САЛОМАТЛИК МАНЗИЛИ–ИНСОН ҚАДРИ УСТУВОР МАСКАН

Инсон учун саломатликдан азиз неъмат йўқ. Бу неъматни асраш, касалликларнинг олдини олиш, дардга ўз вақтида ташхис қўйиб, самарали даволаш эса тиббиёт ходимларининг зиммасига катта масъулият юклайди. Айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида фаолият юритаётган оилавий поликлиникалар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутади.

Жиззах шаҳрида фаолият кўрсатаётган 3-сонли оилавий поликлиника ҳамда унинг Хайробод филиали ҳам ана шундай масъулиятли вазифани адо этиб келаётган тиббиёт муассасаларидан биридир. Муассаса бириктирилган Сангзор, Улуғбек, Алишер Навоий, Наврўз, Ҳамид Олимжон, Шодлик, Тошлоқ маҳаллаларида истиқомат қилувчи 34 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Бу эса поликлиника жамоасидан нафақат касбий маҳорат, балки юксак масъулият, фидойилик ва ҳар бир беморга алоҳида эътибор билан ёндашишни талаб этади.

–Поликлиника фаолиятининг асосий йўналиши аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни эрта аниқлаш, профилактик кўрикларни ташкил этиш, сурункали хасталикларга чалинган беморларни мунтазам назорат қилиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдан иборат,– деди муассаса бош шифокори Алишер Усмонов. –Зеро, замонавий тиббиётда касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш ва дастлабки босқичида аниқлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис поликлиника фаолиятида профилактика тадбирлари, аҳоли билан манзилли ишлаш, хонадонбай ўрганиш ва тиббий кузатув ишларига алоҳида эътибор қаратилади. Еттита маҳаллада яшовчи 34 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш осон вазифа эмас. Бунинг учун  Мавлуда Усмонова, Зулфия Соатова, Шавкат Абдураҳмонов, Алишер Исмоилов, Галя Искандарова каби 20 нафарга яқин малакали шифокорлар, 71 нафар ҳамширалар аҳоли таркибини, уларнинг саломатлик ҳолатини, мавжуд касалликлар ва тиббий эҳтиёжларини яхши билиш талаб этилади. Айниқса, кекса ёшдагилар, ногиронлиги бўлган шахслар, доимий тиббий назоратга муҳтож беморлар, ҳомиладор аёллар ҳамда болалар билан ишлашда манзилли ёндашув муҳимдир.

Дарҳақиқат, бирламчи тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш, беморларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва зарур ҳолларда мутахассисларга йўналтириш тизимининг самарали ишлашига эътибор қаратилади. Бунда оилавий шифокорнинг ўрни беқиёс. Чунки у нафақат беморни кўрикдан ўтказади, балки унинг саломатлик ҳолатини мунтазам кузатиб боради, зарур тавсиялар беради ва касалликларнинг олдини олиш чораларини белгилайди.
Аҳоли ўртасида юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, қон босими билан боғлиқ хасталикларни эрта аниқлаш, уларнинг асоратларини камайтириш ҳамда соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликнинг аҳамиятини тушунтириш ҳам бирламчи тиббий хизматнинг муҳим вазифаларидандир.

Бугун соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тиббий хизматни рақамлаштириш, ортиқча қоғозбозликни камайтириш ва беморлар учун қулайлик яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шу нуқтаи назардан, 3-сонли оилавий поликлиника фаолиятида DMED электрон ахборот тизимидан фойдаланиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мазкур тизим тиббий маълумотларни электрон шаклда юритиш, беморларнинг мурожаатлари ва тиббий кузатувларини тизимлаштириш, шифокорлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда маълумотлар билан тезкор ишлаш имкониятларини яратади.

–Илгари беморнинг тиббий тарихи, таҳлил натижалари ва бошқа маълумотларини турли қоғоз ҳужжатлардан излашга вақт сарфланган бўлса, электрон тизим бу жараёнларни анча қулайлаштиришга хизмат қилади, –деди поликлиника бош ҳамшираси Феруза БОБОЕВА. –Энг муҳими, рақамлаштириш шифокор ва бемор ўртасидаги мулоқот самарадорлигини ошириш, тиббий хизматда вақтдан унумли фойдаланиш ва маълумотлар изчиллигини таъминлашга кўмаклашади. DMED тизими орқали электрон тиббий маълумотлар билан ишлаш, беморларнинг тиббий кузатувини тартибга солиш ва зарур маълумотларни тезкор олиш имконияти кенгаяди. Бу эса тиббиёт ходимларининг ишини енгиллаштириш билан бирга, аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини оширишга ҳам хизмат қилади. Албатта, ҳар қандай рақамли технологиянинг самараси ундан фойдаланаётган мутахассисларнинг билими ва масъулиятига ҳам боғлиқ. Шунинг учун тиббиёт ходимларининг электрон тизим билан ишлаш кўникмаларини такомиллаштириб бориш муҳимдир.

Жиззах шаҳридаги 3-сонли оилавий поликлиника зиммасига юклатилган вазифалар кўлами кенг. Аҳолининг саломатлиги йўлидаги масъулият, замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш, профилактик тадбирларни кучайтириш ва тиббий хизматни янада такомиллаштириш бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, тиббиётнинг ҳақиқий самараси фақат даволанган беморлар сони билан эмас, балки касалликларнинг олди олингани, инсонлар ўзини соғлом ва хотиржам ҳис этаётгани билан ҳам ўлчанади. Саломатлик посбонларининг ҳар кунги меҳнати ортида эса минглаб инсонларнинг ҳаёти, оилаларнинг хотиржамлиги ва жамият фаровонлиги мужассамдир.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА,

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган суратлар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *