ХОТИН-ҚИЗЛАР ШОГИРДЛИККА ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикасида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, бу борада кенг кўламли ҳуқуқий ва ташкилий механизмлар жорий этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил  7 мартдаги ПҚ-96-сон “Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш ва уларнинг лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтиришга қаратилган. Ушбу қарор доирасида хотин-қизларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун қўшимча молиявий ресурслар йўналтирилиши, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва тадбиркор аёллар лойиҳаларини кредитлаш механизмлари белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги ПҚ-103-сон “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланган. Мазкур қарорда хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларга кўмаклашиш ҳамда “устоз” тадбиркорлар орқали янги тадбиркорлик лойиҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. “Энг яхши ижтимоий лойиҳалар” танлови доирасидаги ишлар юқоридаги вазифаларнинг мантиқий давоми сифатида Зоминда туман оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан “Энг яхши ижтимоий лойиҳалар” республика кўрик-танловининг туман босқичи ташкил этилди.

Мазкур танлов бугунги кунда хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни иш билан таъминлашга қаратилган муҳим амалий механизмлардан биридир. Амалдаги тартибга кўра, “Энг яхши ижтимоий лойиҳалар” танловида ғолиб деб топилган лойиҳаларни молиялаштириш учун ижтимоий ёрдам ажратилиши мумкин. Танловни ташкил этиш ва ғолиб лойиҳаларни аниқлашда уларнинг, аввало, ижтимоий реестрга киритилган оилалардаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилганлиги муҳим мезонлардан бири ҳисобланади. Шу асосда Зомин туманидаги 39 та маҳалладан 121 нафар тадбиркор мазкур танловда фаол иштирок этди. Танлов якунларига кўра, 39 нафар тадбиркор ғолиб деб топилиб, уларга Оила ва хотин-қизлар вазирлигининг тегишли ваучерлари топширилди.

Ушбу натижа туманда хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббуслари кенгайиб бораётганини, маҳаллаларда ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга бўлган қизиқиш юқорилигини ҳамда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бераётганини кўрсатади.      

Танловда ғолиб бўлган тадбиркорларни кейинги босқичда қўллаб-қувватлаш мақсадида амалий чоралар кўрилиб, бугунги кунга қадар 26 нафар тадбиркорга 24 миллион сўмдан субсидия ажратилди. Натижада тадбиркор аёлларнинг мавжуд фаолиятини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш имкониятларини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ҳамда янги хотин-қизларни меҳнат фаолиятига жалб қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Бу каби амалий ёрдамлар давлат томонидан хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган сиёсатнинг жойлардаги амалий ифодасидир.

—Ижтимоий реестрга киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мазкур лойиҳаларнинг энг муҳим жиҳатларидан бири, —дейди туман ҳокимининг ўринбосари, туман оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нигора Омонова. —Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш билан бир қаторда, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга эътибор қаратилаётганидир. Амалдаги тартибда “Энг яхши ижтимоий лойиҳалар” танловида ғолиб лойиҳаларни аниқлашда ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг хотин-қизларини доимий иш билан таъминлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва малакасини ошириш имкониятлари муҳим мезон сифатида белгиланган. Шундан келиб чиқиб, туман оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғининг амалий кўмаги билан тадбиркор аёлларга 75 нафардан ортиқ ижтимоий реестрга киритилган, ишлаш истагидаги хотин-қизлар шогирд сифатида бириктирилди. Мазкур амалиёт орқали хотин-қизларга нафақат иш билан таъминланиш, балки муайян касб ёки ҳунарни бевосита тажрибали тадбиркорлардан ўрганиш имконияти яратилди. Бу эса келгусида уларнинг мустақил меҳнат фаолиятини йўлга қўйиши ёки тадбиркорлик билан шуғулланиши учун зарур кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади.  

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *