Республикамиз Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятимиздан ўтган халқаро ва давлат аҳамиятига эга автомобиль йўллари бўйларида кўчат экиш ва яшил майдонлар барпо этиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Мазкур ташаббус доирасида “Жиззахйўлкўкалам” давлат муассасаси жамоасига 2025 йилда вилоятимиздаги автомобиль йўллари ёқасига 439 минг туп кўчат экиш режалаштирилган бўлса, шу йилнинг баҳорги кўчат экиш мавсумидаёқ бу кўрсаткич 450 минг тупга етказилиб, йиллик режа баҳор мавсумидаёқ ошириб уддаланди. Давлат муассасаси ишчи-хизматчилари “Режани бажардик!” демасдан, айни пайтда кўчат экиш ишларини амалга давом эттиришмоқда.
—“Жиззахйўлкўкалам” давлат муассасаси томонидан 700 мингга яқин кўчат парваришланмоқда, – дейди муассаса директори Шахбоз Камолов. – Ҳар бир кўчат, ҳар бир туп ниҳол биз учун масъулият тимсоли. Қир-адирли ҳудудларда сув таъминоти тик қудуқлар қазилиб йўлга қўйилган бўлса, кўчат экилган жойларда томчилатиб суғориш тизимларини жорий этдик. Муассасамизга қарашли кўчатчилик хўжаликларимизда айни пайтда кўчатлар захираси яратилган.
Йўл бўйларига асосан терак, катальпа, яссин, софуро ва қайрағоч кўчатлари экилаётгани нафақат ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилайди, балки йўллар узра мусаффо муҳит, гўзал манзара ҳам яратади. Ҳар бир кўчат учун масъул ходим бириктирилган бўлиб, уларнинг вазифаси дарахтлар илдиз отиб, кўкариб кетгунига қадар давом этади. Бу тизимли ёндашув “Яшил макон” дастурининг ҳаётбахш мазмунини яққол намоён этади.
Вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси ахборот хизмати