ТОАБАД ЯШНАЙВЕР, ЯНГИ ЗОМИНИМ!

Йўқламада Зомин тумани

Республикамиз Мустақиллигининг 35 йиллигига туманда тўйга деганларидек ишга туширилиши кўзда тутилган бино ва иншоотлар бир талай. Ҳудуднинг ҳар гўшасида юртни обод қилиш истагидаги ҳамюртларимиз  эрта тонгдан барчани ҳайру баракага, зафарга чорлайди.

Ҳар бир маҳалла мақтана оладиган  тўёнаси билан тўйга тайёр турибди. Йиллар давомида қалқиб турган муаммоларга бирин-кетин ечим топилаётгани, олдингидай узоқ-узоқларда эмас, шундоқ ёнгинасида иш ўринлари ва бошқа қулайликларга эга бўлаётган зоминликларнинг яхши яшаш орзуси бугун юз-қўзидаги тафтида, шижоату шаҳдида кўринади.

Янги ва чароғон масканларда улкан мақсадларни кўзлаб, меҳнат қилишдек шарафли масъулият одамларни Янги Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга  даъват этаверади. Ҳудудга кейинги йилларда хорижий сармоядорлар ва сайёҳларнинг кўпроқ ташриф буюраётгани бу ерда янги корхоналар, иш ўринларининг ташкил этилишига, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига туртки бўлмоқда.

ЯНГИ КОРХОНА, ЯНГИ ИШ ЎРНИ

“Зомин технопарки” махсус саноат зонаси ҳудудида умумий қиймати 854,5 млн долларлик 12 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.  “MING YUAN SI LU BUILDING MATERIALS” хорижий корхона томонидан қурилиш материаллари, “Xinjiang Honglin Tiandi Urban Construction And Development” МЧЖ ХК томонидан мебель маҳсулотлари, “Hebei wanghua smart home technology” МЧЖ ХК томонидан кабель ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси  ишга туширилди. Йил якунига қадар яна 180 млн долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

Маълумки,  ҳар қандай давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бу ёшлар бандлигини таъминлаш ва ишсизликнинг олдини олиш ҳисобланади. Чунки иш билан таъминланган ёшлар бу барқарор иқтисодиёт, ижтимоий фаровонлик ҳамда жамият тараққиётида муҳим ўрин тутади.

Даштобод шаҳарчасида “Аrtel Electronics Zomin” корхонаси филиалининг барпо этилиши вилоятдаги кўплаб ёшларнинг бандлигини таъминлаш йўлида улкан қадамлардан бири бўлди. Ушбу ишлаб чиқариш корхонасининг ташкил қилиниши Жиззах аҳолисига 4 мингга яқин иш ўринлари яратилишига ва ишсиз аҳоли, асосан, ёшларни ушбу иш ўринларига жойлаштириш имконини берди.

Корхонада ишчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратилган бўлиб, барча қулайликларга эга ётоқхона,  уч маҳал иссиқ овқат,   олис ҳудудлардан қатновчилар учун махсус автобуслар йўлга қўйилган.

Мазкур корхонада бугунги кунда яна 1500 та янги иш ўринлари ташкил этилганлиги, ёшлар бандлигини таъминлаш йўлида  яна бир бор имконият яратилганлигидан даракдир.

ОБОД ХОНАДОН, ОБОД КЎЧА, ОБОД МАҲАЛЛА

Жорий йилда барча манбалар ҳисобидан жами 624 млрд сўмлик қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг амалга оширилиши режалаштирилган.

Жумладан, 3 та умумтаълим мактаби реконструкция қилинади. Маданият саройи биносини қуриш, туман марказида 75 километр оқова сув тармоғини тортиш ишлари давом эттирилади. Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида 7,1 млрд сўм маблағ йўналтирилиб, “Қўштол” МФЙдаги 6-сонли ва “Тўрттом” МФЙдаги 53-сонли мактабларга қўшимча бинолар қурилди. “Гулшан” ва “Фаровон” МФЙларда иккита мини-стадион барпо этилди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2025 йил 22 июль куни Жиззах вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий соҳа иншоотларини таъмирлаш учун 20,1 млрд сўм маблағ ажратилди. Мазкур маблағлар ҳисобидан “Навбаҳор” МФЙдаги 10 та, “Халқобод” МФЙдаги 11 та, “Қайирма” МФЙдаги 1 та, Даштобод шаҳридаги жами 47 та икки қаватли ҳамда Улуғбек МФЙдаги 1 та тўрт қаватли уй-жойлар, 1 та умумтаълим мактаби, 3 та мактабгача таълим  ва 10 та тиббиёт муассасаси базальт билан қопланди.

Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Ғафур Ғулом МФЙ ҳудудида 8 та 160 хонадонли кўп қаватли уй-жой қурилди.

Туман аҳолисини замонавий муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ва хизматлар сифатини ошириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар бажарилди.

Жумладан, 98 километрдан ортиқ ички хўжалик йўллари ва 65 километр давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари таъмирланди. “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида “Ширин” ҚФЙда 17 километр, Ҳамид Олимжон МФЙда 11 километр ички йўллар шағаллаштирилди.

Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 87 километр электр тармоғи янгидан тортилди, 9 та янги трансформатор ўрнатилди. 288 километр электр тармоғи ва 66 та трансформатор жорий таъмирдан, 133 километр тармоқ ҳамда 50 та трансформатор мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Ичимлик ва оқова сув таъминоти йўналишида 7 километр янги ичимлик суви тармоғи тортилди, 16,8 километр тармоқ ва 2 та насос таъмирланди. Истеъмолчиларга 880 та замонавий сув ҳисоблагичлари ўрнатилди.

Аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш даражасини яхшилаш мақсадида 36,5 километр газ қувурлари реконструкция қилинди, 11 та газ тақсимлаш пункти мукаммал таъмирланди. Шунингдек, 117,1 километр ер ости газ қувурларининг ҳолати текширилди, 24,2 километр газ қувурлари бўялди ва 507 та ГТП тафтишдан ўтказилди. Натижада 21,6 мингдан ортиқ истеъмолчига 3712 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

ФАРОВОНЛИК САРИ ҚАДАМ

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида тумандаги 6 та оғир маҳалла — Ёшлик, Пешағор, Мустақиллик, Гулистон, Истиқлол ва Чорвадор маҳаллаларида аҳоли томорқаларини суғориш тизимини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу мақсадлар учун жами 17,9 млрд сўм маблағ йўналтирилиб, 8 та сув қудуғи барпо этилди. 20 километр лоток ўрнатилди ва 21,8 километр сув тармоғи тортилди. Бу ишлар маҳаллаларда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш ва оилалар даромадини кўпайтириш учун муҳим имконият яратмоқда.

Шунингдек, жорий йилда “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги Бунёдкор ва Мустақиллик маҳаллаларининг ҳар бирига 5 млрд сўмдан, “Оғир тоифадаги” “Ш.Рашидов”, “Фаровон” ва “Обиҳаёт” маҳаллаларининг ҳар бирига уч млрд сўмдан маблағ ажратилди.  

“ЯШИЛ МАКОН” ДОИРАСИДА

Туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда, ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш ва яшиллик даражасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида 2025 йилда туманда жами 1 миллион 735 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилди.  2026 йил баҳор мавсумида 532,2 минг дона манзарали ва мевали дарахт кўчатлари,  буталар экилди.

Шунингдек, ҳудудда 2 та “Яшил боғ” ва 1 та “Ҳокимлик боғи” ташкил этилди. Бу ишлар нафақат туманнинг экологик барқарорлигини таъминлаш, балки аҳоли учун янада қулай, обод ва яшил муҳит яратишга хизмат қилмоқда.

ИПАК ВА ШАРБАТЛАР ЭКСПОРТГА

2026 йилда туманнинг  экспорт режаси 36,1 млн доллар қилиб белгиланган.  Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 6 та корхона биринчи марта экспортга жалб қилиниб, 3 та корхонада экспорт ҳажми оширилиши ҳисобига 9,5 млн доллар экспорт ҳажмлари қўшилишига эришилди. Жорий йилнинг 9 ойида 21,9 млн долларлик  маҳсулотлар экспортини амалга ошириш режа қилинган.

Бунда электротехника  13 млн доллар, қишлоқ хўжалиги  3,6 млн доллар, озиқ-овқат саноати  1,8 млн доллар; (жем,мева шарбатлари), цемент 0,1 млн доллар; фармацевтика маҳсулотлари 0,2 млн доллар, ипак 0,5 млн доллар ва бошқа маҳсулотлар 2,9 млн долларга етказилиши белгиланган.

МАФТУНКОР ҚАДАМЖОЛАР

Зоминда ҳозирда 3103 ўринли 146 та турар жой фаолият юритмоқда. Зомин туристик реакреацион зонаси Суффа платоси—2400  халқаро умуммавсумий курорти ҳудудида мавсумда жаҳон стандартлари асосида 720 ўринга мўлжалланган учта замон талабларига жавоб берадиган меҳмонхоналар ҳамда металл конструкциялардан фойдаланган ҳолда 400 ўринли автотураргоҳ қурилиб фойдаланишга топширилди.

Ҳудуднинг икки гектар майдонида туристларнинг дам олишлари учун барча шароитларга эга соғломлаштириш маркази барпо этилган. Мазкур дам олиш маскани бир вақтнинг ўзида 500 нафар  сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Шунингдек, бугунги кунда сайёҳларнинг энг севимли масканига айланган республикамиздаги ягона ҳисобланган узунлиги 305 метр, баландлиги 150 метр бўлган осма кўприк ҳамда 36 та кабинадан иборат, 12 та минорали, 11 дона устундан ташкил топган Зомин замонавий осма дор йўли фаолият юритмоқда.

Шу билан бирга туманда учта маданият ва истироҳат боғлари, юздан ортиқ умумий овқатланиш шохобчалари, ўнта экотуризм, 2 та музей, 109 та  маданий мерос иншоотлари мавжуд. Буларнинг барчаси ҳудуд туризмини ривожлантириш, ташриф буюраётган хорижлик сайёҳларнинг сонини кўпайтиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.

Ўтган йили Зоминга 100 мингга яқин хорижий ва бир миллионга яқин маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди. Жорий йилда эса икки юз мингга яқин хорижий, бир миллион нафардан ортиқ маҳаллий сайёҳларнинг  ташриф буюриши режалаштирилган.

БОСИМ БОБО МЕҲР СОМСАСИ—ЗОМИНДА

Шароф Рашидов туманининг Ғозғонтепа қишлоғилик машхур тадбиркор Босим бобо Меҳр сомсаси билан элга танилган тадбиркор Алишержон Азимов Зоминнинг Дуоба қишлоғида овқатланиш шохобчасини ташкил этди. Вилоят савдо-саноат палатаси ҳамда Зомин тумани ҳокимлиги саъй ҳаракати билан янги ташкил этилган “Тўлаш она” оилавий корхонаси қисқа вақтда тансиқ ва хушхўр таомлари билан хўрандалар кўнглидан жой олишга улгурди.

—Тўғриси, бошида иккиландим, Зоминда шунча овқатланиш нуқталари бўлса, рақобатга бардош бера оламизмикан, деган уй-хаёл сира тинчлик бермасди. Мана иш бошлаганимизга икки ойдан ўтаяпти, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ошхонамизга ташриф буюришаётир.

Янги барпо этилган овқатланиш шохобчасида Қашқадарё тандиргўшти, Хоразм сазан балиғи, яхна гўшт таомлари, сомса каби ўндан ортиқ турдаги миллий ва Овропа таомлари тайёрланмоқда. Тадбиркор ташаббуси билан CaFFeLito Coffee (Итальянчадан илиқ кайфият мавсуми) қаҳвахонасида  дунёга машҳур кофе турларидан баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Тадбиркор А. Азимов овқатланиш шохобчаси ёнида қиймати 1,5 миллион АҚШ долларилик лойиҳани жорий йилнинг сентябрь ойида бошламоқчи. Лойиҳага асосан 125 ўринли меҳмонхона, 14 кишилик 14 та кемпинг, болалар ўйингоҳи, сузиш ҳавзаси ва автотураргоҳ барпо этилади.  

Шунингдек,  оилавий корхона раҳбари Алишер Азимов Қозоғистондан минг бош Эдилбой қўй зоти, Беларусдан беш юз бош андус зотли қорамол келтирмоқчи. Чорвачилик мажсуасида боқиладиган бу чорва моллар оилавий корхонасида кластер тизимини ташкил этишни мақсад қилган тадбиркорнинг галдаги лойиҳаларидан бири саналади.

ХОРИЖЛИКЛАР ЭЪТИРОФИ

Шайха Носир Ал-Новайс хоним—БМТ Туризм бош котиби:

—Ростини айтсам, Ўзбекистонга бунданда қулайроқ пайтда келишим мумкин эмасди. Бу ерда маҳаллий халқ билан бирга шундай ажойиб воқеаларга  гувоҳ бўлиш бахтига муяссар бўлганимдан ниҳоятда мамнунман. Бу шубҳасиз гўзал ва унутилмас лаҳзадир. Бу сафарим  давомида англаган энг муҳим ҳақиқатим шуки, ҳаётнинг оддий қувончлари уни янада мазмунли ва гўзалроқ ҳис этишга бу ҳамжиҳатлик тушунчаси ниҳоятда муҳим. Улар нима қилишмасин таом тайёрлаш, ўйин ўйнаш ёки кундалик юмушлар бўладими барчасини биргаликда бажаришни афзал кўришади. Бу эса жамоаликни, яъни оила ва жамият сифатида бирлашиб, яшаш қанчалик муҳим эканини яққол намоён этади. Туризм эса одамларни яқинлаштирадиган турли маданият ва анъаналарни чуқурроқ англаш имкониятини берадиган омилдир.

Ўзбекистонга қилган ушбу сафаримдан олган энг катта сабоғим бу самимиятдир. Самимий бўлган ўзбек халқи учун бу юксак қадрият ҳисобланиб, улар буни чуқур эъзозлаб, миллий фахр сифатида асраб-авайлайди. Зоминни бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси, замонавий дам олиш масканлари, айниқса, дор йўли, осма кўприк,  Суффа платоси, гастрономик туризми билан ҳар қандай сайёҳни ўзига мафтун эта оладиган ҳудуд сифатида эътироф этишим мумкин.

Хан Сеунг Хван (Жанубий Корея) сайёҳ:

—Зоминга биринчи маротаба келишим. Бу ҳудуд жуда ҳам чиройли экан. Мен уни худди Швейцарияга ўхшатдим. Тоғлар ниҳоятда гўзал, уларнинг чўққиларида қорларни ҳам кўриш мумкин. Шу сабабли Зомин жуда ажойиб маскан дея оламан. Агар бошқа сайёҳлар Зоминга келишса, уларга зипланёрда учишни тавсия қиламан. Бу жуда қизиқарли. Яна ўша тебратадиган кўприк ҳам бор. У ҳам завқли. Умид қиламанки ҳамма вақт топиб, Зоминга келади. Бу ерда миллий таомларни татиб кўрдим. Ростини айтсам Ўзбекистонда энг ёқтирган таомим кабоб бўлди. Зоминда эса тандиргўшт ва қозонпатир мазаси оғзимда қолди.

ЮРТ МАДҲИ

Мен Ватан деганда  энг биринчи гал

Зомин тупроғини тавоб этаман.

Бу тупроқдан йироқ кетган пайтларим

Соғинчдан бағримни кабоб этаман.

Олис ўтмиш сари ташласак назар

Бу юрт қадим-қадим бўлган бунёда

Тоғлари сервиқор, қирлари кўм-кўк

Бундай баҳаво жой йўқдир дунёда.

Бир ёғи Даштобод, Лайлакуя, Ём,

Жаннат булоғидир гўзал Ўрикли.

Бир ёғи Небўса, Аччи, Пишағор

Увол, Бешкубиси чандон кўркли.

Боғишамол боғин кезар насимлар,

Қирғиз оғайнилар яшар Толлида.

Нима Швейцария, нима бошқаси,

Зоминдай жаннат макон олдида.

Шаънинг куйлаб ўтар Меҳринисо қизинг,

Ижобатлар бўлсин қилган оминим.

Дунё тургунча тур, тоабад яшна,

У олтин бешигим, юртим Зоминим.

Меҳринисо АБДУРАҲМОНОВА

 

Саҳифани Зоир ЭРГАШЕВ тайёрлади.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *