«АҚЛЛИ ҲУДУД» — ОЧИҚЛИК ВА ТЕЗКОРЛИК САРИ ҚАДАМ   

Жиззах вилоятида Президентимизнинг 2026 йил 8 июлдаги “Рақамли ҳукумат” тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ҳудудларни рақамли трансформация қилиш ва давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида “Ақлли ҳудуд” вазиятлар марказлари ташкил этилди.                                              

Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев Жиззах шаҳар ҳокимлигида ташкил этилган “Ақлли ҳудуд” вазиятлар марказига ташриф буюриб тизимнинг имкониятлари билан танишди. Тадбир давомида вилоятнинг барча шаҳар ва туман раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоятимиз раҳбари томонидан ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни рақамли маълумотлар асосида тезкор аниқлаш ва таҳлил қилиш, масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чораларни ўз вақтида кўриш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.                                                                                                           

2026 йил 15 сентябрь ҳолатига кўра, вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида марказлар учун ажратилган хоналарда таъмирлаш ишлари якунланиб, замонавий техник жиҳозлар билан таъминлашнинг сўнгги босқичи олиб борилмоқда. Хусусан, Жиззах шаҳрида 60 квадрат метрли марказ тўлиқ фойдаланишга тайёрланиб, UZINFOCOM тизими орқали 30 та вазирлик ва идоранинг 80 дан ортиқ маълумотлар базасига интеграция қилинди ҳамда FortiGate киберхавфсизлик қурилмаси билан таъминланди. Туманларда ҳам таъмирлаш ишлари тугатилиб, тизимга уланиш ва ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш ишлари давом этмоқда.                                                           

Ушбу вазиятлар марказлари иқтисодиёт, коммунал хизматлар, қурилиш, экология, ижтимоий соҳа ва аҳоли мурожаатларини ягона тизимда доимий мониторинг қилиш имконини беради. Энг муҳими, маҳаллалар кесимида мавжуд инфратузилма ва ижтимоий муаммоларни рақамли кўрсаткичлар орқали тезкор аниқлаш, инсон омилини камайтириш ҳамда бошқарувда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

                                                                                        Шаҳноза МАНСУРОВА.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *