ХОНАДОНЛАРГА КИРИБ БОРАЁТГАН БАРАКА

Дўстлик туманида 500 та хонадонни чорвачиликка жалб этиш орқали оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган дастур амалга оширилмоқда.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантиришда ҳар бир ҳудуднинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим саналади. Айниқса, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик билан шуғулланиш учун қулай шароитга эга чекка ҳудудларда хонадон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолининг ўзини ўзи банд қилиши, мунтазам даромад манбаига эга бўлиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 23 февралдаги “Қишлоқ хўжалигида аҳоли бандлигини ошириш ва ер участкаларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилади.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Дўстлик туманидаги Бунёдкор, Саритепа, Манас, Наврўз, Қаҳрамон, Олтин водий ва Боғзор маҳаллаларида чорвачиликни ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда. Дастурга мувофиқ, мазкур маҳаллалардаги 500 та хонадонга жами 1 минг 500 бош наслли чорва моллари харид қилиш учун 50 миллиард сўм кредит маблағи ажратиш белгиланган.
– Дастур доирасида жорий йилнинг май ойидан бошлаб “Халқ банки” орқали 16,8 миллиард сўм кредит маблағи ўзлаштирилиб, 160 та хонадонда наслли чорва боқиш имконияти яратилди. Ҳозирга қадар хонадонларга 390 бош чорва моллари етказиб берилди, – дейди туман ҳокимлигининг Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Баҳодир Эрниёзов.
Унинг маълум қилишича, чорвачилик билан шуғулланиш истагини билдирган фуқароларга 100 миллион сўмгача кредит маблағи ажратилиб, улар маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари кўмагида наслли чорва молларини ўзлари танлаш имкониятига эга бўлмоқда.
Асосан, сут маҳсулдорлиги юқори бўлган симментал, голштин ва швед зотларига мансуб сигирлар харид қилинмоқда. Ушбу зотдаги сигирлардан кунига 25 литр ва ундан ортиқ сут соғиб олиш мумкин. Бу эса хонадон эгаларига сут маҳсулотларини сотиш орқали кундалик даромад олиш, кейинчалик чорва бош сонини кўпайтириш ҳисобига хўжалик имкониятларини янада кенгайтириш шароитини яратади.
Шу билан бирга уларни тўғри озиқлантириш, парваришлаш, касалликларнинг олдини олиш мақсадида ветеринария назорати ҳам йўлга қўйилган. Дастур доирасида етти маҳалланинг ҳар бирига ветеринария мутахассислари бириктирилган. Улар чорва молларининг ҳолатини мунтазам назорат қилиб боради.
Кредитлаш шартлари ҳам аҳоли учун қулайлик яратишга қаратилган. Хусусан, маблағлар тўрт йил муддатга, йиллик 17,5 фоиз ставкада, бир йиллик имтиёзли давр билан ажратилмоқда. Бундай ёндашув хонадонларга дастлаб чорва молларини парваришлаш, маҳсулот етиштириш ва сотишни йўлга қўйиш, кейин эса кредит мажбуриятларини бажариш учун зарур вақт ва имконият беради.
Дастурнинг аҳоли ўртасидаги қизиқиши ҳам ортиб бормоқда. Буни чорвачиликни йўлга қўйиш истагида бўлган хонадонлар сонидан ҳам билиш мумкин.
– Айни пайтда дастур доирасида яна 500 га яқин хонадон наслли чорва моллари харид қилиш учун кредит олиш истагини билдирган. Бу аҳоли ўртасида чорвачиликка қизиқиш ортиб бораётгани, одамлар ўз меҳнати ва имкониятларига таяниб даромад топишга интилаётганидан далолат беради, – дейди Баҳодир Эрниёзов.
Тумандаги мазкур ташаббус одамларга тайёр даромад эмас, балки ўз меҳнати, интилиши ва имкониятларига таяниб фаровон яшаш учун шароит яратмоқда. Яратилган имконият туфайли ҳар бир хонадонда бошланган кичик тадбиркорлик катта иқтисодий ўзгаришларга, ҳар бир оилада ортган барака эса маҳалла фаровонлигига хизмат қилади.

                                                                                                                                                                 Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *