“ИНСОН УЧУН”: ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН, МЕҲНАТИ ЧЕКСИЗ

​Зарбдор туманидаги 4-сон кўп тармоқли мактаб интернатида ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган “Инсон учун” шиори остида маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди.

​Тадбирнинг очилиш маросимида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Нодир Шарипов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат қилиши ва ўз бизнесини йўлга қўйиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги ҳақида тўхталди. Мазкур кўргазма ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилиб, имконияти чекланган фуқаролар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш, уларни ички бозорга олиб чиқиш ва харидорлар доирасини кенгайтириш учун катта имконият эканлигини таъкидлади.

–“Инсон учун” шиори остида ўтказилган кўргазмада ногиронлиги бўлган шахслар меҳнати билан яратилган тикув-трикотаж, пойабзал, чарм-атторлик, ҳунармандчилик буюмлари, озиқ-овқат ҳамда бошқа турдаги маҳсулотлар намойиш этилди,– деди мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ҳилола Исроилова. –​ Кўргазманинг муҳим жиҳати шундаки, иштирокчилар учун янги харидорлар ва ҳамкорлар топиш, янги алоқаларни ўрнатиш ҳамда маҳсулотларни давлат харидларига жалб этиш имконияти яратилди. Бундан ташқари мактаб интернатида ташкил этилган 10 дан ортиқ лойиҳа ва тўгарак аъзоларининг қўл меҳнати билан яратилган маҳсулотларини тарғиб қилиш,  уларни ички бозорга олиб чиқиш ва сотишни кенгайтириш мақсад қилинган.

​Дарҳақиқат кўргазмада намойиш этилган ҳар бир иш, ҳар бир лойиҳа ва ташаббус ортида инсон тақдири, унинг орзу-интилишлари ва келажакка бўлган ишончи мужассам. Бу каби тадбирлар айниқса ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат салоҳиятини намойиш этиш, уларни жамият ва иқтисодий жараёнларга фаол жалб қилишда ҳамда маҳсулотларига бўлган талабни кафолатлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *