Жиззах шаҳридаги Кураш саройи мажмуасида ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида ўзбек жанг санъати бўйича вилоят кубоги мусобақаси бўлиб ўтди. Унда шаҳар ва туманлар спорт мактаблари тарбияланувчиларидан иборат 200 нафардан зиёд спортчи бир қатор вазн тоифаларида ўзаро куч синашди.

Ўзбек жанг санъати миллий кураш анъаналари, жисмоний тайёргарлик ва жанговор ҳаракатларни уйғунлаштирган спорт туридир. У ҳар бир иштирокчидан куч ва чаққонлик билан бир қаторда, юксак ирода, рақибга ҳурмат, интизом ҳамда вазиятни тўғри баҳолай олиш кўникмаларини талаб этади.
Мусобақа давомида иштирокчилар “Беллашув” йўналиши бўйича ғолиблик учун муросасиз баҳс олиб бордилар. Якунда ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, уларга кубок, медаль ҳамда дипломлар топширилди.
– Бу мусобақа мен учун катта тажриба мактаби бўлди, – дейди Жиззах шаҳар спорт мактаби тарбияланувчиси, 10-11 ёш оралиғида 33 кг вазн тоифасидаги баҳсларда биринчи ўринни эгаллаган Жавоҳир Пардаев. – Жанглар давомида рақибларимнинг ҳаракатларини кузатиб, ҳар бир беллашувга алоҳида тайёргарлик кўрдим. Ғалабамда устозим Анвар Нуралиевнинг меҳнати ва яқинларимнинг қўллаб-қувватлаши муҳим ўрин тутди. Энди Ўзбекистон кубогида ҳам вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан.
Мусобақа ғолиблари Ўзбекистон кубогида иштирок этиш учун йўлланмага эга бўлди. Бу эса ёш спортчилар учун ўз маҳоратини янада юксалтириш, янги тажриба орттириш ва юқори натижалар сари интилиш имконини беради.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.