Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, юртимизнинг иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини юксалтиришда салмоқли натижаларга эришаётгани, ташаббускорлиги, замонавий билим ва тажрибасини намоён этиб, инвестицияларни жалб этиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатишни янада кенгайтириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида алоҳида жонбозлик кўрсатаётган тадбиркорлар сафи кенгайиб бораётир.
Бизнесда эришаётган ана шундай салмоқли натижалари учун “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойишига мувофиқ воҳамиздан тўққиз нафар ҳамюртимиз давлат мукофотларига лойиқ кўрилди.

Шу муносабат билан бугун вилоят ҳокимлигида тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев тадбиркорларни касб байрамлари билан табриклади. Вилоят раҳбари ўз сўзида иқтисодиётимиз локомотиви саналган тадбиркорларнинг ҳукуматимиз, шахсан Юртбошимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани, улар учун яратилинаётган шароитлар ва имтиёзларга алоҳида тўхталиб ўтди.
–Бу сана тадбиркорлар учун нафақат байрам, балки ўз муаммоларини ҳал қилиш ва янги имкониятларга йўл очиш майдонига ҳам айланмоқда. Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти анъанага айланиб, 2021 йилдан бери ҳар йили ташкил этиб келинмоқда.Қувонарли жиҳати, ҳар йилги учрашувдан сўнг соҳада сезиларли ўзгаришлар амалга оширилиб, тадбиркорлар учун имтиёз ва имкониятлар янада кенгаймоқда.
Бугунги маросимда Жиззах брендини нафақат республика, балки жаҳон миқёсига олиб чиқаётган фаол тадбиркорлар қатнашди. Улар вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини юксалтириш, чекка ҳудудларни обод қилиш каби эзгу ишларга катта ҳисса қўшмоқда.
Ҳозирда Жиззах вилоятида 15,1 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда, уларда қарийб 184,6 минг киши иш билан таъминланган. Вилоят ялпи ишлаб чиқаришида хусусий секторнинг улуши 68,9 фоиздан ортиқни ташкил этади. Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Жиззах аграр ҳудуддан саноати ривожланган минтақага айланди. Бугунги кунда вилоятда 4 953 та саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда.

Охирги 7 йилда ҳудудга 3,7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилди. Жорий йилнинг ўзида 1,4 миллиард доллар хорижий сармоя ўзлаштириш мақсад қилинган бўлиб, шунинг 6 ойидаёқ 700 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритилди. Шу билан бирга, 2025 йилда Жиззахда ишлаб чиқарилган 285 миллион долларлик маҳсулотни 40 дан зиёд мамлакатга экспорт қилиш режалаштирилган, – деди жумладан вилоят раҳбари табрик нутқида.
Тадбирда вилоят раҳбари воҳамизнинг бизнес вакилларига “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонини ва давлат мукофотларини тантанали равишда топширди.
—“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланганимдан хурсандман,—дейди Жиззах шаҳридаги “Maqsuda Nazokat” масъулияти чекланган жамияти директори Суннатулла Бойхўрозов. —Бу мукофот менга тадбиркорлик соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ ёшларини қўшимча иш ўрни билан таъминлаш, бозорга арзон ва сифатли маҳсулотлар тури ва ҳажмини янада кўпайтириш каби вазифаларни юклайди. Фурсатдан фойдаланиб, барча тадбиркорларни касб байрами ва халқимизни яқинлашиб келаётган мустақиллигимизнинг 34-йиллик тўйи билан табриклайман.
Юртбошимиз томонидан тадбиркорларга берилаётган эътибор ва ғамҳўрликлар уларни бир мақсад сари бирлаштиришга, Ватан тақдирига даҳлдорлик ҳиссани оширишга, Янги Ўзбекистон тараққиёти учун янада кўпроқ ҳисса қўшишга чорлайверади.
Зоир ЭРГАШЕВ.
Ботир ҚУДРАТОВ олган сурат.