан вилоятда «Илғор ҳудуд» синов лойиҳаси амалга оширилди. Туман марказини ободонлаштириш ва инфратузилмасини янгилаш мақсадида биринчи марта катта маблағ ажратилиши бу эзгу ишнинг муваффақиятли бошланиши бўлди. Шу эътибор туфайли Ғаллаоролда бошланган бунёдкорлик ишлари бу қадимий масканга замонавий қиёфа, одамлар ҳаётига янги мазмун олиб кирди.

Жамоатчилик билан бамаслаҳат ҳолда, бундан 60–70 йил илгари қурилган ва яроқсиз ҳолга келган иншоотлар саноқли кунларда бузиб ташланди. Уйлари бузилишга тушган фуқароларга бадал пуллари тўланиб, янги ер участкалари берилди. Савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари эгаларига янги бинолар қуриши учун бепул ер майдонлари ажратилди. Марказий кўчалар кенгайтирилиб, эски уйлар ўрнида замонавий кўп қаватли иншоотлар барпо этилди.

Бугун М-39 автойўлининг туман ҳудудига кириш қисмидан тортиб, Самарқанд вилояти чегарасигача бўлган йўлнинг икки томони замонавий қиёфа касб этган. Бу ердаги савдо, маиший хизмат, ижтимоий ва ишлаб чиқариш иншоотларининг ҳар бири маҳаллий аҳоли томонидан барпо этилган бўлиб, уларда шу маҳалла фуқаролари меҳнат қилмоқда.

Ҳозир Тошкент–Термиз автойўлидан туман марказига кириладиган тўрт километрлик масофа замонавий инфратузилмага эга, кенг ва равон кўчага айланди. Бу ерда транспорт воситалари ва пиёдалар хавфсиз ҳаракатланиши учун икки тарафда йўлаклар, велосипедчилар ҳамда жисмоний имконияти чекланган фуқаролар учун алоҳида қулайликлар яратилди. Замонавий тунги ёритиш ва электрон бошқарув тизимлари ишга туширилди. Буларнинг барчаси аҳоли учун қулайлик яратиш, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Қайта қуриш давомида туман ҳудудидан ўтувчи канал ва унинг қирғоқларини хавфсиз ҳамда хушманзара масканга айлантириш ишлари алоҳида таҳсинга лойиқ. Каналнинг туман марказидан ўтган икки километрлик қисми бетонлаштирилиб, қирғоқ бўйида «Соҳил» сайилгоҳи барпо этилди. Марказга яқин ҳудуддаги 8 гектар майдонда «Истироҳат боғи» ташкил этилиб, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун барча шароитлар яратилди. Молиялаштириш манбалари аниқ белгилангани сабабли ижтимоий соҳа иншоотларини таъмирлаш ишлари ҳам муаммосиз амалга оширилди.

Бундай обод манзарани бугун туманнинг барча маҳаллаларида кўриш мумкин. Бу — юрт ободлиги ва фаровонлигининг амалдаги ифодасидир. Шунингдек, бу ишлар аҳолини банд қилиш, камбағалликни қисқартириш ва инсон қадрини улуғлашга қаратилган давлат сиёсатининг маҳаллалар кесимидаги яққол самарасидир. Йўлдан ўтувчи маҳаллий йўловчилар ва хорижлик меҳмонлар кўзни қувонтирадиган бу манзаралардан завқланиб, Янги Ўзбекистоннинг янги қиёфасини акс эттираётган ўзгаришларга ҳавас билан боқиши табиий.

2019 йилда бошланиб, бугун нафақат марказда, балки чекка қишлоқ ва маҳаллаларда давом этаётган бунёдкорлик ишларининг барчасини санаб ўтиш учун анча вақт талаб этилади. Биргина 2026 йилнинг ўзида амалга оширилган ва изчил давом эттирилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари бунёдкорлик ҳудуд ҳаётининг кундалик меъёрига айланганидан далолат беради.

Катта ишлар, табиийки, катта куч ва маблағ талаб қилади. Бу жараёнда ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Шу йилнинг ўзида туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш учун 467 миллиард сўм ажратилди. Хусусан, 21 миллиард сўм маблағ ҳисобига туман маркази ва унга туташ ҳудудлардаги эскирган қувурлар янгиланиб, 150 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.

Оқова сув (канализация) тизимининг йўқлиги туман ташкил этилгандан буён энг юқори идораларга қайта-қайта мурожаат қилинса-да, ҳал бўлмай келаётган оғриқли муаммо эди. Халқимиз узоқ йиллар орзу қилган бу лойиҳани амалга ошириш учун 102 миллиард сўм ажратилди ва айни пайтда қурилиш ишлари якунланиш арафасида турибди.

Сув таъминотини яхшилаш ишлари фақат марказда эмас, қишлоқларда ҳам жадал олиб борилмоқда. «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» давлат дастури асосида энг чекка ҳудудларда ҳам аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш стратегик вазифа сифатида қаралмоқда. Жумладан, жорий йилда 40 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, «Жиззах–Зарафшон» магистрал ичимлик сув тармоғи орқали «Узунбулоқ», «Булоқбоши», «Гулистон», «Оқтом» ва «Қашқабулоқ» маҳаллаларидаги 35 мингдан ортиқ аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда. Яна 2 та — «Лалмикор» ва «Маданият» маҳаллалари «Янги Ўзбекистон» қиёфасидаги маҳаллалар қаторига киритилиб, уларнинг инфратузилмасини яхшилаш учун 10 миллиард сўм ажратилди.

Мисол учун, биргина «Лалмикор» маҳалласига барча манбалар ҳисобидан 31,8 миллиард сўм йўналтирилди. Бу маблағ эвазига ҳудуддаги қаровсиз ҳолга келган истироҳат боғи замонавий кўринишга келтирилмоқда, янги мактаб, ичимлик суви тармоғи, ички йўллар, пиёдалар йўлаги ва янги электр тармоқлари барпо этилмоқда.

— Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор туфайли маҳалламиз таниб бўлмас даражада ўзгарди, — дейди «Лалмикор» МФЙ раиси Абдуғани Абирқулов. — Бугун ҳудудимизда 3 та ўрта умумтаълим мактаби, мусиқа мактаби, боғча, кутубхона, қишлоқ оилавий шифохонаси, деҳқон бозори, 50 та савдо дўкони, 2 та тўйхона, 11 та умумий овқатланиш маскани, жоме масжиди ҳамда «Маржонсуви» маъданли сув санаторийси фаолият кўрсатмоқда. Кейинги йилларда бу муассасалар биноларида катта ҳажмдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Уларнинг қаторига тадбиркорлар томонидан қурилган янги иншоотлар қўшилди. Маҳалламиз маркази тўлиқ қайта қурилди. Давлатимиз ғамхўрлигидан одамлар жуда мамнун.

Туманда жорий йилнинг шу кунигача 46 километр йўл асфальтланди. Халқаро молия институтларининг 145 миллиард сўм маблағи ҳисобидан «Оқтош» маҳалласида 26 километрлик йўл қурилиши якунланмоқда. «Қипчоқсув»да 20 километр, «Хонимқўрғон»да 4 километр ва «Мирзабулоқ» маҳалласида 6 километр йўлларни таъмирлаш ишлари бошланди. Аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 46 километр янги тармоқ тортилиб, 1539 та бетон устун ҳамда 18 та янги трансформатор ўрнатилди. Уй-жой шароитини яхшилаш мақсадида «Дўстлик», «Ғафур Ғулом», «Бахт» ва «Лалмикор» маҳаллаларида 160 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйлар йил якунига қадар топширилади. Шунингдек, туман марказида илгари кузатилмаган 7 қаватли, 90 хонадондан иборат замонавий турар жой биноси қад ростламоқда.

Бундай бунёдкорлик ишлари бошқа ҳудудларни ҳам қамраб олган. Жумладан, Тошкент–Термиз автомобиль йўли бўйидаги «Сарбозор» маҳалласида туман суди, Мажбурий ижро бюроси, солиқ инспекциясининг янги бинолари, сервис ва умумий овқатланиш иншоотлари қурилди. Катта йўл бўйида жойлашган Заргар, Кўкгумбаз, Қанглиобод, Бешбола, Мирзабулоқ, Болғали, Мўлабулоқ қишлоқларида ҳам кўркам турар жойлар ва савдо шохобчалари ишга туширилди.

Инвестиция дастури доирасида «Дўстлик» МФЙдаги 9-сонли боғча тўлиқ реконструкция қилинди. Жорий йилда ажратилган 31 миллиард сўм маблағ эвазига 25 ва 84-сонли мактаблар ҳамда 5-сонли боғчада қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, 80,9 миллиард сўм маблағ ҳисобидан Маржонбулоқ шаҳарчасидаги 17 та кўп қаватли уй, «Сарбозор» маҳалласидаги 11-сонли оилавий поликлиника, «Мирзабулоқ» маҳалласидаги 24-сонли боғча ҳамда 9-, 38- ва 91-сонли мактаблар мукаммал таъмирланмоқда.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жорий йилда туманда замонавий «Ёшлар маркази» биноси ҳамда «Мирзабулоқ» маҳалласида 2-сонли спорт мактаби қурилиб, жиҳозланган ҳолда ёшлар ихтиёрига топширилди. Ёшлар агентлигининг имтиёзли кредитлари эвазига 8 та ўқув маркази ташкил этилиб, уларга 5 минг нафардан зиёд ўғил-қиз жалб қилинди. 2016 йилда туманда болаларнинг боғчага қамрови 26 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 78,5 фоизга етди. Жорий йилда 1 та давлат, 1 та ДҲШ асосидаги ва 8 та оилавий боғча очилди. Йил якунига қадар «Бахт» маҳалласида яна бир 150 ўринли давлат-хусусий шериклик асосидаги боғча иш бошлайди.

Ободлик фақат ташқи кўринишдан иборат эмас. Президентимиз таъкидлаганларидек, асосий мақсад — одамларга қулай яшаш шароити яратиш ва уларни ҳаётдан рози қилишдир. Бугун юртимиздаги ислоҳотлар натижаси нафақат ҳудудлар кўркида, балки комплекс иқтисодий-ижтимоий ривожланишда ҳам намоён бўлмоқда. Маҳаллалардаги муаммо ва имкониятлар чуқур ўрганилиб, аҳоли таклифлари асосида шакллантирилган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиши натижасида одамларнинг турмуш фаровонлиги юксалмоқда. Илгари деҳқончилик ва чорвачилик асосий соҳа бўлган бўлса, кейинги йилларда саноат ва хизмат кўрсатиш юқори суръатлар билан ўсмоқда. Бу ўсишни рақамлар ҳам тасдиқлайди: туманда йиллик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 12 триллион сўмдан ошди. Туман вилоятдаги жами ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмининг қарийб 24 фоизини таъминламоқда. Айниқса, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришда катта тажриба тўпланди. Хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожланиш динамикаси бўйича эса Ғаллаорол вилоятда Жиззах шаҳридан кейинги етакчи ўринни эгаллаб турибди.

Бугунги куннинг қувончу ташвишлари, бунёдкорлик ишлари ва эртанги кунга бўлган юксак ишонч билан яшаётган ғаллаоролликлар ўз ҳудудларини Янги Ўзбекистон қиёфасига монанд янада кўркам ва обод этишда давом этмоқдалар. Янги режалар ва истиқболли лойиҳалар тимсолида халқимизнинг эзгу мақсадлари реал ҳаётга кўчмоқда. 

Тошқул БЕКНАЗАРОВ,
журналист.

Шерзод Эгамқулов олган суратлар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *