ҲУШЁРЛИК МУҲИМЛИГИНИ УНУТМАЙЛИК

Ҳозирги кунда табиий газ турмушимизга шу қадар кириб келганки, кундалик ҳаётни у сиз тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Инсонлар ва техника учун табиий газдан фойдаланиш жуда катта қулайликларни яратади. лекин ҳаммамиз ҳам унинг қадрига етавермаймиз. Биз учун катта қулайлик ва мўъжиза бўлган газ ёнилғисидан фойдаланиш, барчамиздан эътибор ва ҳушёрликни талаб этади. Лекин айрим жойларда истеъмолчилар томонидан газдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Ўтган йиллар давомида табиий газдан фойдаланишда йўл қўйилган хато ва камчиликлар оқибатида инсонлар ўлими билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар, газ ҳаво аралашмаси чақнаши ва ис газидан заҳарланишлар содир бўлганлигини, келгусида бу каби нохушликларни олдини олиш мақсадида шаҳримиз газ истеъмолчиларининг мажбуриятларини ва газдан фойдаланишда нималарга эътибор қаратилишини  яна бир бор эслатиб, уларни огоҳлантирамиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сонли қарори билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”да  маиший газ истеъмолчиларининг мажбуриятлари ва газдан фойдаланишда нималарга йўл қўйилмаслиги  белгилаб қўйилган.

Янги турар жойларга кўчиб ўтилганда ҳамда мавжуд уй-жой фондини газлаштириш давомида газ хўжалигида хавфсизлик қоидалари бўйича зарур кўрсатмаларни газ таъминоти ташкилотининг масъул ходимидан олиш;

ўз тасарруфидаги газ тармоқлари, газдан фойдаланиш ускуналари шунингдек, фойдаланилаётган ертўлалар, техник йўлаклар ва бошкаларни соз ҳолатда сақлаш, электр ёритиш ва шамоллатиш тизимининг доимий ишлашини таъминлаш, бунда, кўп квартирали ва турар жой биноларидаги газ плиталар — икки йилда бир марта техник тафтишдан ўтказилишини таъминлаш;

бошка газдан фойдаланиш ускуналарини — бир йилда бир марта буюртма асосида газ таъминоти ташкилоти ёки тегишли ваколатга эга бўлган ташкилотларни жалб қилган ҳолда техник тафтишдан ўтказилишини таъминлаш;

фавқулодда ва авария ҳолатларида, куннинг исталган вақтида ўз хизмат гувохномаларини кўрсатган масъул ходимларга қаршилик кўрсатмасдан уларни газ хўжалигида газ сизиб чиқиш ҳолатини текшириш учун барча ертулалар, техник йўлаклар, хоналарга киришини таьминлаш;

белгиланган тартибда дудбуронлар ва шамоллатиш тизимларининг ҳолатини ўз вақтида текширилишини ташкил қилиш лозим.

Ўзбошимчалик билан газлаштириш, газдан фойдаланиш ускунасини мустакил равишда кўчириш, алмаштириш ва таъмирлаш мумкин эмас.

Унутманг! Табиий газдан фойдаланишда юқорида ифодаланган мажбуриятларни бажармаслик ва тақиқланган талабларга риоя этмаслик бахтсиз ҳодисалар, ҳалокатлар ва ис газидан заҳарланишларга олиб келиши мумкин.

Ёдда тутинг! Маиший газ истеъмолчилари томонидан “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”га риоя этмаслик огоҳлантиришсиз табиий газ тармоғидан узиб қўйилишига олиб келади.

Ўзимиз ва ўзгалар ҳаётига бефарқ бўлмайлик ва юқоридаги қоидаларга амал қилайлик. Зеро, инсон саломатлиги ва ҳаёти бебаҳо бойликдир.

Ғанишер БАРАТОВ,

“Жиззахшаҳаргаз” газ таъминоти

бўлими етакчи муҳандиси.

Фарҳод АКТАМОВ,

“Ўзэнергоинспекция” Жиззах вилоят

бошқармаси бош мутахассиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *