ЖИЗЗАХДА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ШОУРУМИ ОЧИЛДИ

Давлатимиз раҳбари раислигида 2026 йил 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган йиғилишда давлат банкларига аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Мазкур вазифалар ижроси доирасида “Агробанк” АТБ масъуллари ҳудудларга чиқиб, маҳаллаларда аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммолари ҳамда таклифларини ўрганди. Уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш ва кичик ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган янги ташаббус амалга оширилди.

Шароф Рашидов туманидаги агромарказда “Агробанк” АТБ ташаббуси билан Жиззах вилоятида замонавий ишлаб чиқариш ускуналари шоуруми очилди. Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев иштирок этиб, сўзга чиқди.

—Бу масканларда ўз бизнесини бошламоқчи ёки мавжуд фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган фуқаролар ускуналарни бевосита кўриш, синаб кўриш ва ўз имкониятига кўра мосини танлаш имконига эга бўлади, —деди вилоят раҳбари.

Шоурумларда қадоқлаш, озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, совутиш, пластмасса маҳсулотлари тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги, металл ва шишага ишлов бериш, лазер технологиялари ҳамда полиграфия соҳаларига оид ускуналар намойиш этилади. Уларнинг қиймати, қуввати ва имкониятига қараб 2 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача бўлиши кўзда тутилган. Қимматроқ ускуналарни Хитой ва Туркиядаги ишлаб чиқарувчилардан буюртма асосида етказиб бериш имконияти ҳам мавжуд.

Қулайлик ва тезкорликни таъминлаш учун фуқаролар шу ернинг ўзида банк мутахассисларидан молиялаштириш шартлари билан танишиши ва кредит маблағлари олиш имкониятига эга. Бу эса ускунани танлашдан уни харид қилишгача бўлган жараённи янада қулайлаштиради.

Шоурумлар фақат кўргазма майдони эмас. Бу ерда эҳтиёжни аниқлаш, технологик ечимни танлаш, ускунадан хавфсиз фойдаланишни ўргатиш, уни етказиб бериш, ўрнатиш, ишга тушириш ва кейинги сервис хизматларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Энг муҳими, бу ташаббус билан кичик саноат йирик корхоналар ҳудуди билангина чекланиб қолмай, маҳаллалар ва хонадонларга ҳам кириб боради. Оилалар ўз имкониятига мос ускуна ёрдамида уй шароитида маҳсулот ишлаб чиқариш, қўшимча даромад топиш ва янги иш ўринлари яратиш имкониятига эга бўлади. Шу тариқа маҳалланинг ўзида ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик муҳитини кенгайтиришга замин яратилади.

Тадбирда “Агробанк” АТБ бошқаруви раиси Эркин Кахаров иштирок этди.

 Зоир ЭРГАШЕВ,

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган сурат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *