ЖИЗЗАХ ФАХРИ, ХАЛҚ ИФТИХОРИ

Инсоннинг бу ёруғ оламдаги умри йиллар билан ўлчанса-да, унинг халқ ва Ватан равнақи йўлида амалга оширган эзгу ишлари, қолдирган бой маънавий мероси, эл-юрт хотирасидаги ўрни абадият билан ўлчанади. Шундай инсонлар борки, уларнинг номи вақтлар ўтгани сари қадр топади, ҳаёт йўли эса келажак авлодлар учун ибрат мактабига айланади. Ана шундай буюк шахслардан бири — давлат ва жамоат арбоби, таниқли адиб, шоир ва публицист Шароф Рашидовдир.

Бутун ҳаётини эл-юрт манфаати, халқимизнинг бахту саодати ва юртимиз тараққиётига бағишлаган бу улуғ инсон нафақат ўз даврининг йирик сиёсий арбоби, балки адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган ижодкор сифатида ҳам халқимиз қалбидан чуқур жой олган. Унинг ҳаёт йўли, меҳнатсеварлиги, қатъияти, юксак масъулияти ва ижодий салоҳияти бугун ҳам кўпчилик учун ибрат намунасидир.

Шароф Рашидовнинг таваллуд топганига 109 йил тўлиши муносабати билан унинг ҳаёти ва фаолиятига яна бир бор назар ташлар эканмиз, беихтиёр бир ҳақиқатни англаймиз: буюклик фақат эгалланган лавозим ёки эришилган мартаба билан эмас, балки инсоннинг халқ ҳаётида қолдирган изи, эл ишончи ва ҳурмати билан белгиланади. Бугун мустақил Ўзбекистонимизда Шароф Рашидовнинг номи алоҳида эҳтиром ва эътибор билан тилга олинади. Унинг халқ олдидаги хизматлари, давлат бошқарувидаги фаолияти, ўзбек адабиётига қўшган ҳиссаси муносиб қадрланмоқда. У мураккаб тарихий шароитларда раҳбарлик масъулиятини зиммасига олган ҳолда, юртимиз тараққиёти, халқимизнинг турмуш фаровонлиги, маданият ва маърифат равнақи йўлида фаолият олиб борди. Албатта, Шароф Рашидов шахсини фақат давлат арбоби сифатида баҳолаш унинг серқирра фаолиятини тўлиқ ифода этмайди. У, аввало, нозик қалбли ижодкор, ҳаётни теран англаган адиб, инсон руҳиятини чуқур ҳис эта олган қалам соҳибидир. Раҳбарлик вазифалари қанчалик масъулиятли ва машаққатли бўлмасин, у адабиётга бўлган меҳрини бир лаҳза ҳам унутмаган. Ўзининг бой ҳаётий тажрибаси, беқиёс истеъдоди ва ижодий изланишлари орқали наср, назм ҳамда публицистика соҳаларида самарали ижод қилди. Унинг «Дил амри», «Қашмир қўшиғи», «Икки дил» каби достонлари, «Ғолиблар», «Бўрондан кучли», «Қудратли тўлқин» сингари асарлари китобхонлар қалбидан муносиб ўрин эгаллади. Бу асарларда инсон тақдири, ҳаёт синовлари, муҳаббат ва садоқат, жасорат, Ватанга муҳаббат, эзгулик ва инсонийлик каби мавзулар ўзининг бадиий ифодасини топган.

Шароф Рашидов ижодига хос энг муҳим жиҳатлардан бири — ҳаётни чуқур кузатиш, инсон қалбидаги кечинмаларни самимий ифодалаш ва воқеликка теран муносабатда бўлишдир. Унинг асарларини ўқир экансиз, ижодкорнинг халқ ҳаётига қанчалик яқин бўлганини, оддий инсонларнинг орзу-интилишлари ва ташвишларини қалбан ҳис этганини англайсиз. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов ҳам Шароф Рашидовнинг адабий маҳоратига юксак баҳо бериб, унинг ўз услуби, ўз тили ва адабиётимизда муносиб ўрни бўлган йирик реалист ёзувчи эканини таъкидлаган. Бу эътироф ижодкорнинг нафақат давлат арбоби, балки адабиёт майдонида ҳам ўз сўзи ва овозига эга бўлганини тасдиқлайди.

Шароф Рашидовнинг адабий муҳити, даврдош ижодкорлар билан муносабатлари ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. У Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Шуҳрат, Мирмуҳсин, Ҳамид Ғулом, Шукрулло каби ўзбек адабиётининг йирик намояндалари билан бир даврда ижод қилиб, миллий адабиётимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшди. Бу давр ўзбек адабиётининг мазмун ва шакл жиҳатидан бойиб борган, янги асарлар, янги ижодий изланишлар билан тўлган муҳим босқичларидан бири эди. Унинг ҳаётида ижод ва давлат бошқаруви бир-бири билан узвий боғлиқ кечди. Қанчалик мураккаб вазифалар, масъулиятли юмушлар зиммасида бўлмасин, у қаламга ҳам вақт ажратишга интилди. Бу эса унинг адабиётга бўлган самимий муҳаббати, ижодкорликка садоқати ва қалб бойлигидан далолат беради. Бугун унинг таваллуд санаси муносабати билан ҳаёти ва ижодига назар ташлар эканмиз, қалбимизда бир-бирига уйғун туйғулар — ҳурмат, миннатдорлик ва фахр ҳислари жўш уради. Чунки у ўз умрини халққа, Ватанга, адабиёт ва тараққиётга бағишлаган, номи тарих саҳифаларида муҳрланиб қолган улуғ сиймодир. 

Хурсаной АҲМЕДОВА,
Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот-кутубхона

маркази ахборот-кутубхона фондларини

сақлаш бўлими бош мутахассиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *