Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тараққиётининг келгуси босқичи учун инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган 7 та миллий дастурни эълон қилди. Давлатимиз раҳбари тараққиётнинг янги даврига қадам қўйилаётгани, мазкур давр халқнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали бунёд этилишини таъкидлади.
Биринчи миллий дастур — билим ва малакани ривожлантиришдан иборат бўлиб, унда техникумларда халқаро таълим стандартлари жорий этилиб, ёшларни юқори даромадли касбларга ўқитиш йўлга қўйилиши маълум қилинди. Улардаги қамров келажакда 1 миллион нафарга етказилади.
Бугунги кунда вилоятимизда ҳам ёшлар сиёсати соҳасига оид ва 7 та миллий дастурга мувофиқ, кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Меҳнат бозорига кириб келган битирувчи, миграциядан қайтган ва ишсиз ёшлар бандлиги бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Жорий йилда ўтказилган хатлов натижасида 2026 йилда меҳнат бозорига кириб келаётган битирувчилар ҳамда миграциядан қайтган, илгари норасмий банд ва ишлаш истаги йўқ бўлган, аммо ҳозирда ишсиз юрган 24 090 нафар ёшлар аниқланиб, уларнинг бандлигини таъминлаш дастури ишлаб чиқилди. Меҳнат бозорига кириб келган 24 090 нафар ишсиз ёшлар 450 нафар вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги ташкилот раҳбарларига номма-ном бириктириб чиқилган. Бугунги кунда 16 546 нафарининг 69 фоизининг бандлиги таъминланган. 2 951 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 187 нафарининг тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш мақсадида 5,8 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди, 18 нафарига деҳқончилик қилиш учун 15,5 га ер майдонлари ажратилди, бир нафарига ўзини-ўзи банд қилиш орқали асбоб-ускуна топширилди. 321 нафари тартибли миграцияга юборилди, 1 099 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 11 969 нафари таълимнинг кейинги босқичига жалб этилди.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича бажарилган ишлар салмоғи ҳам кенг. “Мега лойиҳалар” доирасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари тизимли ва самарали ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, “Ибрат фарзандлари” платформасидан 113 605 нафар, “Мутолаа” платформасидан 169 061 нафар, “Устоз АИ” платформасидан 39 497 нафар, “УзЧесс” платформасидан 96 048 нафар, “Қизлар академияси” платформасидан 62 657 нафар ёшлар рўйхатдан ўтиб, китоб мутолааси, хорижий тиллар ва замонавий касбларни онлайн ўрганиб келишмоқда. 2021 йилдан бугунги кунга қадар халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган 1 893 нафар ёшларнинг 3,7 млрд.сўмлик ўқиш ва имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилган. Биргина жорий йил бошидан 276 нафар ёшларнинг 612 млн сўмлик ўқиш ва имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилди. “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси” томонидан “Кўмак” лойиҳаси доирасида хорижий тиллар бўйича C1 даражадаги миллий ёки унга тенг халқаро сертификатга эга, айниқса, чекка ҳудудларда чет тилларга ихтисослашган ўқув маркази очиш ниятида бўлган ёшларга кўмаклашиш мақсадида (3 йил муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан 130 миллион сўмгача ссуда (фоизсиз қарз) бериш орқали) 35 та янги ўқув марказлари ташкил этилди. Натижада, олис ва чекка ҳудудларда хорижий тилларини ўрганиш истагида бўлган 4,5 мингдан ортиқ ёшларга қўшимча шарт-шароитлар яратилди.
Албатта, мазкур 7 та миллий дастурни ёшлар ҳаётига татбиқ қилиш орқали келгусида бу каби ишларнинг янада жонлантирилиши кутилмоқда. Зеро, инсон қадри ва унинг манфаати юксалган жамиятдагина ёшлар билимли, интилувчан ва юксак марралар сари олға қадам ташлайди.
Абдураҳмон РАББИМОВ,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят кенгаши раиси.