“ИШБИЛАРМОН АЁЛ-2026” ҒОЛИБЛАР АНИҚЛАНДИ

Вилоятимизда тадбиркорлик ҳаракатининг энг гўзал ва сермаҳсул кўриниши бўлган анъанавий “Ишбилармон аёл-2026” кўрик-танловининг ҳудудий республика босқичи юқори савияда бўлиб ўтди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг  узоқ йиллик анъанага эга ушбу нуфузли лойиҳаси бу йил юртимизда кенг қулоч ёзган “Халқ билан бирга!” умумиллий дастури доирасида ташкил этилди. Халқимизнинг орзу-истакларини тинглаш ва инсон қадрини улуғлашдек олий мақсадни мужассам этган мазкур лойиҳанинг дастлабки палласида вилоятдаги мавжуд 304 та маҳаллада 4000 нафардан ортиқ ташаббускор ва меҳнатсевар хотин-қизларнинг фаолияти атрофлича ўрганилди.

Маҳаллаларда энг фаол деб топилган, сўнгра Жиззах шаҳри ва вилоятнинг 12 та туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган энг сара ва шижоатли тадбиркор аёллар мана шу ҳудудий республика босқичида ўзаро беллашиб, ўз салоҳиятларини намойиш этдилар. Кўрик-танловни ўтказишдан асосий мақсад — хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини юксалтириш ҳамда бизнес соҳасидаги ташаббусларини рағбатлантиришдан иборатдир. Бу ерда намойиш этилган маҳсулотлар ва тақдим этилган истиқболли лойиҳалар Жиззах аёлларининг ақл-заковати, нафосати ҳамда тадбиркорлик маҳорати нақадар юқори эканлигини яққол кўрсатиб берди.

Таъкидлаш жоизки, бу йилги танловда иштирок этган ҳар бир аёл ўз бизнес лойиҳаси ва ижтимоий фаоллиги билан ғолибликка тўлиқ лойиқ эди. Шу сабабли, улар орасидан энг кучлиларини, яъни ғолиб ва совриндорларни аниқлаш ҳакамлар учун осон кечмади. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати аъзолари узоқ баҳс ва мунозаралардан кейин, якуний хулосага келдилар. Унга кўра, Арнасой тумани вакиласи “YASMEEN BUILDPOINT” МЧЖ раҳбари Ҳалима Ўролбоева бу йилги Жиззах вилоятининг ”Энг фаол ишбилармон аёли” деб топилиб, фахрли 1-ўринга ҳамда 7 миллион сўмлик пул мукофотига лойиқ кўрилди. Иккинчи ўрин Жиззах шаҳри вакиласи, Кўзи ожизлар жамияти эзгу ўқув _ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Наргиза Тўйчиевага насиб этди. У 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритган бўлса,  Ғаллаорол туманидаги ҳунарманд Барно Нарзуллаева  учинчи ўрин ва 3 миллион сўм пул мукофотига эга бўлди.

Танлов якунида ғолиб ва совриндорларга фахрий ёрлиқлар, пул мукофотлари, турли йўналишлар бўйича номинация ғолиблари ва бошқа барча фаол иштирокчиларга эса ташкилотчиларнинг махсус ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари  топширилди.

Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *