ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ КУЧ СИНАШДИЛАР

Жиззах шаҳрида тиббиёт ходимлари ўртасида “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси раиси кубоги” учун спорт мусобақаларининг вилоят босқичи ўтказилди. Турли спорт турларида кечган қизғин беллашувлар ғолибларини аниқлаш билан бирга, соҳа вакилларининг жисмоний тайёргарлиги, иродаси ва спорт маҳоратини ҳам намоён этди.

Жиззах политехника институти спорт мажмуасида ташкил этилган мусобақаларда вилоятдаги даволаш-профилактика муассасаларида меҳнат қилаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари спортнинг мини-футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича ғолиблик учун куч синашди. Дастлабки саралаш босқичларида рақибларидан устун келган қарийб 250 нафар иштирокчи вилоят биринчилигида ўз маҳоратини намойиш этди. Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Азимжон Обилов сўз олиб, барча иштирокчиларга омад ва муносиб натижалар тилади.

Мини-футбол майдонида жамоавий ҳаракат, тезкор қарор ва аниқ зарбалар ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Мазкур йўналишда Янгиобод туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси барча рақибларидан устун келиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази жамоаси иккинчи, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази жамоаси эса учинчи поғонадан жой олди.

Интеллектуал спорт турларида ҳам кескин рақобат кузатилди. Шахмат бўйича эркаклар ўртасида Пахтакор туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Достон Раҳмонов биринчи ўринни қўлга киритди. Аёллар баҳсида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали ҳамшираси Шоира Музаффарова энг яхши натижани қайд этди.

Стол теннисида эса тезкорлик, чаққонлик ва зарбалар аниқлиги ғолибларни белгилади. Эркаклар ўртасида Республика тез тиббий ёрдам маркази Жиззах филиали фельдшери Абдинор Тотлибоев, аёллар баҳсида Шароф Рашидов туман тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Нодира Ҳакимова шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Шашка мусобақаларида эркаклар ўртасида Мирзачўл туман тиббиёт бирлашмаси лаборанти Улуғбек Ҳайитов, аёллар ўртасида эса Жиззах вилоят фтизиатрия ва пулмонология маркази ҳамшираси Ойдиной Ўринбоева биринчи ўринни эгаллади. Шу тариқа, ҳар бир спорт турида ўз маҳорати ва тайёргарлигини намоён этган ғолиблар Республика босқичига йўлланма олди. Энди улар Тошкент шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги беллашувларда Жиззах вилояти шарафини муносиб ҳимоя қилишади.

Мелитожи ЯКУБОВ,

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш

ходимлари касаба уюшмаси

Жиззах вилоят Кенгаши раиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *