16 НАФАР ЖИЗЗАХЛИК ШАХС АФВ ЭТИЛДИ

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллиги муносабати билан жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисидаги Президент фармони имзоланган эди. Унга кўра 483 нафар шахс афв этилди. Афв таснифига кўра жазодан тўла ва шартли озод этилган шахслар бўлиб, улар орасида 25 нафар чет эл фуқароси, 104 нафар вояга етмаганлар бор.

 Айнан шу ҳужжат ижроси сабаб вилоятимиздан 16 нафар шахс афв этилди. Уларнинг 9 нафари оиласи ва яқинлари бағрига қайтди.   

-Фармонга мувофиқ, билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган шахслар афв этилди, – дейди Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ Пробация бўлими катта мутахассиси Адҳам Шермаматов.- Хусусан, уларнинг 1 нафари жазодан тўлиқ озод қилинди. 5 нафарининг жазони ўташ муддати қисқартирилди, қолган 10 нафар шахсга нисбатан жазодан шартли озод қилиш қўлланилди. Улар орасида бир нафар шахс вояга етмаган, 10 нафари эса ёшлардир. Мамлакатимизда инсон қадри улуғ. Ушбу тамойил айнан ёшлар тақдирида ўз исботини топмоқда.

Президент фармонига кўра афв этилганлар билан ишлаш, уларни ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳар бир туманда сектор раҳбарлари афв этилган шахслар билан юзма-юз мулоқот ўтказиб, уларнинг келгуси режалари ва соғлом ижтимоий фаолияти билан шуғулланишлари учун кўмак кўрсатишмоқда. Дўстлик тумани сектор раҳбарлари туман ҳудудида яшовчи афв этилган фуқаронинг ўзини ўзи банд қилиши учун пайвандлаш ускунаси билан таъминлайдиган бўлишди. Шароф Рашидов туманидан 4 нафар шахс билан ўтган шундай мулоқотда мавжуд муаммолар тингланиб, уларни ҳал этиш, жамиятда ўз ўринларини топишда зарур кўмак кўрсатилиши белгиланди.

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *