Тадбиркорликда муваффақиятга эришиш учун ҳар доим ҳам катта сармоя ёки кенг имкониятлар талаб этилмайди. Баъзан изланиш ва таваккалчиликка журъат қилиш кифоя. Дўстлик туманидаги Олтин водий маҳалласида яшовчи Ойбек Қодировнинг туяқушчиликни йўлга қўйиши ана шундай иштиёқдан бошланган.
– Етти йил олдин яқин қариндошимнинг туяқушчиликни ривожлантириш мумкинлиги ҳақидаги таклифи мени қизиқтириб қўйди. Дастлаб тўртта туяқуш олиб келиб, ишни бошладим. Аввалига тажрибам етишмаган. Туяқушларни ортиқча семиртириб юборганмиз. Тана тез ривожланган, аммо оёқлари унинг вазнини кўтаришга тайёр бўлмаган. Оқибатда улар нобуд бўлишди. Кейинчалик уларни парваришлашда озуқа таркибига, айниқса, кальций миқдорига эътибор бериш кераклигини тушундим, — дейди тадбиркор.

У бу йўналишда Бухоро ва Қорақалпоғистонга бориб, туяқушчилик билан шуғулланаётган хўжаликлар фаолиятини ўрганди. Парваришловчилар билан бевосита мулоқот қилди, уларнинг кундалик тажрибаси, озиқлантириш усуллари ва сақлаш шароитлари билан танишди.
16 сотих ер майдонида туяқушларни парваришлаш учун алоҳида шароит яратди. Инкубаторхона, ёш полапонлар учун жой, озуқа сақлаш ва карантин ҳудудлари ташкил этилган. Тадбиркорнинг айтишича, тухумдан очирилган жўжаларни дастлабки 40 кун давомида алоҳида назорат қилиш, уларнинг озиқланиши ва оёқлари ривожланишига эътибор қаратиш муҳим.
Ойбек Қодиров туяқушчиликни танлашда, аввало, бу қушларнинг турли иқлим шароитларига мослаша олиш хусусиятига эътибор қаратган. Унинг кузатишларига кўра, туяқушлар ёзнинг иссиқ кунларига ҳам, қишнинг совуғига ҳам чидамли.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, туяқушчилик бир нечта йўналишда даромад келтиради. Гўшти, тухуми, териси ва пати турли мақсадларда ишлатилади. Айниқса, парҳезбоп гўшт сифатида қадрланиши унинг бозордаги истиқболини белгилайди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, бир бош туяқуш бир йиллик парвариш давомида 140–150 килограммгача гўшт бериш имкониятига эга. Тухум бериш ёшига етган урғочи туяқушдан бир мавсумда 200 тагача ва ундан ортиқ тухум олиш мумкин.
Тадбиркор ҳозирча асосий эътиборни наслни кўпайтириш ва хўжаликни кенгайтиришга қаратган.
— Туяқушларни инкубатор орқали кўпайтиришни режалаштирганман. Насл кўпайса, хўжаликни янада кенгайтириш имконияти пайдо бўлади, — дейди у.
Келгусида тадбиркор гўштчилик билан бир қаторда терини қайта ишлаш ва сотиш йўналишини ҳам ривожлантиришни мақсад қилган. Чунки туяқуш териси хориж бозорларида қимматбаҳо хомашё ҳисобланади.
Орзулари осмон, мақсади аниқ қаҳрамонимизга унинг уч нафар ўғли ва неваралари кўмак бериш билан бирга туяқушчилик борасидаги тажрибаларини ҳам орттириб боришаяпти. Асосий иши сув таъминоти соҳасида бўлган тадбиркор оилавий тадбиркорликни кенгайтириб қўшимча иш ўринларини яратишни ҳам ният қилган.
Шаҳноза МАНСУРОВА,
Ботир ҚУДРАТОВ олган сурат.