ТИРИКЛИК ВА ЎЛИМ МАСАЛАСИ

Бугун кўп вақтимизни ўғирлаётган, кимгадир илм манбайи, кимгадир эрмак вазифасини ўтаётган, ахборотга бўлган битмас эҳтиёжларимизни қондираётган ижтимоий тармоқ қарашларимизни, қадриятларимизни ўзгартириб, ҳисларимизни ўлдириб қўяётгандек. Бинобарин, илгаригидек ҳар қандай қўрқинчли воқеанинг тасвирларини кўрсак-да этимиз жунжикмай қўйди, кўникяпмиз.

Қолаверса, ижтимоий тармоқ яхшига ҳам, ёмонга ҳам устозлик қилаётир. Чунончи, ундан шифокор тавсиясини, деҳқончиликнинг нозик жиҳатларига оид маълумотларни топса бўлади. Шунингдек, гиёҳванд модда ёки бомба тайёрлаш бўйича ҳам сабоқ бера олади бу “ақлли”. Турли қонунбузарликлар тафсилотларини мири-сиригача билиб олишингиз ҳам мумкин. Айтганча, бу мавзуда гап очмоққа бизни жиноят қидирув бўлими ходимларидан эшитганларимиз ундади.

Қисқаси, Арнасой туманида яшовчи кампирнинг уйидаги сандиқдан 3 минг 100 АҚШ доллари, 3 та тилла узук, 1 жуфт олтин, 2 жуфт кумуш сирға ҳамда бир нечта узук ва занжир ўғирланган. Ўша куни уй эгаси қизини пойтахтга шифокорга олиб кетганди.

Воқеа жойини кўздан кечирган ички ишлар органлари ходимлари жиноятчилар ошиб кирганлиги тахмин қилинган девор тагидан кичик ўлчамдаги оёқ кийим изларини топдилар. Шу боис соҳа вакиллари мазкур уйга болалар келиш-келмаслиги билан қизиқадилар. Маълум бўлишича, момони йўқлаб 12 ёшли набираси  ҳамда унинг икки ўртоғи келиб тураркан.

Табиийки, ушбу вояга етмаганларнинг хулқ-атвори ўрганилди. Мазкур жараёнда болаларнинг маҳалладаги турар жойлардан бир неча бор майда-чуйда буюмларни ўғирлаганликлари аниқланди. Ўз навбатида, гумон қилинувчилар билан суҳбат ўтказилди ва улар қилмишларини тан олдилар.  

Аён бўлишича, ҳудудда яшовчи 14 ёшли ўсмир алдаш ва қўрқитиш йўли билан жабрланувчининг набираси ҳамда унинг 13 ёшли ўртоғининг бўйнига 4 миллион сўмлик қарзни илиб қўйган. Қарзни тўлаш муддати ўтгач, ўсмир мактабдошларини шантаж қила бошлайди. Босимга чидай олмаган набира момосининг сандиғида пул борлигини айтади.

Шундан сўнг учовлон мудҳиш жиноий режа ишлаб чиқадилар. Жумладан, кампир болаларни сезиб қолса, ўлдириб, из қолдирмаслик учун унинг жасади ва уйни ёқиб юборишга келишиб оладилар. Айни мақсадда ўзлари билан пичоқ ва бензин олишади.

Аёлнинг бахтига ўша тунда болалар эшик қулфини буза олмайдилар. Шу боис бошқа куни келишга қарор қилишади ва бензин тўлдирилган 5 литрлик идишни кўздан холи жойга кўмиб қўядилар. Орадан бир неча кун ўтгач, набира момосининг пойтахтга жўнаб кетишидан хабар топади. Бу сафар улар эгасиз уйга дераза ойнасини синдириш йўли билан киришга муваффақ бўладилар…

Жиноят ташкилотчиси бўлган ўсмир ўғриликка оид режани ижтимоий тармоқда кўрган кўрсатувлари таъсирида тузганлигини тан олган. Назаримда, сўнгги пайтларда ора-сира қулоғимизга чалиниб қолаётган вояга етмаганлар иштирокидаги жанжаллар, оқибати хунук тугаётган воқеа ва ҳодисаларнинг бир илдизи ижтимоий тармоққа тақалади.

Энг қўрқинчлиси, 12-14 ёшли вояга етмаганларнинг ўғирлик мақсадида инсон жонига қасд қилишдан тап тортмаётганидир. Улардан бири қурбонга айланиши мумкин бўлган момонинг набираси эканлигига нима дейсиз?! Бу айримлар онгида юз бераётган инқироз аломати эмасми? 

Ҳеч кимга сир эмаски, бу муаммо нафақат мамлакатимизда ўзини сездиряпти. Жумладан, Англия, Италия, Франция, Германия, Греция, Дания, Нидерландия, Испания, Белгия, Латвия, Финландия каби давлатлардаги мактабларда уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш тўлиқ ва қисман тақиқланган. Дарсдан бошқа вақтларда бу борадаги масъулият ота-оналар зиммасига юкланади.

Жойи келганда айтиш керак, Арнасойда юз берган жиноят иштирокчиларидан бирининг онаси, бошқасининг отаси хорижга ишлаш учун кетган. Мазкур вазият ҳам болалар табиатига ўз таъсирини ўтказгани тайин. Шу ўринда яна бир мулоҳаза: ризқни чет элдан топмоқ нотўғри эмасдир. Бироқ болалар таълим-тарбиясига эътиборсиз қарашни оқлаб бўлмайди.    

Демоқчи бўлганимиз, ҳашаматли уйлар қуриш, 500-1000 кишилик тўйу маросимлар уюштириш каби “Мен сендан камманми” мазмунидаги қарашларимизга чек қўя олсак, бойлик илинжидаги хатарли ҳаракатларимиз камаярмиди? Қолаверса, минг машаққат билан топган пулларимизни одамларни қойил қолдирмоқ учун эмас, болаларимизга сафрласак ўринли бўлмайдими?   

Яна шуни унутмаслигимиз керакки, илмли инсон қурилишда арзимаган пулга ишламайди, кўча супурмайди, энагалик қилмайди, тил билмагани учун ноқулай вазиятларга тушиб қолмайди. Хуллас, улуғ бобомиз Абдулла Авлонийнинг охирги пайтларда кўп такрорлаётганимиз жумласини яна бир бор эслатамиз: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”. 

 

  Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Postda” газетаси мухбири.

 

 

 

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *