Россиялик таниқли ёзувчи Фёдор Раззоқов ҳозирги кунда Москва шаҳрида яшайди ва ижод қилади. Раҳматли отаси Ибод Раззоқов асли Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги Денов (ҳозирги Навбаҳор) қишлоғида таваллуд топган. Ёзувчининг ҳозиргача Россиядаги турли давр воқеаларига бағишланган 125 дан ортиқ китоблари чоп этилган. Унинг ижоди мамлакатимиз билан чамбарчас боғлиқдир. Ўзбекистонга, ота юртига келиб, қариндош-уруғлари билан кўришиб турар экан.
Халқимизнинг ардоқли фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби, адиб Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида XXI асрнинг дастлабки ўн йиллигида Фёдор Раззоқов россиялик ёзувчилардан биринчи бўлиб батафсил асар яратган. Китоб 2009 йилда Москвада “Коррупция в Политбюро. Дело красного узбека” яъни “Политбюродаги коррупция. Қизил ўзбекнинг иши” деган ном билан нашр этилганди. Ушбу китоб 2012 йилда “Дело, взорвавшее СССР” деб номланиб, қайта нашрдан чиқарилди. Чоп этилган ушбу китоб юқоридаги нашрларнинг тўлдирилган вариантидир. Юқоридаги биринчи китоб 2020 йилда “Шароф Рашидов: ҳаёт ва мамот” номи билан ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилди. Мазкур китобнинг ўзбекча нашрига ёзилган сўзбошида муаллиф Ф.Раззоқов қуйидагиларни эслаб ўтади.
“Москвада 2007 йилда шундай воқеалар рўй бера бошладики, мен уларга эътибор беришга мажбур бўлдим. Россия телевидениеси орқали 1983-1989 йилларда рўй берган “ўзбеклар иши”, “пахта иши” тўғрисидаги ҳужжатли фильмларни яна намойиш қилиш бошланди. Гўё ўтган асрнинг 80-йилларидаги Москвада нашр қилинган “Огонёк” журнали қайта тиклангандай мазкур “иш” эскича услубда талқин қилинарди. Моҳиятан, бу Ўзбекистонга, ўзбек миллатига қарши навбатдаги хуруж эди. Шундан кейин барча иккиланишни йиғиштириб қўйиб, Шароф Рашидов ҳақидаги китобни ёзишга киришдим. Биринчи галда зарур маълумотларга эга бўлиш учун Москвадаги Тарих кутубхонасига йўл олдим. Уйга қайтгач, бўлажак китобнинг икки саҳифасини қоғозга туширдим. Тақвимга назар ташлаб, ҳайратдан ёқа ушладим. 2007 йилнинг 6 ноябрь куни. Бу Шароф Рашидов туғилганига 90 йил тўлган кун эди. Буни жуда оқилона иш бошлаганимни тасдиқловчи ғаройиб ишора сифатида қабул қилдим. Анчадан буён ростмана илҳом билан қалам тебратмагандим. Мазкур асар учун чинакам оқ йўл очилганди. Барча зарур маълумотларга пешма-пеш эга бўлардим, фикрлар қуйилиб келар ва равон қоғозга тушарди. Нашр ишлари ҳам муаммо бўлмади. Шароф Рашидов сиймосига қизиқиш ҳамон катта эканидан мамнун бўлдим. Шароф Рашидов жозибадор савлати, теран тафаккури ва чинакам давлат арбобига хос салоҳияти билан Ўзбекистонни қудратли республикага айлантирди, бошқа намунали совет республикаларидан фарқли ўлароқ Ўзбекистонда сўзда эмас, балки амалда ҳақиқий биродарона ҳамжиҳатлик қарор топди. Қолаверса, фақат Рашидов байналмилалчиликни миллатпарварлик билан уйғунлаштира олди, натижада ўзбеклар ўзларини ўз республикасининг чинакам эгаси ҳисоблар эдилар. Шунинг эвазига улар ўз раҳбарини ҳақли равишда “Миллат отаси” дея эъзозларди. Совет Иттифоқини барбод қилишни мақсад қилган кимсалар дастлабки зарбаларни айнан Шароф Рашидов ва ўзбек халқига қаратди. Бу қандай рўй бергани мазкур китобда ҳикоя қилинади. Ушбу китобни отам хотирасига бағишлайман.”
Мазкур асарда Ўзбекистоннинг буюк давлат ва жамоат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг таржимаи холи, ҳаёти ва фаолияти, унинг раҳбарлиги йилларида Ўзбекистон халқ хўжалигининг барча соҳаларини юксалтириш билан бирга мамлакатимиз фани ва маданияти, спорти, санъати ва адабиёти равнақ топаётганлиги ҳақида маълумотлар келтирилган.
Шунингдек, ёзувчи Фёдор Раззоқов Шароф Рашидовнинг давлат арбоби фаолиятига доир иккинчи китобни ёзишга киришди. 2019 йилда Москвада “Спасти Рашидова” (“Рашидовни қутқариш”) номи билан янги китоб нашр этилди. Бу китоб асосан 1982-1983 йилларда Россия, Европа, Америка, Афғонистон, Покистон ва бошқа ҳудудлардаги шаҳарларда ҳамда масканларда махфий равишда тегишли нуфузли ташкилотларнинг архивларидан олинган Шароф Рашидов фаолиятига доир асосли маълумотлар бўлиб, ўтган воқеалар тафсилоти аниқ кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг таклифи билан ёзувчи Фёдор Раззоқов 2017 йил ноябрь ойида Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги тантаналарида қатнашиб, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган анжуманларда сўзга чиқди. Россия делегацияси таркибида Тошкент шаҳрининг Чиғатой қабристонидаги Шароф Рашидов қабрини зиёрат қилди. Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. У Шароф Рашидовнинг оила аъзолари билан учрашиб, дўстона суҳбатлашди. Мазкур тантанада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев сермазмун нутқ сўзлади. Ш.Рашидовнинг қатор сафдошлари ўз дил сўзларини изҳор этишди. Уларнинг ҳар бири атоқли сиёсат арбоби, адиб ва оддий, ҳалол ва покиза инсон ҳақида самимият билан гапиришди. Ҳақиқатдан ҳам Шароф Рашидов раҳбарлиги йилларида Ўзбекистон халқи улкан ютуқларга эришди, ўша даврнинг таъбири билан айтганда “Республика –Марказий Осиё кўзгусига” айланди. Шароф Рашидов қўйган мустаҳкам пойдеворга таянган мустақил Янги Ўзбекистон Муҳтарам юртбошимиз раҳбарлигида бугунги кунда янги зафарлар йўлидан дадил одимламоқда.Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкам қуриш ва халқаро ҳамжамиятда муносиб ўринни эгаллаш бўйича улкан ислоҳотлар ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Халқимизнинг содиқ фарзанди, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси буюк инсон Шароф Рашидовичнинг таваллудига бағишланган юбилей тантаналари Жиззах шаҳрида икки маротаба ўтказилди. Биринчиси, 1992 йил ноябрда Ш.Рашидов таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.А.Каримов қатнашиб мазмунли маъруза қилди. Шароф Рашидовнинг бюсти тантанали равишда очилди. Ушбу тадбирни ташкилий жиҳатдан тартибли ўтказиш жараёнида камина вилоят ҳокимлиги масъул ходими сифатида бевосита иштирок этганман. Мазкур тадбирда қўшни қардош Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон республикалари биринчи раҳбарлари ҳамда республикамизнинг барча вилоятлари ҳокимлари ва вакиллар қатнашдилар. Иккинчиси 2017 йил 7 ноябрда Ш.Рашидов ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади. Ишончимиз комилки, халқига, замонасига, ўзи ишонган ғояларга ҳалол хизмат қилган, ўз умрини ҳалол яшаб ўтган ўзбек халқининг садоқатли фарзанди Шароф Рашидовнинг хотираси эл-юртимиз ёдида мангу сақланиб қолади”.
Нуриддин НУРМАТОВ,
Жиззах вилоят нуронийлар жамоатчилик
Кенгаши раиси ўринбосари, меҳнат фахрийси,
“Дўстлик” ордени соҳиби.