Ғалаба — матонат, темир ирода ва тинимсиз меҳнат билан забт этилган юксак марра. Жиззах вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходими, кичик сержант Анварбек Эргашев ана шундай жасорат ва қатъият соҳиби, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилаётган мард ўғлонларимиздан бири.
Жорий йилнинг 16–18 октябрь кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида қўл жанги бўйича ўтказилган Жаҳон кубоги мусобақаларида Анварбек 57 килограмм вазн тоифасида муносиб иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Анварбекнинг ушбу зафари тасодиф эмас. У Бухоро шаҳрида ўтказилган қўл жангги бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида 40 дан ортиқ давлат вакиллари иштирокидаги беллашувларда ғолиб чиқиб, жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган эди. Шунингдек, аралаш жанг санъати бўйича қатор мусобақаларда ҳам кўп бор зафар қучган. Жаҳон кубогидаги ғалабаси билан у ўзининг муносиб чемпион эканини яна бир бор исботлади.
Ички ишлар органларида хизмат қилиш мардлик, интизом ва фидойиликни талаб этади. Анварбек спорт майдонидаги шижоати, хизматдаги масъулияти ва қатъияти билан ана шу юксак фазилатларни ўзида мужассам этган. Унинг ҳар бир ғалабаси нафақат шахсий ютуқ, балки Жиззах вилояти ва ички ишлар органлари шарафига қўшилган муносиб ҳиссадир.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.