БИЛИМДАН БУНЁД БЎЛГАН ТАҚДИР

Баъзан инсоннинг бутун келажагини бир китобга бўлган қизиқиш белгилаб беради. Юлдуз Исламованинг касбий танлови ҳам болаликда бошланган мутолаадан куч олди. Отасининг тавсияси билан тарихий асарларга ошно бўлган қиз йиллар давомида изланиб, ўз қизиқишини мустаҳкам билимга айлантирди. Кейинчалик эса шу салоҳиятини ёш авлод камолотига бағишлади.
Юлдуз  Шароф Рашидов туманидаги Алишер Навоий МФЙда ишчи-деҳқон оиласида туғилган. Отаси Аҳмедов Қўлдош Жиззах вилояти «Ўзтелеком» корхонасида қоровул ва боғбон бўлиб меҳнат қилган. Онаси Аҳмедова Нортожи эса уй бекаси сифатида фарзандлар тарбиясига масъул бўлиб, хонадонда ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва бурчга садоқат каби фазилатларни қарор топтирган.

Тарихга бўлган иштиёқ унинг таълим йўлини ҳам белгилади. 2004–2006 йилларда «Иқтидорли болалар» лицейида тарих йўналишида таҳсил олди. 2009 йилда ЖДПИ тарих факультети талабаси бўлиб, илмий мақолалар ёзди, конференцияларда фаол қатнашди. 2013 йилда олийгоҳни аъло баҳолар билан тамомлади.
Дипломни қўлга киритгач, ўз билимини ёшлар билан бўлишиш йўлини танлади. Шароф Рашидов туманидаги Жиззах маиший хизмат касб-ҳунар коллежида бошланган педагогик иши давомида кўплаб йигит-қизларга сабоқ берди.

Йиллар ўтиб, бу саъй-ҳаракатларнинг самараси кўрина бошлади. Унинг шогирдлари бугун Жиззах вилояти ИИБ, прокуратура тизими, умумтаълим мактабларида турли лавозимларда меҳнат қилмоқда. Кеча аудиторияда сабоқ олган ёшларнинг бугун жамиятда ўз ўрнига эга бўлаётгани унинг учун энг катта қувонч.
Ҳамкасби Восит Давроновнинг касбий ёндашувини шундай баҳолайди: У ҳар бир ўқувчининг имкониятини ҳисобга олиб, келгусида қайси йўналишни танлаши мақбуллигини аниқлашга ҳаракат қилади. Маслаҳат беради, зарур йўл-йўриқни кўрсатади. Болаларнинг эришган натижасини ўзининг ютуғидек қабул қилади.
Касбий масъулиятни оилавий бурчлар билан уйғунлаштириш ҳам Юлдуз учун муҳим. Икки нафар ўғлининг тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, бўш вақтини улар билан мазмунли ўтказишга интилади. Фарзандларининг ҳам илмли, одобли ва ҳаётда муносиб ўрин эгаллайдиган инсонлар бўлиб вояга етишини истайди.
Айни пайтда Юлдуз Исламова Шароф Рашидов тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 13-умумтаълим мактабида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимида ишламоқда. Янги масъулият унинг зиммасига нафақат ўқув жараёнини самарали ташкил этиш, балки жамоа ва ёшлар билан ишлашда ташаббускорлик кўрсатиш вазифасини ҳам юкламоқда.
— Касбимизнинг машаққати билан бирга, унинг улуғворлиги ҳам бор. Ёшларга берган сабоғимиз уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашида ўз ифодасини топади. Шогирдларимизнинг ҳар бир натижаси ортида фидойи ўқитувчиларнинг заҳмати борлигидан фахрланаман. Ёшларнинг ютуғи — бутун педагоглар жамоаси ва жамиятнинг қувончи. Барча ҳамкасбларимга ушбу шарафли йўлда сабр-тоқат ва матонат тилайман, — дейди устоз.
Педагогнинг ҳаёт йўли бир ҳақиқатни кўрсатади: яхши педагогнинг меҳнати бугунги дарс билан тугамайди. Унинг таъсири шогирдлари билан бирга эртанги кунга ҳам етиб боради.

Шахноза ДЖАЛИЛОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *