ДХХ КУБОГИ ВИЛОЯТ БОСКИЧИ ОЛДИ

Мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ва спортсеварлар орасида севимли мусобақага айланган футбол ҳамда мини-футбол бўйича ДХХ кубоги нафақат оммавий спортни ривожлантириш, балки истеъдодли футболчиларни кашф этишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур мусобақага вилоятимизда ҳам катта қизиқиш ва эътибор билан қаралмоқда. Бунга яққол мисол қилиб, сўнгги йилларда республика миқёсида эришилган натижаларни айтиш мумкин. Жорий йил маҳалла, шаҳар ва туман босқичлари якунлангач, 8 июнь санасидан бошлаб мусобақанинг вилоят босқичига расман старт берилди.

Вилоят босқичида футбол, мини-футбол ва қизлар футболи йўналишлари бўйича 13 тадан жамоа иштирок этмоқда. Жамоалар қуръа натижаларига кўра «А», «Б», «С» ва «Д» гуруҳларига бўлинган ҳолда ғолиблик учун ўзаро кураш олиб боришади.

Мусобақанинг дастлабки беллашувлари «А» гуруҳида, Бахмал ва Фориш туманлари жамоалари ўртасидаги учрашувлар билан бошланди. Футбол баҳсида Бахмал туманининг «Гулбулоқ» жамоаси Форишнинг «Нурак» жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақани ғалаба билан бошлади.

Мини-футбол баҳсларида эса бахмаллик ёшлар янада ишончли ўйин намойиш этиб, форишлик тенгқурларини йирик — 11:1 ҳисобида таслим қилдилар. Қизлар футболида ҳам Бахмал жамоаси устунликни қўлдан бой бермади. Муросасиз кечган учрашув якунида улар 1:0 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритдилар.

Шу тариқа вилоят босқичи баҳслари юқори руҳ, кескин рақобат ва муросасиз курашлар остида давом этмоқда.

Худойберди ЗИЁТОВ
(«Жиззах ҳақиқати»)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *