ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИДА ЗИЁЛИЛАР КЕНГАШИ ЙИҒИЛИШИ БОШЛАНДИ

Жиззах вилоятида “Ўзбекистон зиёлилари кенгаши”ни ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйишга бағишланган икки кунлик ҳудудий кенгаш дастури бошланди.

Тадбир аввалида иштирокчилар атоқли давлат ва жамоат арбоби, адиб Шароф Рашидов ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Шундан сўнг ўзбек адабиётининг забардаст намояндалари Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, шоирлар хотирасига еҳтиром кўрсатдилар ҳамда улар ҳаёти ва ижодига бағишланган музей экспозициялари билан танишдилар.

Икки кунлик кенгашнинг асосий мақсади — ҳудудларда зиёлилар фаолиятини бирлаштириш, уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кучайтириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда таълим, адабиёт, маданият ва бошқа соҳалардаги долзарб масалалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Дастурга кўра, бугун кенгашнинг биринчи кунида умумий йиғилиш ва еттита шўба доирасида муҳокамалар ташкил этилмоқда. Унда ҳудуддаги мавжуд муаммолар, амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилади. Кун якунида шўбаларда илгари сурилган таклифлар умумлаштирилади.

Эртага эса шўбалар хулосалари тақдим этилиб, таклифлар муҳокама қилинади ва ҳудудий кенгаш фаолиятининг якуний йўналишлари белгилаб олинади.

Худойберди ЗИЁТОВ.

Ботир ҚУДРАТОВ олган суратлар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *