1 октябрь — “Халқаро кексалар куни” ҳамда “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни муносабати билан Абу Али ибн Сино номли Жиззах жамоат саломатлиги техникумида волейбол бўйича фахрийлар ўртасидаги турнирнинг вилоят босқичи ўтказилди.
“Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлими, вилоят спорт бошқармаси ҳамда волейбол федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу мусобақада Арнасой, Бахмал, Шароф Рашидов, Дўстлик, Мирзачўл, Пахтакор ва Фориш туманлари фахрийларидан иборат жамоалар ғолиблик учун кураш олиб боришди. Мазкур мусобақа нуронийларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда соғлом ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этди.
Қизғин кечган беллашувларнинг финал баҳсида Фориш тумани волейболчилари бахмаллик рақибларини енгиб, чемпионликни қўлга киритди. Фахрли учинчи ўрин Ш.Рашидов туман фахрий спортчиларига насиб этди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва медаллари билан тақдирландилар.
Р.МАМАТҚУЛОВ,
“Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлими масъул ходими.